Қозоғистон Трампнинг Тинчлик кенгашига кириш учун 1 млрд доллар тўламади

Қозоғистон президенти Давосда Тинчлик кенгаши уставини имзолади, бироқ мамлакат ушбу тузилмага ҳеч қандай молиявий бадал тўламасдан қўшилган.

Қозоғистон Трампнинг Тинчлик кенгашига кириш учун 1 млрд доллар тўламади

Қозоғистон АҚШ президенти Доналд Трамп ташаббуси билан ташкил этилган Тинчлик кенгашига ҳеч қандай молиявий бадал тўламасдан қўшилган. Бу ҳақда Оқўрда матбуот хизматига таяниб «Казинформ» давлат ахборот агентлиги хабар берди.

«Тинчлик кенгашига аъзо бўлиш учун фақат давлатнинг суверен қарори талаб этилади. Кенгашга кирган пайтдан бошлаб давлатнинг унда бўлиш муддати уч йилни ташкил қилади. Уставда тилга олинган 1 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги ихтиёрий бадал аъзолик шарти ҳисобланмайди. Бу ҳар бир иштирокчининг ҳуқуқидир», — дейилади Оқўрда матбуот хизмати хабарида.

Тушунтирилишича, агар 1 миллиард доллар миқдоридаги бадал биринчи йил ичида тўланса, давлат белгиланган уч йиллик муддатдан ташқари кенгашда қолиш имкониятига эга бўлади.

«Қозоғистон Тинчлик кенгашига ҳеч қандай молиявий бадал тўламасдан кирди, бу эса устав қоидаларига тўлиқ мос келади», — дея таъкидлади Оқўрда.

22 январь куни Швейцариянинг Давос шаҳрида бўлиб ўтган Жаҳон иқтисодий форуми доирасида Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ҳам Тинчлик кенгаши уставини имзолади. Маросимда Қозоғистон президенти билан бирга 18 та давлат раҳбарлари ва вакиллари иштирок этди. Ҳужжатни имзолаганлар орасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам бор эди. Ўзбекистон Президентининг ташқи сиёсат бўйича маслаҳатчиси Абдулазиз Комилов мамлакатнинг Тинчлик кенгашига қўшилиши миллий хавфсизлик масалалари билан боғлиқ эканини тушунтирди.

«Bloomberg» агентлигининг ёзишича, АҚШ раҳбарияти Тинчлик кенгашида доимий ўрин олишни истаган давлатлардан камида 1 миллиард доллар миқдорида бадал киритишни сўраган.

Teglar

Mavzuga oid