Logo

Сув омборлари ва уларга туташ ҳудудларда туризм хизматлари йўлга қўйилади

Bugun 14:552 daqiqa

Ўзбекистонда сув омборлари ва уларга туташ ҳудудлардаги бўш, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларида туризм хизматлари ҳамда рекреация объектларини ташкил этиш тартиби тасдиқланди.

Сув омборлари ва уларга туташ ҳудудларда туризм хизматлари йўлга қўйилади © Foto: Wikipedia

Ўзбекистонда сув омборлари ва уларга туташ бўш ерларда туристик объектлар ташкил этилади. Бу ҳақда 2026-йил 5-ноябрдаги 609-сонли Ҳукумат қарори билан тасдиқланган «Сув омборлари ва уларга туташ ҳудудлардаги бўш турган қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларида туризм хизматларини ташкил этиш тартиби тўғрисида»ги низомда маълум қилинди.

Ҳужжатга кўра, мазкур ҳудудларда туристик объектларни жойлаштиришда дам олувчиларнинг хавфсизлиги ва атроф-муҳит тозалигига қатъий талаблар қўйилган.

Хусусан, сув омборлари атрофида хизмат кўрсатувчилар қутқарув хизматини ташкил этиши ёки профессионал қутқарув тузилмалари билан шартнома тузган ҳолда навбатчилик хизматини йўлга қўйиши шарт қилиб белгиланди.

Шу билан бирга, ҳудудда кичик ҳажмли кемалар ва улар турадиган базалардан (иншоотлардан) хавфсиз фойдаланиш қоидаларига тўлиқ риоя қилиниши талаб этилади. Экологик барқарорликни таъминлаш мақсадида туризм объектларида ҳосил бўладиган маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш бўйича хизмат кўрсатувчи ташкилотлар билан мажбурий тартибда шартномалар тузилади.

Ер ажратиш тартиби ва рақамли инфратузилма


Сув омборлари атрофида туризм хизматларини ташкил этиш учун мўлжалланган ер участкалари қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда фақатгина электрон онлайн-аукцион савдолари орқали тадбиркорларга ажратиб берилади.

Объектларни қуриш ва жойлаштириш жараёнида табиий хавф-хатарлар ва муҳофаза ҳудудлари қатъий ҳисобга олинади. Жумладан, сувни муҳофаза қилиш зоналари, санитария муҳофаза қилиш зоналари, шунингдек, сел ва кўчки хавфи юқори бўлган ҳудудларда қурилиш ва жойлаштириш ишларига йўл қўйилмаслиги кўзда тутилган.

Бундан ташқари, мазкур туристик ҳудудларда замонавий хизмат кўрсатишни таъминлаш мақсадида рақамли инфратузилма кенг жорий этилади. Сайёҳлар учун қулайлик яратиш мақсадида рақамли хариталар, онлайн брон қилиш тизимлари ҳамда QR-кодли навигация воситалари ишга туширилиши белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ сув омборлари атрофида туризм хизматларини ташкил этган тадбиркорларга имтиёзлар берилиши ҳақида хабар берилганди.

Teglar

Mavzuga oid

Сув омборлари ва уларга туташ ҳудудларда туризм хизматлари йўлга қўйилади | Vaqt.uz