132 та қурилиш компаниясининг шартномасида харидорлар ҳуқуқини чекловчи бандлар аниқланди
Айрим шартномаларда харидор битимни бекор қилса, тўлаган пулининг 4–15 фоизини ушлаб қолиш ёки маблағни хонадон бошқа харидорга сотилгандан кейингина қайтариш шарти белгиланган. Шунингдек, қурувчига уй нархини бир томонлама ошириш имконияти берилган, қурилиш кечиктирилган тақдирда эса компания учун жарима назарда тутилмаган.
© Foto: ForbesРақобат қўмитаси 2026-йилнинг дастлабки тўққиз ойида қурилиш сифати ва хонадонларнинг ўз вақтида топширилмагани юзасидан фуқаролардан 1 минг 700 дан ортиқ мурожаат олган. Мурожаатларни ўрганиш давомида 132 та қурилиш ташкилоти билан тузилган шартномаларда харидорлар манфаатига зид бандлар борлиги аниқланган.
Қўмита маълумотига кўра, кўрилган чоралар натижасида истеъмолчилар фойдасига қарийб 14,5 млрд сўмлик қайта ҳисоб-китоб қилиниши таъминланган.
Қайси ҳудудларда шартномалар ўрганилган?
Текширув доирасида тураржой қурилишида улушли иштирок этиш бўйича 132 та шартнома таҳлил қилинган. Уларнинг энг кўпи Тошкент шаҳридаги қурилиш ташкилотларига тўғри келади. Ҳудудлар кесимида натижалар қуйидагича:
№ | Hudud nomi | Soni (ta) |
1 | Toshkent shahri | 17 |
2 | Namangan viloyati | 15 |
3 | Navoiy viloyati | 15 |
4 | Toshkent viloyati | 15 |
5 | Buxoro viloyati | 13 |
6 | Surxondaryo viloyati | 13 |
7 | Farg‘ona viloyati | 10 |
8 | Xorazm viloyati | 10 |
9 | Andijon viloyati | 9 |
10 | Sirdaryo viloyati | 8 |
11 | Jizzax viloyati | 4 |
12 | Qashqadaryo viloyati | 3 |
Шартномаларда қандай камчиликлар аниқланган?
Ўрганилган шартномаларнинг 77,3 фоизида битим бекор қилинганда харидорга пулни қайтариш муддати аниқ белгиланмаган ёки бу муддат дастлабки тўлов шартларига мос келмаган. Яна 63,6 фоизида хонадон топширилгандан кейинги кафолат муддати кўрсатилмаган.
Шартномаларнинг 54,5 фоизида кафолат даврида аниқланган нуқсонларни қурувчи томонидан бартараф этиш мажбурияти белгиланмаган. 50,8 фоизида эса қурилиш муддати кечиктирилган тақдирда қурувчи тўлаши керак бўлган пеня назарда тутилмаган.
Бундан ташқари, шартномаларнинг 33,3 фоизида объектни топширишнинг аниқ муддати кўрсатилмаган.
Қўмита яна айрим шартномалар фақат қурувчи манфаатларини ҳисобга олганини қайд этган. Бундай ҳужжатлар улуши 59,1 фоизни ташкил қилган. Шартномаларнинг 30,3 фоизи давлат тилида эмас, рус тилида тузилган. 49,2 фоизида эса истеъмолчилар ҳуқуқларини чекловчи бошқа шартлар аниқланган.
Шартномада харидорлар учун қандай чекловлар бор?
Текширувда айрим қурилиш компаниялари шартномага харидор учун ноқулай талабларни ҳам киритгани маълум бўлган. Масалан, харидор битимни ўз ташаббуси билан бекор қилса, тўлаган маблағининг 4–15 фоизини ушлаб қолиш белгиланган. Бошқа ҳолатларда эса пул фақат хонадон қайта сотилгандан кейин қайтарилиши белгиланган.
Шунингдек, айрим шартномаларда қурувчига уй нархини бир томонлама ошириш ҳуқуқи берилган, харидор учун эса юқори миқдорда пеня белгиланган. Бундай шартлар томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тенг бўлишига тўсқинлик қилади.
Қўмита аниқланган камчиликлар юзасидан тегишли идораларга таклифлар киритган. Фуқароларга хонадон сотиб олишдан олдин шартномани диққат билан ўқиб чиқиш, айниқса, тўловни қайтариш, қурилиш муддатлари ва кафолат шартларига эътибор бериш тавсия этилган. Шубҳали ёки қонунчиликка зид бандлар бўлса, ҳуқуқшунос билан маслаҳатлашиш лозим.
Эслатиб ўтамиз, 2026-йилнинг дастлабки тўққиз ойида Ўзбекистонда 3 минг 166 та ноқонуний қурилиш объекти буздирилган. Шу даврда қурилиш ишлари ҳажми 339,3 трлн сўмга етиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 12,3 фоизга ошган.





