Logo

Ташқи реклама учун электр тўловидаги уч карра тарифни бекор қилиш таклиф этилди

Bugun 20:062 daqiqa

Бизнес-омбудсман электр энергияси учун тўлов тартибига ўзгартириш киритишни назарда тутувчи қарор лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйди.

Ташқи реклама учун электр тўловидаги уч карра тарифни бекор қилиш таклиф этилди © Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva

Бизнес-омбудсман электр энергияси учун тўлов тартибига ўзгартириш киритишни назарда тутувчи қарор лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйди. Лойиҳага кўра, ташқи реклама ва ахборот объектлари учун сарфланган электр энергиясини уч карра оширувчи коэффициент билан ҳисоблаш тартибини бекор қилиб, стандарт тўловга ўтиш таклиф этилмоқда.

Уч карралик тариф бекор қилинади

Амалдаги қоидаларга кўра, ёритиш мосламалари, гирляндалар, ташқи реклама конструкциялари, видеоэкранлар, электрон дисплейлар, медиафасадлар ва бошқа техник воситалар учун электр энергияси II тариф гуруҳи бўйича уч карра оширувчи коэффициент билан ҳисобланади.

Бизнес-омбудсман мажбурий ёритиш мосламалари ва белгилари ҳамда пешлавҳаларнинг энергия истеъмоли учун қўлланилаётган ушбу нормани қоидалардан чиқариб ташлашни таклиф қилмоқда. Бу ҳолда ташқи реклама объектлари учун электр энергияси оддий тартибда тўланади.

Жарима қўллашдан олдин имконият берилади

Қарор лойиҳаси билан ёқилғи-энергетика ресурсларидан фойдаланишда аниқланган ҳуқуқбузарлик ҳолатларини тадбиркорлар томонидан ихтиёрий равишда бартараф этиш имконияти яратилмоқда. Энди ваколатли орган молиявий санкция қўллаш тўғрисида қарор қабул қилишдан олдин хўжалик юритувчи субъектга қоидабузарликни бартараф этиш ва етказилган зарарни тўлиқ қоплаш учун ўн иш кунидан кам бўлмаган муддатга ёзма кўрсатма бериши керак бўлади.

Лойиҳада белгиланишича: «Хўжалик юритувчи субъект кўрсатмани белгиланган муддатда тўлиқ бажарган, ҳуқуқбузарликни бартараф этган ва етказилган зарарнинг ўрнини тўлиқ қоплаган тақдирда, унга нисбатан молиявий санкция қўлланилмайди».

Кўрсатма белгиланган муддатда бажарилмаган ёки лозим даражада бажарилмаган тақдирдагина ваколатли орган беш иш куни ичида молиявий санкция қўллаш тўғрисида қарор қабул қилади.

Кадастр паспортини олиш рақамлаштирилади

Шунингдек, техноген хавфи юқори бўлган зоналар кадастр паспортини олиш тартиби тўлиқ электрон шаклга ўтказилмоқда. Аризалар Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки махсус автоматлаштирилган тизим орқали юборилади. Қоғоз шаклда ҳужжат тақдим этиш талаб қилинмайди.

Ваколатли орган аризани ўн иш куни ичида кўриб чиқиб, кадастр паспортини тасдиқлаш тўғрисида қарор қабул қилади. Давлат органларида мавжуд бўлган ҳужжат ва маълумотларни ариза берувчидан талаб қилиш тақиқланади — улар идоралараро электрон ҳамкорлик тизими орқали мустақил равишда олинади.

regulation.adliya.uz порталига жойлаштирилган мазкур ҳужжат лойиҳаси муҳокамаси 14 октябрга қадар давом этади.

Teglar

Mavzuga oid