Ўзбекистон Россиядан энг кўп нима сотиб олмоқда?
2026 йилнинг дастлабки ўн ойида Россиядан Ўзбекистонга 1,4 млн тоннадан ортиқ агросаноат маҳсулоти келтирилди. Етказиб бериш ҳажми бир йилда 60 фоизга ошган.
© Ijtimoiy tarmoqlar2026 йил январ–октябр ойларида Россия Ўзбекистонга 1,4 млн тоннадан зиёд қишлоқ хўжалиги ва агросаноат маҳсулотларини экспорт қилди. Уларнинг умумий қиймати 1,2 млрд доллардан ошди. Россиянинг «Агроэкспорт» федерал маркази маълумотларига кўра, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан экспортнинг физик ҳажми 60 фоизга, қиймати эса 32 фоизга кўпайган.
Шу тариқа, дастлабки ўн ойлик кўрсаткич Россиянинг 2025 йил давомида Ўзбекистонга амалга оширган жами агроэкспорт ҳажмидан ошиб кетди. Марказ бу натижани кузатувлар тарихидаги энг юқори кўрсаткич деб баҳолади.
Қайд этиш жоизки, маълумотлар «Агроэкспорт» марказининг эксперт баҳоларига таянади ва Россия томонининг экспорт статистикасини акс эттиради. Ҳисоблаш методологиясидаги фарқлар сабаб улар Ўзбекистон божхона статистикасидан бироз фарқ қилиши мумкин.
Ўзбекистонга қайси маҳсулотлар кўпроқ етказиб берилмоқда?
Россия агросаноат экспорти таркибида шакар етакчилик қилмоқда — 2026 йилнинг ўн ойида Ўзбекистонга қарийб 274 млн долларлик шакар етказиб берилган. Кейинги ўринлардан чорва озуқаси сифатида ишлатиладиган соя кунжараси ва шроти, шоколад маҳсулотлари, кунгабоқар ёғи ҳамда буғдой жой олган.
Россия томони маълумотларига кўра, экспортнинг асосий беш тури:
Маҳсулот | Экспорт қиймати |
Шакар | 274 млн доллар |
Соя кунжараси ва шроти | 139 млн доллар |
Шоколад маҳсулотлари | 93 млн доллар |
Кунгабоқар ёғи | 60 млн доллардан ортиқ |
Буғдой | 52 млн доллар |
Россия экспортининг ўсиши Ўзбекистон импорт бозори билан боғлиқ
Ўзбекистонда озиқ-овқат маҳсулотлари импорти ҳам изчил ўсиб бормоқда. Миллий статистика қўмитасининг дастлабки маълумотларига кўра, 2026 йил январ–сентябр ойларида мамлакатга 4,22 млрд долларлик озиқ-овқат маҳсулотлари ва тирик ҳайвонлар импорт қилинган — бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 37,5 фоизга кўп.
Импорт таркибида энг йирик улуш дон маҳсулотларига тўғри келиб, 1,11 млрд долларни ташкил этган (йиллик ўсиш — 59,4 фоиз). Шакар, шакардан тайёрланган маҳсулотлар ва асал импорти эса 521,2 млн долларга етиб, бир йилда 35,9 фоизга ошган.
Маҳсулот гуруҳи | Импорт қиймати | Йиллик ўзгариш |
Дон ва дон маҳсулотлари | 1,11 млрд доллар | +59,4% |
Гўшт ва гўшт маҳсулотлари | 779,3 млн доллар | +32,2% |
Шакар ва шакар маҳсулотлари | 521,2 млн доллар | +35,9% |
Қаҳва, чой, какао ва зираворлар | 418,4 млн доллар | +23% |
Сабзавот ва мевалар | 412,9 млн доллар | +24,9% |
Россия Ўзбекистонга шоколад етказиб беришда етакчи
Россиядан келаётган агросаноат маҳсулотлари орасида шоколад ва қандолат маҳсулотлари ҳам катта улушга эга. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йил январ–июл ойларида Ўзбекистон 46 та давлатдан 123,7 млн долларлик 28,5 минг тонна шоколад маҳсулотлари импорт қилган.
Шундан 19,5 минг тоннаси — яъни жами импортнинг қарийб 68 фоизи Россия ҳиссасига тўғри келган. Кейинги ўринларни Украина (2,2 минг тонна), Қозоғистон (914 тонна), Беларус (805,2 тонна) ва Литва (746,2 тонна) эгаллаган. Шоколад импортининг умумий ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 6 фоизга ўсган бўлиб, Россия Ўзбекистон бозори учун асосий таъминотчи мақомини сақлаб турибди.
Ўсиш бир йиллик жараён эмас
Россиянинг Ўзбекистонга агросаноат экспорти аввалги йилларда ҳам барқарор ўсиб келган. «Агроэкспорт» маркази маълумотларига кўра, 2025 йилда Россия Ўзбекистонга 1,2 млрд долларлик 1,15 млн тоннадан ортиқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб берган — бу 2024 йилга нисбатан қиймат бўйича 19 фоизга, физик ҳажм бўйича 17 фоизга кўп.
Ўша йили ҳам экспорт таркибида шакар етакчилик қилган. Кейинги поғоналардан шоколад маҳсулотлари (107 млн доллар), соя кунжараси ва шроти (74 млн доллар), кунгабоқар ёғи (66 млн доллар) ҳамда маргарин (52 млн доллар) жой олган. 2026 йилнинг дастлабки ўн ойидаги 1,4 млн тоннадан ортиқ натижа эса ўтган йилги тўлиқ кўрсаткичдан ҳам юқори.
«Агроэкспорт» маркази раҳбари Иля Илюшиннинг сўзларига кўра, 2018–2025 йилларда икки давлат ўртасидаги агросаноат савдоси уч баравар ошган. Марказ Ўзбекистон билан савдони янада кенгайтириш учун шакар, балиқ ва денгиз маҳсулотлари, парранда гўшти, тайёр гўшт маҳсулотлари, ичимликлар ҳамда болалар озиқ-овқатини истиқболли йўналишлар сифатида кўрсатмоқда.
Россия компаниялари Ўзбекистон бозоридаги иштирокини кенгайтирмоқда
Экспорт ҳажми ортиб бораётган бир пайтда Россия агросаноат компаниялари Ўзбекистондаги ҳамкорлар билан алоқаларни янада фаоллаштирмоқда. Interfax хабарига кўра, 2026 йил 18 ноябр куни Тошкентда Россиянинг қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини экспорт қилувчи 50 дан ортиқ компанияси иштирокида бизнес миссияси иш бошлаган.
Тадбирда «Агроэкспорт» маркази, Россиянинг тегишли давлат идоралари, илмий-тадқиқот ташкилотлари ва қишлоқ хўжалиги университетлари вакиллари ҳам қатнашган. Дастур доирасида ўсимлик навларини яратиш ва уруғчилик, таълим ва илмий ҳамкорлик, меҳмонхона-ресторан бизнеси, чакана савдо ҳамда электрон тижорат йўналишларида давра суҳбатлари, шунингдек, маҳаллий импортчилар, дистрибюторлар, улгуржи ва чакана савдо компаниялари билан 200 дан ортиқ B2B учрашувлар ўтказиш режалаштирилган.





