Тошкентнинг транспорт бош режаси ишлаб чиқилмоқда

Bugun 10:592 daqiqa

Пойтахтда ишга туширилаётган янги тизим доирасида светофорлар транспорт оқимининг интенсивлигига қараб автоматик равишда мослашади. Махсус камералар ва датчиклар чорраҳадаги транспорт оқимини кузатиб, зарур йўналишларда «яшил чироқ» вақтини узайтиради.

Тошкентнинг транспорт бош режаси ишлаб чиқилмоқда

Тошкент шаҳрида Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази (ЙҲТЭМ) томонидан хорижий мутахассислар билан ҳамкорликда транспопт бош режаси ишлаб чиқилмоқда. Бу ҳақда бугун, 12-март куни марказда ўтаётган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Транспорт бош режасида автобусларнинг оптимизация қилиш, яъни автобус йўналишлари қантай ташкил этилиши кераклиги, қаерда тунел, қаерда кўприк бўлиши кераклиги, қайси жойда автотураргоҳ бўлиши кераклигига эътибор қаратилмоқда.

Нималар ўзгаряпти?

Шунингдек, пойтахт чорраҳаларини ягона интеллектуал тизимга бирлаштиришга қаратилган рақамли трансформация жараёни босқичма-босқич жорий этилмоқда. Мазкур лойиҳа доирасида транспорт оқимини реал вақт режимида таҳлил қиладиган «ақлли» тизим жорий этилмоқда.

2

Янги тизим доирасида светофорлар транспорт оқимининг интенсивлигига қараб автоматик равишда мослашади. Махсус камералар ва датчиклар чорраҳадаги транспорт оқимини кузатиб боради ва зарур йўналишларда «яшил чироқ» вақтини узайтиради.

Шунингдек, жамоат транспортига устуворлик бериш механизми ҳам жорий этилмоқда. GPS-мониторинг орқали светофорлар яқинлашаётган автобусни аниқлайди ва унга устувор ҳаракат имконини беради. Натижада автобуслар бекатларга тезроқ етиб боради ва йўловчиларнинг кутиш вақти қисқаради.

Йўл-транспорт ҳодисалари бўйича маълумотлар ҳам рақамлаштирилиб, ягона харитага жойлаштирилган. Бу муҳандисларга тирбандликлар ва хавфли ҳудудларни олдиндан аниқлаш ҳамда ҳаракат схемасини такомиллаштириш имконини беради.

Тизим кўлами

Ҳозирги кунда тизимга 125 та муҳим чорраҳа уланган. 2026-йилда 545 та объектни тизимга улаш режалаштирилган. Умуман олганда, Тошкент шаҳрида қарийб 1000 та светофорли чорраҳа мавжуд.

Ҳар бир «ақлли» чорраҳа камида 4 та камера ва транспорт оқими зичлигини ўлчовчи датчиклар билан жиҳозланади. Тизимни бошқариш ва таҳлил қилиш жараёнларида 30 дан ортиқ транспорт муҳандислари, IT-таҳлилчилар ҳамда халқаро экспертлардан иборат жамоа фаолият олиб бормоқда.

Билдирилишича, тизимнинг узлуксиз ишлаши учун бир неча даражадаги ҳимоя механизмлари жорий этилган. Алоқа узилиб қолган тақдирда светофорлар автоном режимда ишлашни давом эттиради. Серверлар ва алоқа каналлари захира тизимлар билан таъминланган, зарурат бўлганда мутахассислар жараёнга масофадан туриб аралашиши мумкин.

Лойиҳа тарихи

Маълумот учун, лойиҳа бир неча босқичда шаклланган. 2024-йил 5-март куни Тошкент чорраҳаларини тартибга солиш концепцияси тақдим этилган. 2024-йилда Бобур ва Фурқат кўчалари кесишмасида адаптив бошқарув тизими синов тариқасида жорий этилган.

2025-йил 4-декабрда президентнинг Тошкент шаҳрида транспорт тизимини бошқаришни такомиллаштириш ва тирбандликларнинг олдини олиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳақидаги қарори қабул қилинди.

2026-йилдан тизимни кенг жорий этиш босқичи бошланди. Бунда штат шакллантирилмоқда, регламентлар ишлаб чиқилмоқда ва светофорлар автоматлаштирилган бошқарув тизимига босқичма-босқич уланмоқда.

Teglar

Mavzuga oid