Logo

Трамп АҚШнинг кейинги президенти сифатида кимни кўришини айтди

Bugun 20:352 daqiqa

АҚШ Конституциясига мувофиқ, Доналд Трамп икки мартадан ортиқ президент этиб сайланиши мумкин эмас.

Трамп АҚШнинг кейинги президенти сифатида кимни кўришини айтди

Америка Қўшма Штатлари президенти Доналд Трамп хусусий суҳбатларда вице-президент Жей Ди Вэнсни 2028 йилги президентлик сайловларида Республикачилар партиясининг номзоди сифатида кўришни исташини билдирган. Бу ҳақда «The Washington Post» манбаларига таяниб хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, Трамп яқинда партия донорлари билан учрашув чоғида 2028 йилги президентлик сайловларида Вэнснинг ғалаба қозонишини исташини айтган.

«Президент маслаҳатчиларидан бири, донорлар билан бўлиб ўтган суҳбат мазмунидан хабардор манбанинг айтишича, Трамп хусусий тарзда айнан Вэнс Республикачилар партиясидаги етакчиликнинг вориси бўлиши керак, деган қарорга келган», — дейилади «The Washington Post» хабарида.

Рубио сайловлар ҳақидаги муҳокамалардан четда турмоқда

Нашрнинг қайд этишича, давлат котиби Марко Рубио, Трамп томонидан 2028 йилги эҳтимолий республикачи номзодлардан бири сифатида тилга олинган бўлса-да, президентлик сайловлари ҳақидаги муҳокамалардан четда қолишга ҳаракат қилмоқда.

Аввалроқ, июл ойи бошида «Associated Press» Рубио ёрдамчиларига таяниб, давлат котиби агар Жей Ди Вэнс Республикачилар партиясидан президентликка номзод бўлиш учун курашишга қарор қилса, унга йўл беришга тайёр эканини хабар қилган эди.

2028 йил ноябрида бўлиб ўтадиган президентлик сайловлари олдидан Республикачилар партияси янги номзодни аниқлаши керак бўлади. АҚШ Конституциясига мувофиқ, Доналд Трамп икки мартадан ортиқ президент этиб сайланиши мумкин эмас.

Аввалроқ Трамп эҳтимолий номзодлар сифатида вице-президент Жей Ди Вэнс, давлат котиби Марко Рубио, молия вазири Скотт Бессент ҳамда собиқ ички хавфсизлик вазири Кристи Ноэм номларини ҳам тилга олган.

Teglar

Mavzuga oid