Туркияда 10 га яқин ўзбекистонлик номаълум пул ўтказмалари сабаб ушланди
Уларнинг баъзилари депортация марказлари ва қамоқхоналарга жойлаштирилган.

Туркиянинг Айдин вилоятида 10 нафарга яқин Ўзбекистон фуқароси банк карталари орқали амалга оширилган шубҳали пул ўтказмалари ҳолати доирасида тергов қилинмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси маълум қилди.
Ижтимоий тармоқларда 30 нафардан ортиқ ўзбекистонликлар ушлангани ҳақида хабарлар тарқалган эди, бироқ Туркия Республикаси Ички ишлар вазирлигининг тегишли тузилмаларидан олинган дастлабки маълумотларга кўра, ҳозирча 10 нафарга яқин фуқаро текширувга жалб этилган.
«Ҳозирги вақтда уларнинг айримлари суд қарорига асосан жазони ижро этиш муассасасида, айримлари депортация марказида сақланмоқда. Яна бир қисми эса мамлакат ҳудудидан чиқмаслик шарти билан озод этилиб, уларга нисбатан тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда», — дейилади хабарда.
Фуқароларга нисбатан кўрилаётган ҳуқуқий чоралар уларнинг мазкур жиноий ҳолатга алоқадорлик даражаси, банк ҳисобварақлари орқали ўтказилган маблағлар миқдори ҳамда тергов давомида аниқланаётган бошқа тафсилотлардан келиб чиқиб белгиланмоқда.
Фуқароларга огоҳлантириш
Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси вазиятни тегишли Туркия идоралари билан ҳамкорликда кузатиб бораётганини ва ўзбекистонликларнинг қонуний ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳимоя қилиш доирасида зарур консуллик-ҳуқуқий кўмак кўрсатаётганини таъкидлаган.
«Шу муносабат билан Бош консулхона фуқароларимизни шахсий банк карталари, ҳисоб рақамлари ва мобил банк хизматларини бегона шахсларга бермасликка, бошқа шахсларнинг илтимосига кўра келиб чиқиши номаълум маблағларни қабул қилмаслик ва ўтказмасликка чақиради», — дейилади баёнотда,
Шунингдек, банк картаси ёки ҳисоб рақамини бошқа шахсларга фойдаланиш учун бериш, бундан ташқари, келиб чиқиши номаълум маблағларни ўтказишда воситачилик қилиш Туркия қонунчилигига мувофиқ жиддий ҳуқуқий жавобгарликка сабаб бўлиши мумкинлиги эслатиб ўтилган.
Бош консулхона Туркияда бўлиб турган барча ўзбекистонликларни мамлакат қонунларига қатъий риоя қилишга ва шубҳали молиявий операцияларда иштирок этмасликка чақирган.