Logo

Хитой Тинч океанида куч намойишини қилди: нишон ким?

Kecha 22:404 daqiqa

Пекин АҚШ бошчилигидаги тартибни «совуқ уруш сарқити» деб атаб, ўз стратегик мақсадларига эришишга интилаётгани айтилган.

Хитой Тинч океанида куч намойишини қилди: нишон ким? © Global Look Press

Россия ва Хитой ўзининг қўшма ҳарбий-денгиз машғулотларини эълон қилган бир пайтда (гарчи унинг аниқ вақти, қанча техника ва аскар жалб этилиши ҳозирча номаълум бўлса-да), 6 июл куни Хитой флоти Тинч океанининг жанубий қисмида ракета синовини ўтказди.

Хитойнинг расмий «Синхуа» агентлиги хабарига кўра, халқаро сувлардаги атом сув ости кемасидан жанговар каллак макети ўрнатилган ракета учирилган. Пекин расмийлари синов муваффақиятли ўтганини маълум қилди.

Хитой Мудофаа вазирлиги Россия билан ҳамкорликдаги бу машғулотларни «минтақада хавфсизлик муаммоларини биргаликда ҳал қилиш ҳамда тинчлик ва барқарорликни сақлаш»га қаратилган деб таъкидлади. Бироқ бу синов парвози қўшма маневрларга қанчалик боғлиқлиги номаълум. Бу ҳолат эса Тинч океани минтақаси давлатларининг кескин танқидига сабаб бўлди.

Австралия ташқи ишлар вазири Пенни Вонг бу қадам минтақадаги вазиятни беқарорлаштиришини айтди. Япония эса Хитойни ўз хатти-ҳаракатларини қайта кўриб чиқишга чақирди. Янги Зеландия ҳам ўз муносабатини билдирди: ташқи ишлар вазири Уинстон Питерс мамлакат Хитойнинг Тинч океани жанубий қисмидан ракета синовлари учун полигон сифатида фойдаланишини истамаслигини таъкидлади.

Ўтган асрдан бери Тинч океани ядро қуроллари пойгасидан четда қолаётгани йўқ. Бугунги кунда Маршалл ороллари таркибига кирадиган Бикини атолли Иккинчи жаҳон урушидан сўнг АҚШ томонидан кўплаб ядро қуроли синовлари ўтказилган ҳудудга айланган. Урушдан кейинги даврда Тинч океани минтақаси хавфсизлик тизимида Қўшма Штатларнинг устунлиги сақланиб қолмоқда.

Хитой қандай ракетани синовдан ўтказди?

Ҳозирда Хитой айнан мана шу тизимнинг мустаҳкамлигини синовдан ўтказмоқда. Расмий оммавий ахборот воситалари синов тафсилотларини очиқламаган бўлса-да, Хитой ижтимоий тармоқларида ҳарбий экспертлар синалган ракетанинг қуввати борасида турли тахминларни илгари сурмоқда.

«Гап сув ости кемаларига ўрнатиладиган JuLang (JL)-3 русумли қитъалараро баллистик ракета ҳақида бормоқда», — дейди Хитой Халқ-озодлик армияси Ҳарбий-денгиз флоти илмий-тадқиқот институти подполковники Чжан Цзюншэ.

«JuLang-3» ёки ўзбекча айтганда «Улкан тўлқин-3» айни пайтда ҳали лойиҳалаш ва ишлаб чиқиш босқичида. Тахминларга кўра, у 12 минг километр масофагача уча олади ва бир нечта ядровий жанговар каллакни ташишга қодир.

Шу пайтгача 2018 ва 2019 йилларда ўтказилган учта муваффақиятли синов ҳақида маълум эди.

«Бу ракетанинг нишони фронт чизиғидаги ҳарбий қисмлар эмас, балки қўмондонлик марказлари, ҳарбий базалар ёки энергия таъминоти объектлари каби стратегик иншоотлардир», — дейди Чжан.

«JuLang-3» ракетаси 094 «Цзин» тоифасидаги атом сув ости кемасидан учирилган деб тахмин қилинмоқда. Экипажи 120 нафар денгизчидан иборат, узунлиги 135 метр бўлган ушбу сув ости кемаси очиқ денгизда 70 кунгача мустақил ҳаракатлана олади.

Ҳозирда Хитой флоти таркибида 094 тоифасидаги олтита шундай сув ости кемаси хизмат қилмоқда. Чжаннинг фикрича, бу галги синовда кеманинг янгиланган версияси жалб этилган бўлиши мумкин.

Вашингтондаги «Nuclear Threat Initiative» таҳлил маркази маълумотига кўра, Хитой «Цзин» тоифасидаги кемалардан ташқари яна 59 та зарбадор атом сув ости кемасидан фойдаланмоқда.

Ядровий жавоб зарба берадиган қурол

«Агар бошқа барча турдаги қурол-яроғлар ишдан чиққан тақдирда ҳам, Хитой сув ости кемаси ядровий жавоб зарбасини беришга тўлиқ шай ҳолатда қолади», — дейди Чжан. Хитой халқаро сувларда туриб, Тинч океанидаги исталган нуқтани нишонга олиши ва ўша ердан стратегик жавоб зарбасини йўллаши мумкин.

Бундан аввал, 2024 йилнинг сентябр ойида Хитой қитъа қисмидан Тинч океанининг жанубига қарата жанговар каллак муляжи (макети) ўрнатилган қитъалараро ракета учирган эди. Маълумотларга кўра, ракета Француз Полинезиясидаги олдиндан белгиланган ҳудудга бориб тушган. Бу Хитойнинг сўнгги 40 йилдан ортиқ вақт ичида халқаро сувлар узра амалга оширган илк узоқ масофали ракета синови бўлганди. Худди 2024 йилдаги каби, Пекин бу гал ҳам барча соҳилбўйи давлатлари олдиндан огоҳлантирилганини ва машғулотлар бирорта аниқ мамлакатга қарши қаратилмаганини маълум қилди.

Хитой Тинч океанидаги вазиятни ўзгартириш ниятида. АҚШ ва унинг иттифоқчилари Хитой чегаралари яқинида кучли ҳарбий иштирокка эга экани Пекинда хавотир уйғотмоқда. Мамлакат ҳукумати ҳарбий жавоб зарбалари бериш ва Пекин нуқтаи назаридан муносиб бўлган чораларни қўллаш имкониятини оширишга интилмоқда. Шу билан бирга, Хитой ядровий давлат сифатида биринчи бўлиб ядро қуролини қўлламасликка ваъда берган.

«Ҳозирги вақтда Хитой турли даражаларда АҚШ бошчилигидаги минтақавий хавфсизлик архитектурасини фаол равишда шубҳа остига олмоқда», — деб таъкидлаган эди Берлиндаги «Фан ва сиёсат фонди» таҳлил марказининг Осиё бўйича тадқиқот гуруҳи раҳбари Феликс Хайдук 2024 йилда.

Тинч океани минтақасида хавотирлар нега ортмоқда?

«Пекин АҚШ бошчилигидаги ушбу тартибни «совуқ уруш сарқити» деб атаб, ўз стратегик мақсадларига эришишга интилмоқда, — деб қайд этган эди Хайдук.

Тинч океанининг жанубий қисмида ҳам хавфсизлик билан боғлиқ хавотирлар кучайиб бормоқда.

«Хитой учун Халқ-озодлик армиясининг ракета қўшинлари Австралияга узоқ масофадан зарба беришнинг энг самарали воситаси ҳисобланади, — деб ёзади Австралиянинг «Lowy Institute» таҳлил маркази экспертлари Сэм Роггевеен ва Дэвид Валланс 2026 йилнинг июн ойида эълон қилинган тадқиқотда.

НАТО бош котиби Марк Рютте Туркия пойтахти Анкарадаги саммит доирасида бу синов парвози алянс учун ўзига хос сигнал эканини маълум қилди.

«Бу биз содда бўлмаслигимиз кераклигини яна бир бор исботлайди. Ва биз содда эмасмиз», — деди Рютте.

Маълумот учун: НАТО АҚШ бошчилигидаги ҳарбий алянс бўлиб, шу пайтгача ўз эътиборини асосан Европага қаратган. НАТОнинг Осиё томон шарққа кенгайиши, масалан, Япониянинг унга аъзо бўлиши каби масалалар ҳозирча фақат назарий жиҳатдангина муҳокама қилинмоқда.

 

Teglar

Mavzuga oid