Logo

Пиёз нархининг ошиш сабаблари, Марказий банкнинг тарифлар бўйича изоҳи ва дронлар учун рақамли тизим — 5 ноябр дайжести

Kecha 23:074 daqiqa

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Пиёз нархининг ошиш сабаблари, Марказий банкнинг тарифлар бўйича изоҳи ва дронлар учун рақамли тизим — 5 ноябр дайжести

Пиёз нархи нега ошди? Вазирлик мавсумийлик ва воситачиларни сабаб қилиб кўрсатди

Ўзбекистонда пиёз етиштириш ички эҳтиёждан 35 фоизга (1,5 миллион тонна) юқори бўлишига қарамай, айрим ҳудудларда, хусусан, Сурхондарёда унинг чакана нархи 4 500 сўмгача кўтарилди. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бу ҳолатни мавсумийлик (эртапишар ҳосилнинг тугагани), маҳсулотни бошқа вилоятлардан ташиш харажатлари ҳамда воситачиларнинг 25 фоиздан 52,5 фоизгача етаётган савдо устамалари билан изоҳламоқда. Марказий банк таҳлиллари ҳам сўнгги ҳафталарда пиёз нархи ўсганини тасдиқлаган.

Нархларни барқарорлаштириш мақсадида 2026–2027 йиллар қиш-баҳор мавсуми учун республика бўйича 102,8 минг тонна пиёз захира қилинмоқда. Вазирлик зарур ҳолларда ушбу маҳсулотларни арзонлаштирилган нархларда бозорга чиқаришини маълум қилди. Шунингдек, сунъий тақчиллик яратиш ва қимматроқ сотиш мақсадида маҳсулотни сақлаб турадиган тадбиркорлар пиёз сифатининг бузилиши ҳамда вазнининг йўқотилиши хавфидан огоҳлантирилди.

Иссиқлик тарифлари, ёқилғи нархи ва бюджет тақчиллиги: Марказий банк нималарни изоҳлади?

Марказий банк асосий ставкани 14 фоиз даражасида сақлаб қолишга қарор қилди, гарчи йиғилишда уни 13,5 фоизгача тушириш эҳтимоли ҳам муҳокама қилинган. Регулятор бу қарорни иссиқлик тарифлари, ёқилғи ва транспорт харажатлари ошишининг бошқа маҳсулотлар нархига ўтиб кетиши (иккиламчи таъсир)нинг олдини олиш билан изоҳлаган. Шу билан бирга, давлат бюджети тақчиллигининг қисқариши ва жорий йилда бюджетнинг профицит билан ижро этилиши иқтисодиётда қўшимча талаб ҳамда нархлар босимини камайтириб, инфляцияни жиловлашга ёрдам бераётгани таъкидланди.

Регуляторнинг прогнозларига кўра, иссиқ сув ва иситиш хизматлари тарифларининг кутилаётган 30 фоизгача ошиши жорий йил якуни бўйича инфляция прогнозининг 6,5 фоиздан 7 фоизга кўтарилишига сабаб бўлган. Агар келажакда асосий ставка босқичма-босқич пасайтирилса, тижорат банкларидаги омонатларнинг номинал фоизлари тушиши мумкин, бироқ инфляция ҳам пасаяётгани ҳисобига жамғармаларнинг реал даромадлилиги юқори даражада сақланиб қолади. Шунингдек, умумий инфляцияни 5 фоизлик мақсадли кўрсаткичга тушириш режаси ўзгаришсиз қолган ва бунга 2027 йилнинг иккинчи ярмида эришиш кутилмоқда.

Ўзбекистонда 1991-йилдан буён илк бор 5 млн тонна пахта ҳосили йиғиб олинди

Ўзбекистон мустақиллик тарихида биринчи марта 5 миллион тоннадан зиёд пахта ҳосили йиғиб олиниб, рекорд ўрнатилди. Президент Шавкат Мирзиёев ушбу тарихий натижа билан соҳа меҳнаткашлари ва фермерларни табриклади. Маълумотларга кўра, чигит экиладиган майдонлар 38 фоизга қисқарганига қарамай, замонавий биотехнологик навлар ва сув тежовчи технологиялар ҳисобига ўртача ҳосилдорлик 21 центнердан 56 центнергача (2,7 баробар) ошган. Бундан ташқари, сув сарфи 1990-йилларга нисбатан икки карра камайган.

Жорий йилда етиштирилган ҳосилнинг 85 фоизи 3 мингдан ортиқ машиналар ёрдамида териб олинган бўлиб, Жиззах ва Сирдарё вилоятларида механизациялаштириш даражаси 100 фоизга етди. Натижада фермерлар ушбу мавсумдан 13-14 триллион сўм соф фойда олиши кутилмоқда. Шунингдек, Тошкентда бўлиб ўтган Халқаро пахта кунида 30 дан зиёд давлат мутахассислари мазкур ютуқларни эътироф этиб, Бутунжаҳон пахтачилик марказини Ўзбекистонда ташкил этиш таклифини илгари суришди.

Қурилиш бозоридаги ўсиш ва назорат тизимидаги ўзгаришлар

2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида Ўзбекистонда жами 339,3 триллион сўмлик қурилиш ишлари бажарилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 12,3 фоизга ўсиш қайд этилди. Бажарилган ишларнинг энг катта қисми – 54,8 фоизи кичик корхоналар ва микрофирмалар, 23 фоизи эса норасмий сектор ҳиссасига тўғри келган. Мазкур даврда Қурилиш инспекцияси томонидан 28 мингдан ортиқ объектда назорат ўрнатилиб, 3 минг 166 та ноқонуний объект бузиб ташланди, кўп қаватли уйларда аниқланган қоидабузилишлар бўйича 1,4 мингдан зиёд даъво аризаси судга киритилди.

Қурилишда содир бўлаётган бундай салбий ҳолатларни камайтириш мақсадида янги қонунчилик талаблари жорий этилмоқда. Жумладан, 2026 йилдан бошлаб янги қурилган икки ва ундан юқори қаватли уйларнинг техник ҳолати махсус ускуналар билан текширилиб, ижобий хулосасиз улардан фойдаланишга рухсат берилмайди. Бундан ташқари, лойиҳадан ташқари қўшимча қават қуришни қонунийлаштириш тақиқланди, сифатсиз материал ишлаб чиқарувчилар "қора рўйхат"га киритилди ҳамда қурилишни инспекциянинг рухсатисиз (аввалги хабарнома ўрнига) бошлаганлик учун йирик миқдордаги жарима ва 3 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланди.

Ўзбекистонда дронлар учун ягона рақамли тизим жорий этилиши мумкин

Ўзбекистонда учувчисиз учиш аппаратлари (дронлар) бўйича маълумотларни бирлаштирувчи ягона рақамли ахборот тизимини жорий этиш режалаштирилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёевга тақдим қилинган лойиҳага кўра, мазкур тизим дронларни рўйхатга олиш, уларнинг парвозини мувофиқлаштириш ва ҳаракатини назорат қилиш имконини беради. Шунингдек, соҳани тартибга солиш доирасида махсус парвоз ҳудудларини белгилаш, дронларни суғурталаш, етказилган зарарни қоплаш механизмларини такомиллаштириш ҳамда парвозлар хавфсизлиги ва фуқароларнинг шахсий ҳаёти дахлсизлигини таъминлаш кўзда тутилган.

Дронлардан қишлоқ хўжалиги, саноат ва шаҳар инфратузилмаси мониторингида кенг фойдаланиш иқтисодий ўсишни тезлаштириши кутилмоқда. Соҳа учун малакали кадрлар тайёрлаш мақсадида 2027–2028 ўқув йилидан бошлаб Тошкент давлат транспорт университетида дронлар бўйича мутахассислар ўқитилиши йўлга қўйилади. Давлат раҳбари мазкур йўналишда илғор хорижий тажриба асосида қонунчиликни такомиллаштириш, хусусий бизнес ва инвестициялар учун шароит яратиш ҳамда маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.

Teglar

Mavzuga oid