Logo

14 қурбон, 5 ҳибс ва умуммиллий мотам: Қозоғистондаги фожиа тафсилотлари

Қозоғистонда 14 нафар ҳарбийнинг ёстиғини қуритган Каспийдаги фожиа сабаблари атрофлича ўрганилмоқда. Умуммиллий мотам эълон қилинган ушбу ҳодиса доирасида Мудофаа вазирлигининг 5 нафар мансабдори ҳибсга олинди. Марҳумлар орасида асли ўзбекистонлик 18 ёшли йигит ҳам бўлган.

14 қурбон, 5 ҳибс ва умуммиллий мотам: Қозоғистондаги фожиа тафсилотлари

Қозоғистоннинг Манғистау вилоятида Каспий денгизида ўтказилган ҳарбий-денгиз машғулотлари вақтида юз берган фожиа оқибатида 14 нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлди, 3 нафари қутқариб қолинди. Қурбонлар орасида асли қорақалпоғистонлик матрос ҳам бор.

Фожиа қандай содир бўлди?

Воқеа 24 сентябр куни Каспий денгизининг Қозоғистон секторида, Ақтау шаҳридан 43 километр узоқликдаги соҳилда юз берган. Бу вақтда минтақада 500 дан ортиқ ҳарбий хизматчи, кема ва катерлар ҳамда авиация иштирокида «Хазар қорғаны — 2026» машғулотларининг учинчи куни ўтказилаётган эди.

Дастлабки маълумотларга кўра, ҳарбийлар «Қайсар» катеридан соҳилга тушириш машқини бажараётган вақтда уларни кучли тўлқин босиб, очиқ денгизга оқиб кетган. Қозоғистон Мудофаа вазирлиги ҳодисага метеорологик шароитнинг кескин ўзгариши ва кучли шамол сабаб бўлганини билдирди. Маълум бўлишича, фожиадан аввал «Қазгидромет» маркази ҳудудда шамол тезлиги 15–20 м/с гача етиши ҳақида огоҳлантириш берган.

Қурбонлар ва қутқарилганлар

Дастлабки хабарларда 19 киши денгизга тушиб кетгани айтилган бўлса-да, кейинроқ расмийлар бу рақам 17 нафар эканини тасдиқлади. Улардан 3 нафари қутқариб қолинган: бир ҳарбий мустақил равишда соҳилга чиқиб олган бўлса, яна бири шифохонага ётқизилган ва ҳозирда унинг аҳволи барқарор.

250 дан ортиқ қутқарувчи, ғаввослар, кемалар ва вертолётлар жалб қилинган кенг кўламли қидирув операцияси давомида 14 нафар ҳарбийнинг жасади топилди.

Мудофаа вазирлиги ҳалок бўлган бир офицер, бир сержант ва 12 матроснинг рўйхатини эълон қилди. Улар асосан 19–23 ёшдаги йигитлар бўлган:

• катта лейтенант Олжас Мухтарули;
• сержант Мансур Ғумаров;
• матрослар: Сер­жан Аяпберген, Дастан Бегей, Мейрамбек Бердиханов, Асет Жанабай, Азамат Мадихан, Ақжайиқ Гилаж, Олжас Диханбаев, Алмас Кобенов, Ақилбек Тўлеген, Женис Темиргалиев, Омирбек Омирзақ, Мирас Турдибекули.

Қурбонлар орасида Қорақалпоғистонда туғилган ҳарбий ҳам бор


Ҳалок бўлганлар орасида 2006 йилда туғилган матрос Алмас Жүсіпұлы Көбенов ҳам бор. Очиқ манбалардаги маълумотларга кўра, у Ўзбекистоннинг Қорақалпоғистон Республикасида туғилган ва Манғистау вилоятидаги Баянди-3 қишлоғида яшаб келган. Унинг фуқаролиги ҳақида алоҳида расмий маълумот берилмаган.

Жиноят иши ва ҳибсга олинган мансабдорлар

Ҳолат юзасидан Қозоғистон Жиноят кодексининг 453-моддаси (оғир оқибатларга олиб келган хизматга совуққонлик билан муносабатда бўлиш) ва 465-моддаси (кема бошқариш қоидаларини бузиш) бўйича жиноят иши қўзғатилди. Тергов доирасида 30 дан ортиқ ҳарбий сўроқ қилиниб, 12 та экспертиза тайинланган.

25 сентябр куни Мудофаа вазирлиги тизимидаги 5 нафар юқори лавозимли шахс, жумладан:

• Ҳарбий-денгиз кучлари Бош қўмондонининг биринчи ўринбосари — штаб бошлиғи;
• иккита ҳарбий қисм командири;
• денгиз пиёдалари ротаси командири;
• катер командири ҳибсга олинди.

Улар метеорологик шароитни ҳисобга олган ҳолда шахсий таркиб хавфсизлигини таъминламаганликда ва қутқарув ишларини лозим даражада ташкил этмаганликда айбланмоқда.

Умуммиллий мотам ва таъзия

Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаевнинг фармони билан 25 сентябр мамлакатда умуммиллий мотам куни деб эълон қилинди.

Ҳукумат ва йирик тадбиркорлар ҳалок бўлганларнинг оилаларига йирик миқдорда моддий ёрдам кўрсатилишини маълум қилди.

Фожиа муносабати билан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон раҳбарига ҳамда ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдириб, таъзия телеграммаси йўллади.

Teglar