Logo

40 триллион доллар: АҚШнинг кимлардан қарзи бор?

Bugun 10:306 daqiqa

Жорий йилнинг март ойида 39 триллион долларни ташкил қилган қарз миқдорига қўшимча яна 1 триллион долларнинг қўшилиши учун атиги беш ойдан камроқ вақт керак бўлди.

40 триллион доллар: АҚШнинг кимлардан қарзи бор?

19 август куни АҚШ Ғазначилик департаменти эълон қилган маълумотларга кўра, Қўшма Штатларнинг умумий қарзи тарихда илк бор 40 триллион доллардан ошди.

Президент Доналд Трампнинг ўтган йил январ ойида бошланган иккинчи бошқарув муддатида қарзнинг шиддат билан ўсиши яқинлашиб келаётган фискал инқироз ҳақидаги хавотирларни янада кучайтирмоқда. Иқтисодчиларнинг таъкидлашича, катта қарз, юқори харажатлар ва пасайтирилган солиқларнинг ўзаро хавфли уйғунлиги дунёнинг энг йирик иқтисодиётини инқироз ёқасига олиб келиши мумкин.

Гарчи Трамп ўзининг иккинчи президентлик муддатида асосий эътиборни харажатларни қисқартириш ва самарадорликни оширишга қаратаётган бўлса-да, АҚШ қарзи ҳануз тез суръатларда ўсмоқда. Масалан, Ҳукумат самарадорлиги бўйича департамент (DOGE) ўтган йилнинг бошидан буён 250 мингдан 350 минггача федерал иш ўринларини қисқартирди ва глобал молиявий кўмак ҳажмини камайтирди.

Маълумот ўрнида, 2023 йилнинг май ойида Конгресснинг бюджет бошқармаси (CBO) АҚШ қарзи 2028 йилга борибгина 40 триллион долларлик маррага етишини башорат қилган эди.

Бюджет назорати билан шуғулланувчи қўмитас (CRFB) президенти Майя Макгуинеас бу борада шундай баёнот берди:

«40 триллион долларлик қарз шунчаки ҳукуматнинг ҳисоб дафтарларидаги рақам эмас. У бутун иқтисодиёт бўйлаб ўз кучини кўрсатади ва у ёки бу тарзда оддий одамларнинг ҳамёнига таъсир қилмай қолмайди».

АҚШ қарзи қанчалик тез ўсмоқда?

АҚШ давлат қарзининг ўсиш суръати 2020-йилларда олдинги ўн йилликларга қараганда сезиларли даражада тезлашди.

Ташқи ва ички молиявий мажбуриятларни ўз ичига олган умумий давлат қарзи Доналд Трамп илк бор президентлик лавозимига киришган 2017 йилнинг январ ойидан буён икки баробар кўпайди. Ўша вақтда АҚШ қарзи 19,95 триллион долларни ташкил этар эди.

·         Трампнинг биринчи президентлиги даврида давлат қарзи 7,8 триллион долларга ошди. Бунинг асосий қисми COVID-19 пандемиясига қарши кўрилган шошилинч харажатлар билан боғлиқ бўлди. У 2025 йилнинг январ ойида лавозимига қайтганидан бери қарз яна 3,8 триллион долларга ўсди. Шу тариқа, унинг ҳар икки бошқарув муддати давомидаги жами қарз ўсиши 11,6 триллион долларга етди.

·         Жо Байден маъмурияти даврида (2021–2025 йиллар) ҳам ҳукумат пандемия оқибатларини юмшатиш мақсадида катта миқдорда қарз олиш ва харажат қилиш сиёсатини давом эттирди. Мазкур даврда давлат қарзи яна 8,4 триллион долларга ошди.

АҚШ қарзи жорий йилнинг март ойида 39 триллион долларни ташкил қилган эди. Бу навбатдаги қўшимча 1 триллион долларлик қарз тўпланиши учун атиги беш ойдан камроқ вақт кифоя қилганини кўрсатади.

Таққослаш учун, CRFB таҳлилига кўра, АҚШ тарихида умумий давлат қарзининг илк бор 1 триллион доллардан ошиши учун қарийб 200 йил керак бўлган (бу кўрсаткич 1981 йилда қайд этилган). Инфляция даражаси ҳисобга олинса, ўша даврдаги 1 триллион доллар бугунги кун қийматида тахминан 3,67 триллион долларга тенг.

Конгресснинг бюджет бошқармаси (CBO) ҳисоб-китобларига кўра, АҚШ давлат қарзининг ялпи ички маҳсулотга (ЯИМ) нисбати 2026 йилдаги 101 фоиздан 2036 йилга бориб 120 фоизгача кўтарилади. Бу эса Иккинчи жаҳон урушидан сўнг қайд этилган 106 фоизлик тарихий рекорддан ҳам анча юқори.

Нега қарз бунчалик тез ўсмоқда?

Инқироз давридаги харажатлар

Қарийб йигирма йил ичида иккита йирик инқироз юз берди ва бу даврда ҳукуматлар қарз олиш ҳамда харажатларни оширишга мажбур бўлди.

Биринчи инқироз 2007–2009 йиллардаги иқтисодий пасайиш (рецессия) бўлса, иккинчиси 2020–2023 йиллардаги COVID-19 пандемияси даврига тўғри келди. Пандемия сабабли юзага келган харажатлар 2017 йилдан бери тўпланган қарзнинг тахминан учдан бир қисмини ташкил этади. Чунки ҳам Трамп, ҳам Жо Байден бошқаруви даврида қарз олиш суръати сезиларли даражада тезлашган эди.

Солиқ тушумларининг ўта пастлиги

Таҳлилчиларга кўра, қарз олиш кўпайишининг яна бир сабаби шундаки, солиқ ва бошқа тушумлар харажатларни қоплай олмаяпти. Айниқса, АҚШ кексайиб бораётган аҳолининг пенсиялари ва соғлиқни сақлаш тизимини молиялаштириш учун тобора кўпроқ маблағ сарфлаётган бир пайтда бу яққол кўзга ташланмоқда.

Экспертларнинг таъкидлашича, демократ ва республикачи маъмуриятлар бу камомадни ёпиш учун харажатларни жиловлаш ёки солиқларни оширишнинг уддасидан чиқа олмади.

АҚШ ҳукумати ҳар йили ўртача 7 триллион доллар сарфлайди. Бу маблағнинг қарийб 60 фоизи Ижтимоий таъминот бошқармаси (SSA) тўловларига, хусусан, «Medicare» ва «Medicaid» соғлиқни сақлаш суғуртаси ҳамда фахрийларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилади.

Бироқ даромадлар бу харажатларни қоплашга етмаяпти. Масалан, Ғазначилик департаменти маълумотларига кўра, июл ойида АҚШ жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи, ижтимоий суғурта, корпоратив солиқлар ва бошқа манбалардан жами 334 миллиард доллар даромад кўрган.

Аммо худди шу даврда ҳукумат ижтимоий таъминот, тиббий суғурта, миллий мудофаа ва қарз фоизларини тўлаш учун ўз даромадидан қарийб икки баробар кўп — 766 миллиард доллар сарфлаган.

Фоиз ставкаларининг кўтарилиши

Фоиз ставкалари пандемия бошлангунига қадар паст даражада сақланиб келаётган эди. Бироқ кейинчалик Федерал захира тизими инфляцияга қарши курашиш мақсадида ставкаларни оширишга мажбур бўлди.

Айни пайтда АҚШ ўз қарзини ёпиш бўйича фоиз тўловлари учун йилига тахминан 1,1 триллион доллар тўламоқда. Бу мамлакатнинг мудофаа соҳасига ажратадиган маблағидан ҳам кўпроқ. 2026 йилги молия йилининг дастлабки 10 ойида фоиз тўловлари харажатлари тиббий суғурта харажатларидан ҳам ошиб кетди.

«USA Facts» таҳлилий гуруҳи маълумотларига кўра, федерал пенсия нафақалари ҳамда штат ва маҳаллий давлат пенсиялари учун йилига жами 1,8 триллиондан 2 триллион долларгача маблағ сарфланмоқда.

Трамп қандай солиқ имтиёзларини жорий қилган?

Ўсиб бораётган харажатларга қарамай, Трамп ўзининг биринчи бошқарув даврида — 2017 йилда қабул қилинган «Солиқларни қисқартириш ва иш ўринлари тўғрисида»ги қонуни орқали бизнес учун солиқларни кескин камайтиришни бошлади. Мазкур қонун корпоратив солиқ ставкасини 35 фоиздан 21 фоизгача туширди.

2025 йилда эса у 2017 йилги қонунни доимий асосда мустаҳкамловчи «One Beautiful Bill Act»ни қабул қилиб, бу сиёсатни давом эттирди. Ушбу қонун «Medicaid» тиббий суғурта дастури харажатларини 12 фоизга қисқартирди. Бироқ бунга эришиш мақсадида давлат қарзи чегараси қарийб 5 триллион долларга оширилди.

Ҳозирги кунда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи федерал бюджет тушумларининг қарийб ярмини ташкил қилса-да, корпоратив даромад солиғининг улуши атиги 9 фоизга тенг.

Трампнинг икки президентлик муддати оралиғида фаолият юритган Байден маъмурияти ҳам инфратузилмага сармоя киритиш ва тоза энергия субсидиялари учун катта миқдорда маблағ сарфлади.

АҚШ кимлардан қарздор?

Ғазначилик департаменти маълумотларига кўра, маҳаллий ва хорижий инвесторлардан олинган қарзлар ялпи қарзнинг 80 фоизини — тахминан 32 триллион долларни ташкил этади.

«Peter G. Peterson Foundation» жамғармаси таҳлилига кўра, мазкур қарзнинг қарийб 21 триллион доллари маҳаллий кредиторлар ҳиссасига тўғри келади. Хусусан, бунинг 4,528 триллион доллари федерал фоиз ставкаларига таъсир ўтказиш ва пул массасини бошқариш мақсадида Ғазначилик қимматли қоғозлари билан савдо қилувчи Федерал захира тизимига тегишли.

Бошқа маҳаллий кредиторлар қаторидан инвестиция фондлари (5,195 триллион доллар), пенсия фондлари (1,135 триллион доллар), штат ва маҳаллий ҳукуматлар (1,636 триллион доллар), тижорат банклари ҳамда депозитар муассасалар (2,083 триллион доллар), шунингдек, бошқа корпоратив ва якка тартибдаги кредиторлар (6,660 триллион доллар) ўрин олган.

Халқаро миқёсда эса АҚШ бир қанча давлатлар ва хусусий инвесторлардан қарздор ҳисобланади. 1970 йилда хорижий кредиторлар ялпи қарзнинг бор-йўғи 5 фоизини ташкил қилган бўлса, 2025 йилга келиб бу кўрсаткич 32 фоизга етган. Бу, ўз навбатида, мамлакат даромадининг каттагина қисми фоиз тўловлари кўринишида хорижга чиқиб кетаётганини англатади.

2025 йилги маълумотларга кўра, АҚШ Япониядан 1,203 триллион доллар, Буюк Британиядан 889 миллиард доллар, Хитойдан 683 миллиард доллар, шунингдек, 30 дан ортиқ бошқа субъектлардан қарздор.

Бундан ташқари, ялпи миллий қарзнинг яна 20 фоизи, яъни тахминан 8 триллион доллари ҳукуматнинг ички қарзи ҳисобланади.

Teglar

Mavzuga oid