Афғонистон Россиядан нефт ва газ сотиб олмоқчи

16.02.2026 | 13:252 daqiqa

Кобул Москва билан энергетика ва инфратузилма соҳаларида ҳамкорликни кенгайтиришни режалаштирмоқда, асосий эътибор нефт ва газ импортига қаратилган.

Афғонистон Россиядан нефт ва газ сотиб олмоқчи

Афғонистон Россия билан савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга тайёр эканини билдирди. Бу ҳақда Афғонистоннинг Москвадаги элчиси Гул Ҳасан Россиянинг «ТАСС» агентлигига берган интервьюсида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, Кобул Россиядан нефт ва газ сотиб олишдан манфаатдор. Элчи икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатлар ҳозирда ривожланаётганини таъкидлади. Агар айниқса банк чекловлари каби тўсиқлар бартараф этилса, Афғонистон Россиядан дори-дармон, саноат маҳсулотлари, дон, ўсимлик ёғи ва бошқа товарларни ҳам импорт қилиш имконига эга бўлади.

Гул Ҳасан Афғонистон Россия бозорига янги ва қуритилган мевалар, сабзавотлар, шифобахш ўсимликлар, гиламлар ҳамда минерал ресурсларни экспорт қилишга тайёрлигини билдирди. Унинг таъкидлашича, экспорт-импорт операцияларини кенгайтириш икки томонлама савдо ҳажмини сезиларли ошириши мумкин.

Элчи Москвада афғон маҳсулотлари кўргазмасини очиш режалаштирилаётганини ҳам маълум қилди. Бу ташаббус савдо айланмасини янада кўпайтиришга хизмат қилади.

Шу билан бирга, Кобул фойдали қазилмаларни қазиб олиш соҳасида ҳам Москва билан ҳамкорлик қилишга тайёр. Россия компаниялари Афғонистоннинг саноат, тоғ-конь ва инфратузилма тармоқларига узоқ йиллардан буён қизиқиш билдириб келаётгани айтилди.

Маълум қилинишича, Россия ширкатлари кичик гидроэлектр станцияларини қуриш бўйича афғон идоралари билан музокаралар олиб бормоқда. Айрим компания вакиллари Афғонистонга ташриф буюриб, расмийлар ва мутахассислар билан учрашувлар ўтказган.

Гул Ҳасаннинг таъкидлашича, яқин вақт ичида энергетика ва электр энергияси ишлаб чиқариш соҳасида амалий қадамлар ташланиши кутилмоқда. Бу эса Афғонистон ва Россия ўртасидаги иқтисодий муносабатларда янги босқични бошлаши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Россия АҚШнинг нефть блокадаси туфайли қийин аҳволга тушиб қолган Кубага нефть етказиб беришини айтган эди.

Маълумот учун: Украинанинг пилотсиз парвоз қурилмалари ҳужумлари натижасида Росииянинг нефть ва газ соҳасидаги тўғридан-тўғри йўқотишлар 100 млрд рубльдан ошган. Йўқолган даромадлар ва билвосита зарарлар ҳисобга олинганда эса умумий сумма қарийб 1 трлн рублни, яъни 11,1 млрд доллардан ортиқни ташкил этмоқда.

Teglar

Mavzuga oid