Logo

Аҳолининг 90,7 фоизи камида умумий ўрта маълумотга эга – Статистика қўмитаси

Kecha 09:003 daqiqa

Ўзбекистонда 15 ёш ва ундан катта аҳолининг 12 фоизи олий ёки олий таълимдан кейинги маълумотга эга. Аёллар орасида бу кўрсаткич эркакларникидан паст, шаҳарларда эса қишлоқ жойларига нисбатан юқори.

Аҳолининг 90,7 фоизи камида умумий ўрта маълумотга эга – Статистика қўмитаси © Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva

2026-йилги аҳолини рўйхатга олиш натижаларига кўра, Ўзбекистонда 15 ёш ва ундан катта аҳоли сони 27 млн 174,1 минг кишини ташкил этган. Уларнинг 90,7 фоизи камида умумий ўрта маълумотга эга. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси маълумотларида келтирилган.

Олий ва олий таълимдан кейинги маълумотга эга аҳоли 3 млн 271,1 минг кишига ёки жами аҳолининг 12 фоизига тенг. Шундан 3 млн 229,3 минг нафари олий маълумотли, 41,8 минг нафари эса олий таълимдан кейинги маълумотга эга.

Аҳолининг энг катта қисмини умумий ўрта маълумотлилар ташкил этади — 11 млн 626,5 минг киши ёки 42,8 фоиз. Ўрта махсус ва профессионал маълумотга эга фуқаролар сони 9 млн 737,2 минг кишига етган. Бу 15 ёшдан катта аҳолининг 35,8 фоизидир.

2

Ҳар минг нафар 15 ёш ва ундан катта аҳолига ўртача 120 нафар олий ва олий таълимдан кейинги маълумотли, 358 нафар ўрта махсус ва профессионал маълумотли ҳамда 428 нафар умумий ўрта маълумотли киши тўғри келади.

Олий маълумотлилар шаҳарларда кўпроқ

Аҳолининг таълим даражасида жинс ва яшаш жойига қараб сезиларли фарқлар бор.

Эркакларнинг 13,9 фоизи олий ва олий таълимдан кейинги маълумотга эга. Аёллар орасида бу кўрсаткич 10,2 фоизни ташкил этади. Шундай қилиб, эркаклар орасидаги улуш аёлларникидан 3,7 фоиз банд юқори.

Яшаш жойи бўйича ҳам тафовут кузатилади: шаҳарларда истиқомат қилувчиларнинг 14,2 фоизи олий маълумотли бўлса, қишлоқ жойларида бу кўрсаткич 9,3 фоизга тенг. Фарқ 4,9 фоиз бандни ташкил қилади.

3

Шаҳар жойларида олий маълумотлилар улуши қишлоқ жойларидагидан 1,5 баравар юқори. Бироқ умумий ўрта маълумотлилар улуши қишлоқларда 49,6 фоизга етган. Шаҳарларда эса бу кўрсаткич 37,4 фоизни ташкил қилади.

Умумий ўрта маълумотга эга аҳолининг 52,7 фоизини аёллар ташкил этади. Олий маълумотлилар орасида эса аёллар улуши 42,1 фоизга тенг.

Олий маълумотлилар улуши қайси ҳудудларда юқори?

Ҳудудлар кесимида олий маълумотлилар улуши бўйича Тошкент шаҳри етакчилик қилмоқда. Пойтахтда 15 ёш ва ундан катта аҳолининг 24,9 фоизи олий маълумотга эга.

Кейинги ўринларда Навоий вилояти — 14,9 фоиз ва Қорақалпоғистон Республикаси — 13,1 фоиз билан қайд этилган.

Энг паст кўрсаткич Андижон (9,4%), Наманган (9,5%) ва Сурхондарё (9,7%) вилоятларида кузатилган.

Ёшлар орасида ўрта махсус ва профессионал таълим улуши юқори

Таълим даражаси ёш гуруҳлари бўйича ҳам фарқланади. 25–49 ёшдаги аҳолининг 45,7 фоизи ўрта махсус ва профессионал маълумотга эга. Бу гуруҳда олий маълумотлилар улуши 14 фоизни ташкил этади.

60 ёш ва ундан катталар орасида умумий ўрта маълумотлилар улуши юқори — 55,6–58,4 фоиз. 70 ёш ва ундан катта эркакларнинг 22,7 фоизи, аёлларнинг эса 9,1 фоизи олий маълумотга эга.

Ёш гуруҳлари бўйича таълим даражаси

Олий маълумотга эга бўлишдаги гендер тафовути ёш гуруҳлари кесимида ҳам ўзгаради. 25–49 ёшдагилар орасида гендер паритети индекси 0,71 бўлса, 15–24 ёшдагиларда 0,94 га етади. 70 ёш ва ундан катталарда эса бу кўрсаткич 0,40 ни ташкил қилади. Яъни ёш авлод орасида олий маълумотга эга бўлиш бўйича эркаклар ва аёллар ўртасидаги фарқ нисбатан қисқарган.

Ўзбекистонда 9,6 млн киши таълим олмоқда

Аҳолини рўйхатга олиш натижаларига кўра, таълим ташкилотларида 7 ёш ва ундан катта 9 млн 615,9 минг киши таҳсил олмоқда. Уларнинг 4 млн 950,7 минг нафари эркаклар (51,5 фоиз), 4 млн 665,2 минг нафари эса аёллардир (48,5 фоиз).

Таълим олаётганларнинг 53,5 фоизи шаҳарларда, 46,5 фоизи қишлоқ жойларида истиқомат қилади.

Таълим олаётган аҳолининг таълим босқичлари бўйича тақсимоти

4

Олий таълим муассасаларида таҳсил олаётганларнинг 62,4 фоизини 18–23 ёшдаги ёшлар ташкил этади. Олий таълим олаётган аёллар улуши 49 фоизга тенг. Олий таълимдан кейинги босқичда эса аёллар улуши 58,2 фоизга етади.

Таълим олаётган аҳоли таркибида бошланғич ва таянч ўрта таълим босқичлари энг катта улушга эга. Олий таълимда эса қарийб 1,73 млн киши таҳсил олмоқда.

Teglar

Mavzuga oid