Тошкентдаги умумтаълим мактабларига бепул велосипедлар тарқатилади
Ушбу амалиёт 2029 йилдан бошлаб босқичма-босқич барча ҳудудларда жорий этилиши режалаштирилган.
© Foto: graduateprogram.org2027 йилнинг мартидан бошлаб Тошкент шаҳридаги зарур инфратузилмага эга бўлган умумтаълим мактаблари босқичма-босқич велосипедлар билан таъминланади. Ушбу тажриба ўзини оқласа, 2029 йилдан бошлаб бутун Ўзбекистон бўйлаб татбиқ этилади. Бу ҳақда Президентнинг 2026 йил 11 ноябрдаги ПҚ-394-сон қарорида белгиланган.
Қарорга кўра, Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 2027-2028 йилларда янги амалиёт — «Тошкент тажрибаси» тажриба-синов тариқасида жорий этилади. Ушбу дастур доирасида пойтахтдаги спорт инфратузилмаси мавжуд бўлган ҳар бир танлаб олинган умумтаълим мактабига 4 тадан оммавий ва 1 тадан профессионал велосипед бепул етказиб берилади. Бу орқали ўқувчиларни велоспортга кенг жалб қилиш ва келгусида профессионал спорт учун иқтидорли ёшларни саралаб олиш (селекция) базасини кенгайтириш кўзда тутилган.
Мактабларга ажратиладиган велосипедлардан мақсадли ва самарали фойдаланишни таъминлаш ҳамда иқтидорли ўқувчиларни танлаб олиш учун ҳудудлардаги спорт мактабларининг оммавий спорт бўйича тренер-селекционерлари тегишли умумтаълим мактабларига бириктирилади. Улар мактаб ўқувчилари билан бевосита ҳамкорликда ишлайди.
Шунингдек, 2027/2028 ўқув йилига қадар Республика велоспорт маҳорат мактаб-интернати ва Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси ҳамкорлигида мактаб ўқувчилари фойдаланиши учун велоспортга оид махсус видеомаҳсулотлар ишлаб чиқилади ва амалиётга татбиқ этилади.
Бундан ташқари, ҳужжатда Таълим ва илм-фан вазирлиги томонидан мактабларда велоспорт турларини оммалаштириш мақсадида «Мактаб учун велоспорт» чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилиши, шунингдек, зарур инфратузилмага эга мактабларнинг юқори синф ўқувчилари ўртасида анъанавий «Директор кубоги» велоспорт мусобақаси йўлга қўйилиши белгиланган.
Қарорда қайд этилишича, 2027-2028 йиллар давомида пойтахтда ўтказиладиган «Тошкент тажрибаси»нинг натижалари чуқур таҳлил қилинади. Ушбу таҳлилларга асосланиб, 2029 йилнинг январидан бошлаб мазкур велосипед тарқатиш ва мактабларда велоспортни ривожлантириш амалиётини босқичма-босқич барча ҳудудларда жорий этиш режалаштирилган. Бунинг учун Спорт вазирлиги, Таълим ва илм-фан вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан Вазирлар Маҳкамасига тегишли асосланган таклифлар киритилади.





