Йўл ҳаракати қоидабузарликлари бўйича жарималар ва балл ҳисоблашнинг янги тартиби белгиланди
Энди ҳайдовчиларга нисбатан маъмурий баённомалар асосан Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг «Маъмурий амалиёт» электрон тизими орқали расмийлаштирилади.
© Vaqt.uz | Javhar ChorshanbiyevaЎзбекистонда йўл ҳаракати қоидабузарликлари бўйича маъмурий ишларни юритишнинг янги тартиби белгиланди. Ички ишлар вазирининг 2026-йил 4 сентябрдаги 502-сон буйруғи билан тасдиқланган йўриқнома 5-ноябрда Адлия вазирлигида 3969-рақам билан давлат рўйхатидан ўтказилди. Ҳужжат 6-ноябрда расман эълон қилинган бўлиб, 2027 йил 6 январдан кучга киради.
Ҳужжатга кўра, йўл-патрул хизмати ходимларининг қоидабузарлардан жойида жарима олиши қатъиян тақиқланади.
Маъмурий баённомалар асосан ЙҲХХнинг «Маъмурий амалиёт» электрон тизими орқали расмийлаштирилади ҳамда ҳайдовчи ва гувоҳлар томонидан электрон имзо ёки бармоқ изи орқали тасдиқланади.
Балл тизими ва жарима тўлашдаги ўзгаришлар
Айрим йўл ҳаракати қоидабузарликлари учун асосий жазо билан бирга жарима баллари ҳам ҳисоблаб борилади. Битта қоидабузарлик учун энг кўпи билан 2 балл берилади ва бу баллар бир йил давомида жамланади. Ушбу муддат ўтгач, баллар автоматик равишда ўчирилади. Агар ҳайдовчи бир йил ичида 12 баллдан кўп тўпласа, қўшимча жазо масаласини ҳал қилиш учун иш материаллари электрон шаклда судга юборилади.
Жарима тўғрисидаги қарор чиқарилганидан кейин 60 кун ичида тўлов амалга оширилмаса, транспорт воситасини ушлаб туриш чораси қўлланилиши мумкин.
Бироқ, ҳайдовчи жаримани электрон тўлов тизими, илова ёки банк кассаси орқали тўлиқ тўласа, автомобил жарима майдончасига жойлаштирилмайди. Шунингдек, жарима ҳақидаги қарор олинганидан сўнг 15 кун ичида унинг 50 фоизини ёки 30 кун ичида 70 фоизини тўлаганлар жариманинг қолган қисмидан озод этилади.
Ҳайдовчилар жарима қарори нусхасини олган кундан бошлаб 10 кун ичида юқори турувчи орган ёки судга шикоят қилишлари мумкин. Бу муддат ичида шикоят берилса, қарор ижроси (маъмурий қамоқдан ташқари) вақтинча тўхтатиб турилади. Агар қарор бекор қилинса, ундирилган маблағлар қайтариб берилади.
Маъмурий ишлар юзасидан мурожаатлар ҳайдовчининг яшаш жойидан қатъи назар, исталган ҳудудий маъмурий амалиёт марказида «ягона дарча» тамойили асосида қабул қилинади. Жараён ортиқча ҳужжатларсиз, давлат идораларининг электрон тизимлари интеграцияси орқали амалга оширилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 1-ноябрдан тадбиркорлар ўрнатган махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш воситалари орқали ҳайдовчиларнинг хавфсизлик камаридан фойдаланиш қоидаларига риоя этмаслиги ҳолатларини ҳам аниқлашга рухсат берилиши, чорраҳа ва қайрилиб олиш жойлари яқинида айрим йўл ётиқ чизиқларини босиб ҳаракатланган ҳайдовчиларга нисбатан ЙПХ инспекторлари томонидан жарима баённомаси расмийлаштирилмаслиги ҳақида хабар берилганди.





