Logo

AI агентлар энди одамлар номидан харид қилмоқда — банклар хавотирда

Bugun 08:003 daqiqa

Сунъий интеллект одам ўрнига маҳсулот танлаб, буюртма бериши мумкин. Олти йирик банк бу технология фирибгарлик ва маълумотлар хавфини оширишидан огоҳлантирди.

AI агентлар энди одамлар номидан харид қилмоқда — банклар хавотирда

Сунъий интеллект асосидаги агентлар интернет-дўконларда фойдаланувчи номидан маҳсулот қидириш, танлаш ва харидни амалга оширишга яқинлашмоқда.

Бу модел «agentic commerce» — агентли савдо деб аталмоқда. Унда харидор ҳар бир қадамни ўзи бажариши шарт эмас: AI унга берилган вазифа асосида маҳсулотларни солиштиради ва харид жараёнини амалга ошириши мумкин.

OpenAI, Anthropic, Google ва Meta каби технологик компаниялар AI чатботларини харид воситаси сифатида ривожлантирмоқда. Шу билан бирга, ритейлерлар ҳам ўз маҳсулотларини AI тавсияларида кўпроқ кўрсатиш учун янги усулларни изламоқда.

Бу жараён аллақачон реал савдога таъсир қила бошлаган. Британиянинг йирик чакана савдо тармоғи John Lewis сентябр ойида AI агентларидан келаётган маҳсулот қидирувлари бир йил ичида 0,3 фоиздан 2,5 фоизга ошганини маълум қилди. Компания бу кўрсаткич ўсиши тезлашаётганини айтган.

Банклар нимадан хавотирда?

NatWest, Bank of America, ING, Capital One, Commonwealth Bank of Australia ва ASB Bank AI агентлари иштирокидаги савдо бўйича умумий тамойилларни ишлаб чиқди.

Уларнинг асосий хавотири — технология истеъмолчиларни ҳимоя қилиш стандартларидан тезроқ ривожланаётгани. Банклар бир нечта хавфни ажратган.
Масалан, AI агент фойдаланувчининг карта маълумотларини сўраши ва уларни тўғридан-тўғри сайтга киритиши мумкин. Шунингдек, агент харидорни истеъмолчи учун ҳимоя даражаси пастроқ бўлган тўлов усулига йўналтириши эҳтимоли ҳам бор.

Яна бир муаммо — AI нотўғри маҳсулотни сотиб олиши ёки белгиланганидан кўпроқ пул сарфлаши.

Бундан ташқари, фирибгарлар AI агентларини бузиб кириш ёки уларнинг ўрнига ўзини тақдим этиш орқали янги турдаги фирибгарлик схемаларидан фойдаланиши мумкин.

«Агар хато кетса, ким жавоб беради?»

Масалан, харидор AI’га маълум бир сумма доирасида маҳсулот топишни буюради. Агент эса бошқа маҳсулотни танлайди ёки қимматроқ вариантни сотиб олади.

Бундай ҳолатда савол пайдо бўлади: харидор, AI платформаси, дўкон ёки банкдан қайси бири жавобгар?

Банклар айнан шу каби масалалар бўйича аниқ қоидалар зарурлигини таъкидламоқда. Улар истеъмолчилар AI агент иштирокидаги операция билан боғлиқ муаммода кимга мурожаат қилишини аниқ билиши керак, деб ҳисоблайди.

Банклар қандай қоидаларни таклиф қилмоқда?

Олти банк «agentic commerce» учун бешта асосий йўналишни белгилаган:
— шаффофлик — харидда AI агент иштирок этаётгани маълум бўлиши;
— хавфсизлик — фирибгарлик ва рухсатсиз операциялардан ҳимоя;
— махфийлик ва маълумотларни ҳимоя қилиш;
— танлов ҳуқуқи — истеъмолчи ва сотувчи қайси AI хизматидан фойдаланишини ўзи танлаши;
— тизимлар ўзаро ишлай олиши — турли AI ва тўлов тизимлари бир-бири билан ишлай олиши.

Банклар, шунингдек, AI агентлари қандай қарор қабул қилаётгани ҳақида кўпроқ шаффофлик бўлишини таклиф қилмоқда.

Бу ҳали мажбурий қоида эмас


Муҳим жиҳати: банклар эълон қилган ҳужжат мажбурий стандарт ёки қонун эмас. Улар бу тамойилларни соҳадаги муҳокама учун таклиф қилган. Кейинги босқичда ушбу принципларни амалиётга қандай татбиқ этиш бўйича ишлаш ва бошқа банклар, технология компаниялари, савдо платформалари ҳамда регуляторларни жараёнга жалб қилиш режалаштирилган.

Шунинг учун ҳозирги босқичда гап AI орқали харидларни тақиқлаш ҳақида эмас. Аксинча, банклар AI одамлар номидан пул сарфлай бошлаганида амалдаги истеъмолчи ва тўлов ҳимояси қандай сақланиши кераклиги ҳақида қоидаларни олдиндан белгилашга уринмоқда.

Россия - Украина уруши

Сунъий интеллект

AI технологияларининг ўсиши ва хавфлари.

Teglar

Mavzuga oid