Сунъий интеллект эски самолёт двигателларига бўлган талабни ошириб юборди
СИ учун маълумотлар марказларининг кенгайиши электр ускуналари бозорида тақчилликни кучайтирди. Компаниялар энди янги турбиналарни кутиш ўрнига эски қурилмаларни қидирмоқда.
© Foto: PROENERGYСунъий интеллект технологияларини ривожлантириш мақсадида қурилаётган маълумотлар марказлари электр энергиясига бўлган талабни кескин оширмоқда. Оқибатда уларни электр билан таъминловчи газ турбиналарига ҳам эҳтиёж ортди. Бироқ ишлаб чиқарувчилар бу талабни тўлиқ қондира олмаяпти. Натижада энергетика компаниялари, маълумотлар маркази лойиҳачилари ва ускуналар етказиб берувчилар янги турбиналарни кутиш билан чекланмай, ишлатилган ёки таъмирланган қурилмаларни ҳам қидиришга мажбур бўлмоқда.
«Reuters» агентлигининг 9 ноябрда эълон қилинган таҳлилий материалида қайд этилишича, АҚШда газ турбинасига буюртма берилгач, уни етказиб бериш учун ўртача олти йил кутишга тўғри келмоқда. «Wood Mackenzie» энергетика консалтинг компанияси таҳлилчиси Аурора Тенорионинг таъкидлашича, АҚШ бозорида ускуналарни етказиб бериш бўйича музокаралар асосан 2030–2031 йилларга мўлжалланмоқда.
Муаммо кўлами глобал буюртмалар ва ишлаб чиқариш имкониятлари ўртасидаги тафовутда яққол кўзга ташланади. «Wood Mackenzie» маълумотларига кўра, 2025 йил охирида дунё бўйича газ турбиналарига берилган буюртмалар ҳажми 110 ГВт.га етган, глобал ишлаб чиқариш қуввати эса йилига бор-йўғи 60–70 ГВт атрофида бўлган.
«Wood Mackenzie»нинг 2026 йил 1 апрелдаги ҳисоботида ҳам бозордаги мазкур номутаносиблик қайд этилган. Унда газ турбиналари нархи 2027 йил охирига бориб ҳар бир киловатт учун 600 долларга етиши прогноз қилинган. Бу 2019 йилга нисбатан 195 фоизлик ўсиш деганидир. Компания таҳлилчиларига кўра, турбиналарни етказиб беришдаги олти йиллик кутиш муддати ва ишлаб чиқарувчиларнинг буюртмалар билан тўлиб тошгани янги электр станциялари лойиҳаларига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда.
Масалан, «Reuters» келтирган маълумотларга кўра, АҚШдаги маълумотлар марказларининг ўзи 2026 йилда газ турбиналари ёрдамида қопланиши керак бўлган қарийб 17 ГВт электр қувватига эҳтиёж сезмоқда. «Jefferies» инвестиция банки таҳлилчилари эса бу талаб 2028 йилга бориб уч баробардан кўпроққа ошиши мумкинлигини ҳисоблаб чиққан.
Нега маълумотлар марказларига шунча электр энергияси керак?
Маълумотлар маркази — интернет хизматлари, булутли платформалар, рақамли маҳсулотлар ва сунъий интеллект тизимларининг ишлашини таъминловчи серверлар жойлашадиган йирик инфратузилма мажмуаси ҳисобланади. Сунъий интеллект моделларини ўқитиш ва улардан фойдаланиш ҳам айнан шу марказларда амалга оширилади.
Уларнинг электр энергиясига эҳтиёжи фақат серверларнинг ишлаши билан чекланиб қолмайди. Ускуналарни совитиш ва инфратузилманинг узлуксиз фаолиятини таъминлаш учун ҳам жуда кўп қувват талаб этилади. Шу сабабли маълумотлар марказларида электр таъминотининг узилиши ёки қувват танқислиги уларнинг ишига тўғридан-тўғри хавф туғдиради.
Халқаро энергетика агентлигининг 2026 йилда эълон қилинган «Key Questions on Energy and AI» (Энергия ва сунъий интеллект бўйича асосий саволлар) ҳисоботида келтирилишича, маълумотлар марказларининг глобал электр истеъмоли 2025 йилда 485 тераватт-соатни ташкил этган. Агентлик ҳисоб-китобларига кўра, бу кўрсаткич 2030 йилга бориб 950 тераватт-соатга етиши мумкин. Яъни, беш йил ичида қарийб икки баробар ўсиш кутилмоқда.
Ҳисоботда қайд этилишича, 2025 йилда маълумотлар марказларининг умумий электр истеъмоли 17 фоизга ошган, сунъий интеллектга ихтисослашган марказларда эса бу кўрсаткич 50 фоизни ташкил қилган. Халқаро энергетика агентлиги (IEA) прогнозига кўра, 2030 йилгача айнан сунъий интеллект марказларининг электр истеъмоли бошқа марказларга қараганда анча тезроқ ўсади.
Самолёт двигатели қандай қилиб электр генераторига айланади?
Бозордаги энг ноодатий ечимлардан бири — илгари самолётларда ишлатилган двигателларни электр энергияси ишлаб чиқаришга мослаштиришдир. Бунда ишлатилган самолёт двигателини шунчаки электр тармоғига улаб қўйиш назарда тутилмаган. Двигателнинг асосий қисмлари қайта ишланади ва электр генераторини ҳаракатга келтириш учун махсус мослаштирилади.
АҚШ Энергетика вазирлиги газ турбиналарини икки асосий турга ажратади: оғир саноат турбиналари ва авиация двигателлари асосида ишлаб чиқарилган (aeroderivative) турбиналар. Иккинчи тур самолёт двигателлари технологиясига асосланади ва нисбатан ихчам тузилишга эга. Вазирликнинг газ турбиналари ишлаш механизмига оид изоҳида бу қурилмаларнинг қандай ишлаши батафсил тушунтирилган.
Жараённинг техник моҳияти қуйидагича: турбина ташқи ҳавони компрессор ёрдамида сиқади, сиқилган ҳаво ёниш камерасига узатилади ва у ерда ёқилғи билан аралашиб ёнади. Ҳосил бўлган юқори ҳароратли газ оқими турбина парракларини айлантиради. Турбина эса, ўз навбатида, генераторни ҳаракатга келтириб, электр энергияси ишлаб чиқаради.
Авиация двигателларини шундай қурилмаларга айлантириш билан шуғулланувчи корхоналардан бири АҚШнинг «ProEnergy» компаниясидир.
«Data Center Dynamics» нашрининг 2025 йил 22 октябрдаги хабарида ёзилишича, компаниянинг PE6000 газ турбиналари эски CF6-80C2 самолёт двигателларининг асосий қисмларидан фойдаланган ҳолда йиғилади. Бунда эски двигателга янги авиация турбинаси қисмлари, таянч конструкциялари ва бошқарув тизимлари ўрнатилади. Двигател конструкцияси ҳам тўғридан-тўғри электр генераторини айлантиришга мослаштирилади.
CF6-80C2 двигателлари аввал «Boeing 747-400», «Boeing 767», «MD-11» ҳамда «Airbus A300» ва «A310» каби йирик самолётларда қўлланилган.
«Data Center Dynamics» маълумотларига кўра, «ProEnergy» томонидан ишлаб чиқилган бундай қурилмаларнинг айримлари 48 МВт.гача электр ишлаб чиқариш қувватига эга. Компания вакилининг билдиришича, ўша пайтда иккита маълумотлар маркази лойиҳаси учун умумий қуввати 1 ГВт.дан ортиқ бўлган 21 та турбина сотилган. Бу қурилмалар маълумотлар марказлари асосий электр тармоғига тўлиқ улангунга қадар, яъни беш-етти йил давомида асосий электр манбаси сифатида ишлаши кўзда тутилган.
Ушбу ускуналарнинг кейинги тақдири ҳам олдиндан режалаштирилган: маълумотлар маркази асосий тармоққа улангач, турбиналардан захира электр манбаси сифатида фойдаланиш, уларни маҳаллий электр таъминоти корхоналарига сотиш ёки тармоққа қўшимча энергия етказиб беришга йўналтириш мумкин.
Бу эса бир пайтлар самолётларда парвоз қилган двигателларни янги энергетика инфратузилмасига жалб этишнинг ноёб имкониятини кўрсатади.
650 мегаваттлик буюртма ва ишлатилган турбиналар бозори
Мазкур йўналиш фақатгина тажриба ёки кичик лойиҳалар доирасида чекланиб қолмаяпти. 2026 йил апрел ойида АҚШда сунъий интеллект инфратузилмаси билан шуғулланувчи «Crusoe» компанияси «ProEnergy» билан йирик буюртма бўйича келишувга эришди.
«ProEnergy»нинг 2026 йил 16 апрелдаги расмий хабарига кўра, «Crusoe» учун 13 та «PE6000» аэродериватив газ турбина-генератор мажмуаси етказиб берилади. Ҳар бир қурилманинг электр ишлаб чиқариш қуввати 50 МВт бўлиб, уларнинг умумий қуввати 650 МВт.ни ташкил этади.
Компания маълумотига кўра, ушбу қурилмалар «Crusoe»нинг АҚШдаги йирик маълумотлар марказларини электр энергияси билан таъминлашга хизмат қилади. «Reuters» агентлиги ҳам 9 ноябрдаги материалида айни шу 13 та турбина буюртмасини тилга олиб ўтган.
Шу билан бирга, бозорнинг яна бир муҳим йўналиши — ишлатилган ва қайта таъмирланган газ турбиналари хариди ҳисобланади. «Reuters» билан суҳбатлашган ускуналар бозоридаги воситачилар ва сервис компаниялари вакиллари бундай қурилмаларга қизиқиш кескин ортганини тасдиқлаган.
Жумладан, АҚШда энергетика ускуналарига техник хизмат кўрсатувчи «Sulzer» компаниясининг Шимолий Америка бўйича иккиламчи бозор йўналиши раҳбари Дараюс Пардивала маълумотлар марказларидан ишлатилган газ турбиналарини излаш бўйича ҳар бир неча ҳафтада янги сўровлар келиб тушаётганини айтган.
Нархлар ҳам бу бозорнинг жозибадорлигини яққол тушунтиради. «Reuters» маълумотларига кўра:
Яхши сақланган, ишлатилган газ турбиналарининг бир мегаватт қуввати ўртача 1,5–1,7 миллион долларга баҳоланмоқда.
Қайта таъмирланган қурилмаларда бу кўрсаткич 1,3 миллион доллар атрофида.
Янги турбиналарнинг бир мегаватт қуввати эса 2–2,5 миллион долларга тушиши мумкин.
Бу рақамларни «Origin Partners» компанияси бошқарувчи ҳамкори Зак Мачука ва «Aurora Energy Research» маълумотлари асосида «Reuters» келтирган.
Мақолада кичикроқ турбиналар бозоридаги ўзига хос битим ҳам мисол тариқасида берилган. «ReflowX» компанияси бош директори Дэн Пулнинг маълум қилишича, «Solar Turbines» томонидан ишлаб чиқарилган, ҳар бири 14,5 МВт қувватга эга иккита турбина яқинда умумий ҳисобда 12,5 миллион долларга сотилган. Бу бир мегаватт қувват учун қарийб 430 минг доллар сарфланди, деганидир.
Пулнинг таъкидлашича, бундай ускуналарнинг янгиси тахминан 35 миллион долларга тушиши ва уларни етказиб бериш камида беш йилгача вақт олиши мумкин эди.
«Reuters» материалида келтирилган бу мисоллар янги ускуналарни узоқ кутиш ва ишлатилган қурилмаларни тезкор харид қилиш ўртасидаги улкан иқтисодий фарқни кўрсатиб беради.





