add

Алексеевга суиқасдда гумонланган шахс Дубайда қўлга олинди

Bugun 19:402 daqiqa

Россия ҳарбий разведкаси раҳбар ўринбосарига уюштирилган ҳужум бўйича асосий гумонланувчи БААда ушланиб, Москвага экстрадиция қилинди.

Алексеевга суиқасдда гумонланган шахс Дубайда қўлга олинди

Россия Қуролли кучлари Бош штаби Бош бошқармаси раҳбарининг биринчи ўринбосари, генерал-лейтенант Владимир Алексеевга нисбатан уюштирилган суиқасд иши бўйича асосий гумонланувчи Дубай шаҳрида қўлга олинди ва Россияга топширилди. Бу ҳақда The Moscow times хабар берди.

Маълумотларга кўра, қўлга олинган шахс Россия фуқароси, 66 ёшли Любомир Корба бўлиб, у суиқасднинг тўғридан-тўғри ижрочиси сифатида гумон қилинмоқда. Бирлашган Араб Амирликлари ҳуқуқ-тартибот идоралари уни қўлга олиб, расмий тартибда Москвага экстрадиция қилган.

Тергов доирасида Москвада яна бир гумонланувчи — 1959 йилда туғилган Виктор Васин ҳам қўлга олинган. Шунингдек, 1971 йилда туғилган Зинаида Серебритская ушбу жиноят ишига алоқадорликда гумонланмоқда. Россия федерал хавфсизлик хизматига кўра, у ҳозирда Украина ҳудудига чиқиб кетган. Махсус хизматлар ушбу шахсларни суиқасдни тайёрлаш ва амалга оширишда шерик сифатида баҳоламоқда.

Россия Тергов қўмитаси версиясига кўра, Любомир Корба 1960 йилда Тернопол вилоятида туғилган ва 2025 йил декабрида Украина махсус хизматларининг кўрсатмаси билан Москвага келган. Унга нисбатан террорчилик ҳаракатини амалга ошириш айби қўйилмоқда. Виктор Васинга эса қурол-яроғнинг ноқонуний муомаласи ҳамда ҳарбий хизматчининг ҳаётига тажовуз қилиш моддалари асосида айблов эълон қилинган.

Суиқасд 6 февраль куни эрталаб Москва шаҳри Волоколамское шоссесида содир этилган. Генерал Алексеев уйидан чиққанида, ўзини озиқ-овқат етказиб берувчи сифатида кўрсатган шахс томонидан ҳужумга учраган. Қуролли тўқнашув вақтида генерал қўл, оёқ ва кўкрак соҳасидан яраланган. Унинг фаол қаршилиги ҳужумни охирига етказишга йўл қўймаган.

Жабрланувчи оғир аҳволда шифохонага ётқизилган ва 7 февраль куни ўтказилган жарроҳлик амалиётидан сўнг ҳушига келгани маълум қилинган.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров мазкур ҳодисани «Киевнинг музокаралар жараёнини издан чиқаришга қаратилган навбатдаги провокацияси» сифатида баҳолади.

Украина ташқи ишлар вазири Андрей Сибига эса Киевнинг ушбу суиқасдга алоқадорлиги ҳақидаги айбловларни қатъий рад этди.

Teglar

Mavzuga oid