Logo

Реклама қонунчилигини бузган 12 блогер жазоланди

Kecha 12:002 daqiqa

Энди машҳур қўшиқчилар, актёрлар ва спортчиларнинг ижтимоий тармоқлардаги рекламалари ҳам назорат қилинади.

Реклама қонунчилигини бузган 12 блогер жазоланди © Sun'iy intelekt

Рақобат қўмитаси ижтимоий тармоқларда реклама қонунчилигига риоя этилиши юзасидан мониторинг ўтказиб, 12 нафар блогерга нисбатан маъмурий жавобгарлик чораларини қўллади.

Қўмитанинг маълум қилишича, ижтимоий тармоқларда фаолият юритаётган 110 нафар блогер рўйхати шакллантирилган. Уларнинг саҳифаларида жойлаштирилаётган реклама материаллари ҳар куни кузатиб борилмоқда.

Мониторинг давомида 12 нафар блогер «Реклама тўғрисида»ги қонун талабларига зид материалларни тарқатгани аниқланган. Қоидабузарларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда маъмурий жазо чоралари қўлланилган.

Шунингдек, қўмита таниқли қўшиқчилар, актёр ва актрисалар ҳамда спортчилар рўйхатини ҳам шакллантирган. Энди уларнинг ижтимоий тармоқлардаги реклама фаолияти ҳам мунтазам назорат қилинади.

Рекламадаги талаблар

Қўмита реклама берувчилар, тайёрловчилар ва тарқатувчиларни, жумладан, блогерлар ҳамда машҳур шахсларни қонунчилик талабларига қатъий риоя қилишга чақирди.

Хусусан, реклама материалларида истеъмолчиларни чалғитувчи, товар ва хизматлар ҳақида нотўғри тасаввур уйғотувчи маълумотларни тарқатиш мумкин эмаслиги таъкидланган.

Идора қонунчилик талабларини билмаслик жавобгарликдан озод этмаслигини эслатди. Шунингдек, ижтимоий тармоқлардаги рекламалар устидан назорат янада кучайтирилишини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Рақобат қўмитаси ижтимоий тармоқларда ахборот материали кўринишида яширин реклама тарқатаётган блогерлар, вайнерлар ҳамда ОАВ вакилларига нисбатан қонуний чоралар кўрилиши ҳақида хабар берганди.

Teglar

Mavzuga oid