Logo

Бизнесни рўйхатга олишда маҳалладаги ҳунармандлардан тортиб йирик заводларгача ҳисобга олинмоқда

Kecha 18:383 daqiqa

Кўпинча расмий ҳисоботларда кўринмайдиган оилавий меҳнат, мавсумий хизматлар ва интернет савдоси каби йўналишлар ҳудудларнинг ҳақиқий салоҳиятини баҳолаш учун ўрганилмоқда.

Бизнесни рўйхатга олишда маҳалладаги ҳунармандлардан тортиб йирик заводларгача ҳисобга олинмоқда

Бугун Ўзбекистон маҳаллаларида, бозорларида ва рақамли маконда қизғин иқтисодий ҳаёт қайнамоқда. Кимдир уй шароитида буюртмага мебел ясайди, кимдир ширинлик пишириб сотади, яна кимдир интернет орқали масофавий хизмат кўрсатади. 15-октябрдан 30-ноябргача мамлакатимизда ўтказилаётган бизнесни рўйхатга олиш тадбири айнан шу жонли иқтисодий манзарани борича кўриш ва келгуси қарорлар учун мустаҳкам пойдевор яратишга қаратилган.
 
Иқтисодиёт шиддат билан ўзгараётган даврда фақат қоғоздаги умумий рақамларга таяниб бўлмайди. Корхона бир туманда рўйхатдан ўтган бўлса-да, амалда бошқа ҳудудда ишлаб чиқаришни йўлга қўйган бўлиши, якка тартибдаги тадбиркор эса анъанавий дўкон билан бирга ижтимоий тармоқларда ҳам савдо қилиши мумкин. Ҳар бир туман ва шаҳар ўзига хос иқтисодий қиёфага эга: бир жойда ҳунармандчилик, бошқа жойда оилавий тадбиркорлик ёки хизмат кўрсатиш устунлик қилади.
 
Агар маҳаллада уйда тикувчилик қилаётган аёл, маиший техника тузатаётган уста ёки оилавий новвойхона меҳнати статистик ҳисобдан четда қолса, ўша ҳудуддаги ҳақиқий бандлик ва хизматлар кўлами тўлиқ кўринмайди. Шу боис Президентнинг 2026-йил 10-сентябрдаги ПФ-190-сон Фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2026-йил 9-октябрдаги 557-сон қарори асосида ташкил этилган мазкур тадбир йирик корхоналардан тортиб ўзини ўзи банд қилган шахсларгача, ҳатто давлат рўйхатидан ўтмасдан амалда фаолият юритаётган фуқароларни ҳам қамраб олмоқда.
 
Ишонч — ҳаққоний статистиканинг бош шарти
 
Тадбиркор ёки ҳунармандда “Берган маълумотим ўзимга қарши ишлатилмайдими?” деган савол туғилиши табиий. Қонунчилик бу борада аниқ ва қатъий кафолат беради:
 
Текширув ёки жазо воситаси эмас: рўйхатдан ўтмаган фаолиятни қайд этиш кимнидир жавобгарликка тортиш ёки солиқ текшируви ўтказиш учун эмас, балки мамлакатда яратилаётган иқтисодий қийматни тўлиқ ҳисобга олиш учун амалга оширилади;


Қонуний махфийлик: “Расмий статистика тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, индивидуал маълумотлар сир сақланади ва фақат умумлаштирилган статистик кўрсаткичларни шакллантиришда ишлатилади;


Очиқ ва холис мулоқот: маҳаллаларда ҳоким ёрдамчилари, бозор ва савдо мажмуаларида эса статистика ходимлари махсус кийим ва бейдж билан фаолият юритмоқда. Рўйхатга олувчи тасдиқланган саволномадан ташқари савол бериши ёки жавобни тахмин асосида ўзгартириши мумкин эмас. Шубҳали ҳолатларда ёки тушунтириш олиш учун 1851 қисқа рақамли алоқа марказига мурожаат қилиш имконияти мавжуд.
 
Қулай рақамли ечимлар ва келгуси енгилликлар
 
Жараёнда замонавий рақамли технологиялар кенг қўлланилмоқда. Йирик ва кичик юридик шахслар батафсил кўрсаткичларни hisobot.stat.uz тизими орқали, ўзини ўзи банд қилганлар эса census.stat.uz портали орқали уйдан ёки иш жойидан чиқмасдан онлайн тўлдириши мумкин. Планшетлар орқали йиғилаётган маълумотлар эса мантиқий хатоларга дастлабки босқичдаёқ автоматик тарзда текширилади.
 
Энг муҳими, бугун берилган аниқ маълумот эртага тадбиркорнинг ўзига қулайлик бўлиб қайтади. Янгиланган бизнес-регистр асосида 2027-йил 1-январдан бошлаб микрофирма ва кичик корхоналар чораклик танланма кузатувларга йилига кўпи билан бир марта жалб этилади, 2030-йилга бориб эса тадбиркорларнинг статистик ҳисобот юки 20 фоизга камайтирилади.
 
Ҳудудларда инфратузилма, кадрлар тайёрлаш ва экспортни қўллаб-қувватлаш дастурлари тахминларга эмас, балки 2027-йил 1-июнгача (дастлабки) ва 1-сентябргача (якуний) эълон қилинадиган аниқ таҳлилларга таянади.

Teglar

Mavzuga oid