Logo

«BlackRock» 2027-йилда Тошкент халқаро молия марказини ишга туширишга кўмаклашади

Bugun 11:212 daqiqa

Саида Мирзиёева Нью-Йоркда «BlackRock» раҳбарияти билан учрашиб, 2027-йилда Тошкент халқаро молия марказини ишга тушириш ва АҚШ инвесторлари билан ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди.

«BlackRock» 2027-йилда Тошкент халқаро молия марказини ишга туширишга кўмаклашади © Saida Mirziyoyeva Telegram kanali

Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева 24-сентябрь куни Нью-Йоркда «BlackRock» раҳбарияти билан учрашиб, Тошкент халқаро молия марказини ташкил этиш ва АҚШ инвесторлари билан ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди.

Учрашувда «BlackRock» компанияси президенти Роберт Капито қаторида вице-раис Томас Донилон, «Global Infrastructure Partners» раиси ва бош ижрочи директори Адебайо Огунлеси, шунингдек, «BlackRock»нинг молиявий ва стратегик инвесторлар гуруҳи глобал раҳбари ҳамда Яқин Шарқ бўйича раҳбари Чарльз Хатами иштирок этган.

Мулоқотнинг асосий мавзуларидан бири 2027-йилда Тошкент халқаро молия маркази фаолиятини йўлга қўйиш масаласи бўлган.

«Мулоқот давомида 2027-йилда Тошкент халқаро молия маркази фаолиятини йўлга қўйиш масаласини муҳокама қилдик. «BlackRock» ушбу Марказ концепцияси ва тузилмасини ишлаб чиқишда кўмаклашмоқда», деб ёзади Мирзиёева.

АҚШ бизнесменлари билан муҳокама

Учрашувлар доирасида АҚШ ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида қўшма давра суҳбати ҳам ўтказилган.

Унда Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг яқин ўн йилликларга мўлжалланган ривожланиш истиқболлари, шунингдек, минтақага сармоя жалб қилиш имкониятлари юзасидан фикр алмашилган.

Саида Мирзиёеванинг таъкидлашича, Ўзбекистон йирик, самарали ва сифатли сармоялар учун янги имкониятлар майдонига айланмоқда.

«BlackRock» компанияси раҳбарлари Ўзбекистонга ташрифи

Еслатиб ўтамиз, июль ойида «BlackRock» компанияси раҳбарлари Ўзбекистонга ташрифи доирасида Президент Шавкат Мирзиёев қабулида бўлган.

«BlackRock» директорлар кенгаши аъзоси ва катта бошқарувчи директори Адебайо Огунлесининг маълум қилишича, томонлар газни суюқ ёқилғига айлантириш (GTL) лойиҳаси ҳамда Ўзбекистонда халқаро молиявий марказ ташкил этиш ташаббусини ҳам муҳокама қилган.

Шунингдек, «BlackRock» сунъий интеллект инфратузилмаси, маълумотларни қайта ишлаш марказлари ва уларни бошқарувчи компанияларга сармоя киритиш режалари устида ишламоқда.

Адебайо Огунлеси Ўзбекистонни инвестиция киритиш учун жозибадор мамлакат деб атаган. Яқинда бўлиб ўтган «Тошкент халқаро инвестиция форуми»да АҚШнинг 200 дан ортиқ компанияси иштирок этгани мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларга қизиқиш юқори эканини кўрсатади.

Унинг фикрича, «BlackRock» Ўзбекистонни Марказий Осиёнинг енг жадал ривожланаётган иқтисодиётларидан бири, минтақага чиқиш дарвозаси ва Шарқ ҳамда Ғарбни боғловчи муҳим кўприк сифатида баҳолайди.

Teglar

Mavzuga oid