
БМТ Исроилдан зўравонликни тўхтатишни талаб қилди
Ғарбий соҳилда ўн минглаб одам ўз уй-жойидан ҳайдаб чиқарилган.

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси вакили Тамин ал-Хитан Иордан дарёсининг ишғол қилинган Ғарбий соҳилида Исроил томонидан фаластинликлардан тортиб олинган ерларни тажовузкорона ва ноқонуний кенгайтиришни зудлик билан тўхтатишга чақирди.
Женевадаги ҳафталик матбуот анжуманида сўзга чиққан вакилнинг таъкидлашича, Ғарбий соҳилда янги ҳужумлар ва Исроил манзилгоҳларини қуриш режалари Фаластин давлати мавжудлигига ҳамда фаластинликларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини амалга оширишига жиддий хавф туғдирмоқда.
Рейдлар ва мажбурий кўчиришлар
Унинг сўзларига кўра, 12 январ куни Исроил хавфсизлик кучлари Шарқий Қуддусда кенг кўламли рейд ўтказган ва фаластинликлар яшайдиган камида иккита мавзега ҳужум қилган. Шунингдек, у бутун Ғарбий соҳил бўйлаб кўплаб рейдлар ўтказилгани, аҳолини кўчириш ҳақида буйруқлар берилгани ва ўнлаб одамлар ҳибсга олингани ҳақида маълум қилди.
«Босқин остида яшаётган аҳолини ноқонуний қувиш ёки кўчириш ҳарбий жиноят ҳисобланади. Муайян шароитларда бу инсониятга қарши жиноят сифатида ҳам баҳоланиши мумкин», — деди ал-Хитан.
Ўн минглаб фаластинликлар уй-жойсиз қолмоқда
У ўтган йилдан бери босиб олинган Ғарбий соҳилда ўн минглаб фаластинликлар ўз уй-жойларидан мажбуран чиқариб юборилганини эслатиб ўтди.
«Женин, Тулкарм ва Нур-Шамс қочқинлар лагерларидан мажбуран чиқариб юборилган 32 мингдан ортиқ одам ҳамон ўз уйларига қайта олмаяпти. Кўплаб уйлар Исроил кучлари томонидан вайрон қилинган», — дея қайд этди у.
Ал-Хитан Исроил хавфсизлик кучлари кўмагида ва иштирокида исроиллик кўчманчилар томонидан қўлланилаётган шафқатсиз зўравонликлар ҳамда ҳаракатланишга қўйилган қатъий чекловлар фаластинликларни ўз ерларидан қувиб чиқариш жараёнини тезлаштираётганини таъкидлади.





