add

Болакай миллатчи қурбони бўлди

Kecha 23:182444 daqiqa

10 яшар боланинг ўлдирилиши. Бугун дунё медиаси тожикистонлик Қобилжон Алиев ҳақида гапирмоқда. У миллатчилик қурбони бўлди.

Қотиллик қандай содир бўлди?

16 декабр куни Москва областидаги мактабда тожикистонлик 10 яшар Қобилжон Алиев шу мактабнинг 9-синф ўқувчиси Тимофей томонидан пичоқлаб ўлдирилди. Ҳодиса Горки-2 элита қишлоғида жойлашган Успенский мактабида содир бўлган. 15 ёшли ўсмир аввал қўриқчига, сўнг 4-синф ўқувчисига ҳужум қилган. 10 ёшли Қобилжон қочишга ҳар қанча уринмасин, қотилнинг қўлидан қутулолмади ва вафот этди.

Тармоқларда тарқалган видеолардан кўриш мумкинки, мактабга қўлида пичоқ билан кирган қотил олдидан чиққан мактаб ўқувчиларидан миллатини сўраган ва шунга қараб иш қилган.

Ҳужумчи мактабга «No Lives Matter», яъни «Ҳеч кимнинг ҳаёти аҳамиятга эга эмас» ёзуви туширилган футболкада кириб борган. Хорижий ОАВларда айтилишича, ушбу ўсмирнинг бошида америкалик неонацист, 2015 йилда Чарлстон шаҳридаги черковда тўққиз нафар қора танлини ўлдирган Дилан Руфдан иқтибослари ёзилган шлем бўлган.

2

Шлемдаги ибора шундай кўринишда: «Буни мен қилишимга тўғри келди, чунки кимдир нимадир қилиши керак эди». «Осторожно, новости»нинг қайд этишича, бу иқтибоснинг давоми қуйидагича: «Чунки, биласизки, қора танлилар ҳар куни кўчаларда оқ танлиларни ўлдирмоқда».

4

Энг даҳшатлиси, қотил ўз ҳужумини видеога олган. Кадрда у ўқитувчи билан турган ўқувчилар гуруҳи олдига боргани ва улардан қайси миллатдан эканини сўрагани акс этган. Шу пайтда орқадан мактаб қўриқчиси яқинлашиб келган, Тимофей эса унга аввал қалампирли баллон билан ҳужум қилган, пичоқ билан бир марта зарба берган, кейин эса ўқувчилар томонга қараб югурган.

Қотил 10 ёшли Қобилжонга етиб олиб, унинг турли жойларига бир неча марта пичоқ санчган. Mash телеграм-каналининг ёзишича, у бу ҳолат акс этган видеони ўзининг шахсий телеграм-каналига жойлаштирган.

«Осторожно, новости» томонидан эълон қилинган яна бир видеода Тимофей синфхоналардан бирига кирган ва «ўзи исмини эслай олмаган, қораматир» ўқитувчи бугун мактабга келган-келмаганини сўраган. Хонадаги ўқитувчи инкор маъносида жавоб қайтарган ва айнан кимни излаётганини сўраган, кейин эса уни навбатчи ва қўриқчининг олдига олиб боришга уринган. «Мен барибир умрбод қамоқда ўтираман», — деган ўсмир. Ўқитувчининг «нима қилаётгани» ҳақидаги кейинги саволига «Википедияда ўқийсиз», дея жавоб берган.

Маҳаллий телеграм-каналларга кўра, Тимофей ҳужумдан олдин синфдошларига «Менинг ғазабим» номли манифестини юборган. У 1999 йилда «Колумбайн» мактабида отишма уюштириб, 13 кишини ўлдирган икки ўқувчидан бири бўлган Эрик Харрисдан олинган иқтибос билан бошланган. Бу манифестда Тимофей жамиятдан нафратланишини ёзиб, одамларни «биочиқинди» деб атаган, муаммоларда эса мусулмонларни, LGBTни, яҳудийларни, антифашистларни, либералларни ва мухолифатчиларни айблаган. 

Миллатчи қотилнинг қўлга олиниши

Ҳодиса содир бўлганидан сўнг, воқеа жойига ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари етиб борган ва вазиятни назоратга олиб, махсус кучлар ёрдамида ўсмирни қўлга олган.

Тергов қўмитаси Россия Жиноят кодексининг 105-моддаси (қотиллик) ва Россия Жиноят кодексининг 30-моддаси 3-қисми, 105-моддаси 2-қисми (икки ёки ундан ортиқ одамни ўлдиришга уриниш) бўйича жиноий иш қўзғатди. Тергов қўмитаси ҳибсга олинган 15 ёшли ўсмир сўроқ пайтида айбини тан олганини, жиноятга тайёргарлик кўриш ва тафсилотларни ҳам баён қилганини маълум қилди.

Москва области губернатори Андрей Воробйов мактаб ўқувчиларига қилинган ҳужумни «даҳшатли, ҳаддан ташқари шафқатсизлик» деб атади. 

Россиянинг Тожикистондаги элчиси ТИВга чақиртирилди

Россиянинг Тожикистондаги элчиси Семён Григорев Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилган. Унга Россия томонидан ушбу фожиали ҳодисани зудлик билан, холис ва бегараз тергов қилиш ҳамда барча алоқадор шахсларни қонуннинг бутун қатъийлиги бўйича жавобгарликка тортиш талаби билан нота топширилган.

Миллатчилик қурбони Қобилжоннинг жасади 18 декабрь куни эрталаб Тожикистондаги уйига олиб келинди ва видолашув маросими учун Шаҳринав туманидаги Аджам қишлоғида, қариндошининг уйига кўчирилди.

4


Кучли ёғингарчиликка қарамай, Тожикистоннинг бир нечта ҳудудларидан кўплаб одамлар видолашув маросимида иштирок этди.

Қурбон ва ҳужумчининг ота-онаси ким?

10 ёшли Қобилжон Алиевнинг онаси фарзанди ўқиган мактабда фаррош сифатида ишлаган. Қобилжоннинг оиласи бундан 4 йил аввал Россияга Тожикистоннинг Ҳисор вилоятидан кўчиб борган, 3 йил аввал отаси оламдан ўтган, онаси икки нафар эгизак фарзандини шу мактабда фаррошлик қилиб боқиб келаётган эди.

1

Ҳужумчи Тимофейнинг отаси мустақил тадбиркор, онаси эса ҳамширадир. Илгари улар Президент Мулкини Бошқариш Дирекциясига боғлиқ муассасаларда ишлаган. Оила Горки-2 яқинидаги шаҳарда яшаган. Тергув маълумотларига кўра, Тимофейнинг шахсий контакт ёзувларида дўсти уни «Натсист» деб номлаган.

3

Сўнгги йилларда Россия сиёсий майдонида, жумладан депутатлар ва партия етакчилари томонидан мигрантларга нисбатан танқид ва чекловлар ошди. Улардан бири болаларни мактабга қабул қилмаслик ёки «ўз юртингга қайт» дейиш каби талаблар билдирган бўлса, бошқалари мигрантларни ҳарбий хизматга чақириш ёки Россиядан чиқариб юбориш каби шартларни илгари сурди.

Натижада, меҳнат қилган, солиқ тўлаган ва ўз оиласига ҳамда Россия иқтисодиётига ёрдам бермоқчи бўлган оддий мигрантлар доимий қийинчиликлар билан юзлашмоқда. Шу билан бирга, ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан мигрантларга нисбатан рейдлар давомида қўпол муносабат, куч ишлатиш ва инсоний қадр-қимматни таҳқирлаш ҳолатлари тобора кўпайган.

Human Rights Watch нашрида эълон қилинган мақолага кўра, Россияда фаолият юритаётган Марказий Осиё мигрантлари доимий қийинчиликлар ва таҳқирга дуч келмоқда. Улар полисия томонидан асоссиз тўхтатилиб, пора талаб қилиниши, баъзида ҳибсга олиниши, қоронғи ва етарлича жиҳозланмаган ҳибсхоналарида сақланиши каби муаммоларни бошдан кечирмоқда.

Бир сўз билан айтганда, сўнгги йилларда Марказий Осиёлик мигрантларга бўлган муносабат жиддий ўзгарган.

Teglar

Mavzuga oid