Бойсун–Денов йўлининг биринчи босқичи фойдаланишга топширилди
Сурхондарёда Бойсун–Денов йўлини реконструкция қилишнинг биринчи босқичи якунланди. Йўлни реконструкция қилиш бўйича Шавкат Мирзиёев 2023-йилда топшириқ берганди. Ўшанда президент йўлнинг ҳолатини шахсан кўриш учун автомобилни ўзи бошқарган.
© Surxondaryo viloyati hokimligiСурхондарё вилоятида умумий узунлиги 111 километр бўлган Дарбанд–Бойсун–Элбаён автомобиль йўлини қуриш ва реконструкция қилиш лойиҳасининг биринчи босқичи якунланди. 30 август куни 5–32,5 километр оралиғидаги 27,5 километрлик йўл қисми фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, йўлнинг 7,1-километрида жойлашган йўл ўтказгичда лойиҳанинг биринчи босқичи якунлангани муносабати билан тантанали тадбир ўтказилди. Унда Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов, нуронийлар, фаоллар, мутасаддилар, пудратчилар ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тантанали тадбир ўтказилган йўл ўтказгичнинг узунлиги 60 метр, эни 15,7 метр, ер сатҳидан баландлиги эса 9 метрни ташкил этади. Объект йўлнинг муҳим инфратузилма қисмларидан бири ҳисобланади.
Шунингдек, лойиҳа доирасида 7 та кўприк ва тунги ёритиш тизими билан жиҳозланган 8 километрлик пиёдалар йўлаги ҳам қурилган.
Маълумот учун, лойиҳани Озарбойжоннинг «Lankaran Yol Tikinti» компанияси халқаро пудратчи сифатида амалга оширмоқда. Молиялаштиришда Осиё тараққиёт банки маблағлари иштирок этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Бойсун–Денов йўлини реконструкция қилиш масаласи 2023-йил март ойида президент Шавкат Мирзиёевнинг Сурхондарёга ташрифи давомида кўтарилган. Давлат раҳбари ўша пайтда йўлнинг ачинарли ҳолатини шахсан кўриш учун автомобилни ўзи бошқарган.





