Logo

BRICS банки Ўзбекистонга илк бор 300 млн доллар кредит ажратди

Bugun 13:383 daqiqa

Кредит маблағлари Ўзбекистонда шамол, гидро ва атом энергетикасини ривожлантириш дастурларини молиялаштиришга сарфланади. Ўзбекистон банкнинг энг янги аъзоси, шунингдек, Марказий Осиёдан унга қўшилган биринчи давлат ҳисобланади.

BRICS банки Ўзбекистонга илк бор 300 млн доллар кредит ажратди © NDB

BRICS давлатлари томонидан ташкил этилган Янги тараққиёт банки (ЯТБ) Ўзбекистон ҳукуматига илк бор кредит ажратади. Бунинг учун 300 миллион долларлик кредит шартномаси имзоланган. Маблағ Марказий Осиё мамлакатida кам углеродли энергетика секторини ривожлантириш лойиҳасининг дастлабки босқичига йўналтирилади. Бу ҳақда халқаро молия ташкилоти расмий сайтида маълум қилинди.

Банк маълумотига кўра, кредит маблағлари Ўзбекистонда шамол, гидро ва атом энергетикасини ривожлантириш дастурларини молиялаштиришга сарфланади. Лойиҳа мамлакатда кам углеродли энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтиришга хизмат қилади. Бу орқали ички эҳтиёжни электр энергияси билан таъминлаш ва табиий газга қарамликни камайтириш кўзда тутилган. Шунингдек, режалаштирилган чора-тадбирлар атмосферага чиқариладиган иссиқхона газлари миқдорини қисқартиришга ёрдам беради.

Лойиҳа Ўзбекистоннинг 2030-йилгача мўлжалланган тараққиёт стратегиясига ҳам мос келади. Уни амалга ошириш натижасида аҳоли ва саноат корхоналарига электр энергияси етказиб бериш ҳажмини ошириш ҳамда мамлакатнинг барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланишини қўллаб-қувватлаш кутилмоқда.

«Ушбу кредит Янги тараққиёт банкининг Ўзбекистон билан ҳамкорлигида муҳим қадам бўлди. Ўзбекистон банкнинг энг янги аъзоси, шунингдек, Марказий Осиёдан унга қўшилган биринчи давлат ҳисобланади», — деди Янги тараққиёт банки вице-президенти ва бош операцион директори Роман Серов.

Унинг қўшимча қилишича, банк Ўзбекистонда инфратузилмани ривожлантиришга қаратилган лойиҳалар портфелини кенгайтирмоқда. Бунда янги молиявий воситалардан фойдаланиш режалаштирилган.

Маълумот учун, Янги тараққиёт банки 2015-йилда BRICS’нинг дастлабки аъзолари — Россия, Бразилия, Ҳиндистон, Хитой ва Жанубий Африка Республикаси томонидан ташкил этилган. Банкнинг асосий мақсади ривожланаётган мамлакатлардаги лойиҳаларни молиялаштириш учун маблағ жалб қилишдан иборат. 2021-йилда банк ўзини ташкил этган давлатлардан ташқари бошқа мамлакатларни ҳам аъзоликка қабул қила бошлади. Шундан буён аъзо давлатлар сони ортиб бормоқда.

Ҳозирда банк таркибида 10 та мамлакат бор. Таъсисчи давлатлардан ташқари Бангладеш, Бирлашган Араб Амирликлари, Миср, Жазоир ва Ўзбекистон ҳам унга аъзо. Ўзбекистон Янги тараққиёт банкига 2026-йил июнь ойида қўшилган.

BRICS — 2009-йилда ташкил этилган давлатлар бирлашмаси. Ҳозирда унинг таркибига Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой, Жанубий Африка Республикаси, БАА, Эрон, Миср, Эфиопия ва Индонезия киради. Қозоғистон ва Ўзбекистон каби бир нечта давлат эса BRICS ҳамкорлари мақомига эга.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жаҳон банки Самарқандда тиббиётни ривожлантириш учун 100 миллион доллар ажратганди. Осиё тараққиёт банки Ўзбекистонда турли соҳаларни ривожлантириш учун бир қатор кредитлар ажратиши ҳақида хабар берилганди. Жумладан, банк яримўтказгич саноатини ривожлантириш учун 50 минг доллар, электр тақсимлаш тизимини модернизация қилиш учун эса 200 млн доллар кредит ажратади. Электр тармоқларини янгилаш дастурига Жаҳон банки ҳам 100 млн доллар йўналтиришни режалаштирган.

Шунингдек, ОТБ Ўзбекистонда чорвачиликни ривожлантириш учун 60 млн доллар имтиёзли кредит ажратади. Лойиҳа беш ҳудуддаги қарийб 29 мингта фермер хўжалигини қамраб олади. Унга қўшимча равишда 8 млн доллар грант ҳам жалб қилинади.

Teglar

Mavzuga oid