«Бу биз учун қизиқ эмас»: Шимолий Корея АҚШ президенти баёнотига кескин жавоб қайтарди
Трамп Жанубий Корея билан ҳарбий машқларни қисқартирди, аммо Пхеньян буни яхши ният белгиси сифатида қабул қилишдан бош тортди.

Шимолий Корея АҚШ президенти Доналд Трампнинг Жанубий Корея билан қўшма ҳарбий машқларни қисқартириш қарорини аҳамиятсиз деб баҳолади.
«The New York Times» ёзишича, Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Иннинг синглиси ва нуфузли маслаҳатчиси Ким Ё Чжон қисқартирилган машқлар ҳам Пхеньян учун «провокацион ва тажовузкор ҳаракат» бўлиб қолишини билдирди.
«Агар АҚШ ўзининг сўнгги чоралари яхши ният ифодаси сифатида қабул қилинишидан умид қилса, улар истаган жавобларини ололмайди. Бу биз учун қизиқ эмас»,— деди Ким Ё Чжон.
У Трампнинг Ким Чен Ин унинг мурожаатига жавоб қайтаргани ҳақидаги баёнотини ҳам рад этди. Унинг сўзларига кўра, Пхеньян ва Вашингтон ўртасидаги бундай мулоқот ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ.
Машқлар эрта якунланди
Баёнот Пентагон АҚШ ва Жанубий Кореянинг қўшма ҳарбий машқлари режалаштирилган муддатдан бир ҳафта олдин якунланганини эълон қилганидан кейин янгради.
АҚШнинг минтақадаги иттифоқчилари бу машқларни ҳарбий тайёргарлик ва тийиб туриш сиёсати учун муҳим деб ҳисоблайди. «The New York Times» нашрига кўра, Трампнинг машқларни қисқартириш қарори Жанубий Кореянинг Эронга қарши урушга қўшилишдан бош тортганига жавоб сифатида ҳам баҳоланган.
Трамп шунингдек, жорий йил охирига қадар Ким Чен Ин билан учрашишни кутаётганини билдирган. Бироқ Пхеньяннинг сўнгги баёноти бундай учрашувга тайёргарлик борасидаги кутилмаларни савол остига қўймоқда.
Трампдан сигнал
16 август куни Трамп Пентагон раҳбари Пит Хегсетга АҚШ ва Жанубий Корея қўшма ҳарбий машқлари кўламини қисқартиришни топширганини айтди.
У Ким Чен Ин билан «жуда яхши муносабатлар»га эга эканини таъкидлаб, аввалдан келишилган машқлар Шимолий Кореяга «мутлақо ноўрин душманлик сигнали» юбораётганини билдирди.
Трампнинг фикрича, унинг президентлиги даврида Шимолий Корея АҚШ учун таҳдид туғдирмаган. Аммо Ким Ё Чжоннинг жавоби Пхеньян Вашингтоннинг ҳарбий машқларни қисқартиришини муносабатларни яхшилаш учун етарли қадам деб ҳисобламаётганини кўрсатди.





