Logo

Даромад ошса, характер ҳам ўзгарадими? Олимлар 134 мингдан ортиқ кишини ўрганди

Bugun 08:004 daqiqa

11 та узоқ муддатли тадқиқот таҳлили шуни кўрсатдики, даромад ва шахс хусусиятлари ўртасида икки томонлама боғлиқлик бор.

Даромад ошса, характер ҳам ўзгарадими? Олимлар 134 мингдан ортиқ кишини ўрганди © Foto: Stat.uz

Даромаднинг ошиши инсоннинг нафақат молиявий имкониятини кенгайтиради, балки унинг айрим шахсий хусусиятларига ҳам таъсир ўтказиши мумкин. Халқаро тадқиқотчилар 134,5 мингдан ортиқ ишчи-ходимнинг маълумотларини таҳлил қилиб, даромаднинг ўзгариши ва инсон характери ўртасидаги боғлиқликни ўрганиб чиқди. Натижалар бу муносабатнинг бир томонлама эмаслигини кўрсатди: яъни даромаднинг ўзгариши инсон характерига таъсир қилса, ўз навбатида, характердаги ўзгаришлар ҳам келажакдаги даромадга бевосита алоқадор бўлиши мумкин.

Мазкур тадқиқот «Psychological Bulletin» илмий журналида чоп этилган. Унинг муаллифлари қаторидан Хитойнинг Гонконг университети, шунингдек, АҚШ, Хитой, Австралия ва Германия олий таълим муассасалари олимлари жой олган.

11 та тадқиқот ва 134,5 мингдан ортиқ иштирокчи

Вен-Донг Ли, Каили Ю ва бошқа олимлар ҳаммуаллифлигидаги ушбу тадқиқотда 11 та йирик ва узоқ муддатли маълумотлар базаси бирлаштирилди. Умумий таҳлилда тахминан 134 515 нафар ходим қамраб олинди. Ушбу маълумотлар АҚШ, Германия, Нидерландия, Норвегия ва Австралияда ўтказилган изланишлардан олинган.

Тадқиқотларнинг давомийлиги 4 йилдан 20 йилгача бўлган даврни ўз ичига олади. Иштирокчиларнинг даромади ва шахсий хусусиятлари турли даврларда қайта-қайта ўлчаб борилган. Бу олимларга шунчаки бой ва камбағал одамлар ўртасидаги фарқни эмас, балки айнан бир инсоннинг даромади ошганидан ёки тушганидан кейин унинг характерида қандай ўзгаришлар кузатилганини таҳлил қилиш имконини берди.

Олимлар изланишни вақт ўтиши билан юз берадиган ўзаро таъсирларни ҳисобга олувчи таҳлил усулида олиб борди. Бундан кўзланган асосий мақсад — даромад ва характер ўртасидаги боғлиқлик қайси йўналишда намоён бўлишини ҳамда бу жараён вақт ўтиши билан қандай ўзгаришини аниқлаш эди.

Одамнинг қайси хусусиятлари ўзгариши мумкин?

Тадқиқотда психологияда кенг қўлланадиган «Катта бешлик» («Big Five») модели асос қилиб олинди. Мазкур модел инсон шахсини бешта асосий хусусият орқали тавсифлайди: масъулиятлилик, ҳиссий барқарорлик, экстраверсия (киришимлилик), келишувчанлик ва янгиликларга очиқлик.

Унга кўра, масъулиятлилик — инсоннинг тартибли, интизомли ва ўз вазифаларига масъулият билан ёндашишини англатади. Ҳиссий барқарорлик эса стресс ҳолатларида ўзини бошқара олиш ва хотиржамликни сақлаш билан боғлиқ. Экстраверсия — одамлар билан мулоқот қилиш ва ижтимоий фаолликка интилишни, келишувчанлик эса бошқалар билан ҳамкорлик ва муроса қила олишни ифодалайди. Янгиликларга очиқлик бу — янги тажриба ва ғояларга бўлган қизиқишдир.

Тадқиқотчилар даромаднинг ушбу хусусиятларнинг ҳар бири билан алоқасини алоҳида текширди. Натижада бешта хусусиятнинг тўрттасида даромад ўзгариши билан боғлиқ статистик аҳамиятга эга силжишлар аниқланди. Бироқ бу ўзгаришларнинг йўналиши ва таъсир кучи турлича бўлган.

Даромад ошганда қандай ўзгаришлар кузатилган?

Таҳлилларга кўра, инсон даромадининг ошиши кейинчалик унинг масъулиятлилик ва ҳиссий барқарорлик даражасининг бироз ўсишига олиб келган. Бошқача айтганда, даромади одатий даражадан кўтарилган иштирокчилар кейинги кузатувларда ўз вазифаларига кўпроқ масъулият билан ёндаша бошлаган ва уларда ҳиссий барқарорлик кучлироқ намоён бўлган.

Шу билан бирга, даромаднинг ортиши ортидан экстраверсия ва келишувчанлик кўрсаткичларида бироз пасайиш ҳам кузатилган. Янгиликларга очиқлик хусусияти эса даромад билан ҳеч қандай статистик боғлиқлик кўрсатмаган.

Боғлиқлик тескари йўналишда ҳам аниқланган

Тадқиқотнинг яна бир эътиборга молик жиҳати шундаки, олимлар фақатгина даромаднинг характерни қандай ўзгартиришини ўрганмади. Аксинча, характердаги ўзгаришлар даромадга қандай таъсир қилишини ҳам таҳлил қилишди.

Натижаларга кўра, масъулиятли ва ҳиссиётини бошқара оладиган инсонларнинг даромади кейинчалик сезиларли даражада ошган. Аммо экстраверсия кўрсаткичининг ортиши айрим ҳолларда келажакдаги даромаднинг бироз пасайишига олиб келиши мумкинлиги маълум бўлди. Келишувчанлик ва янгиликларга интилувчанлик хусусиятларидаги ўзгаришлар эса келажакдаги даромад миқдорига унчалик таъсир қилмаган.

Таъсир кучи қанчалик катта?

«PsyPost» нашрининг ёзишича, даромад ва масъулиятлилик ўртасидаги энг кучли боғлиқлик кўрсаткичи ўзининг энг юқори чўққисида тахминан 0,06 га тенг бўлган. Ҳиссий барқарорлик билан боғлиқ кўрсаткичлар бундан ҳам паст, келишувчанлик ва экстраверсияга оид алоқалар эса бор-йўғи 0,01 даражасида қайд этилган.

Бу рақамлар даромаднинг ошиши инсон характерини тубдан ўзгартириб юборади, деган хулосага асос бўлмаган.

Қолаверса, бу таъсирлар вақт ўтиши билан ўзгариб турган. Тадқиқотчилар қўллаган моделга кўра, айрим боғлиқликлар 1,2–1,4 йил ичида энг юқори нуқтага чиқиб, кейинроқ яна сусайган.

Аввалги тадқиқотлар нимани кўрсатган?

Характер ва даромад ўртасидаги боғлиқлик бунгача ҳам бир неча бор ўрганилган. Масалан, 2024 йилда «Bulletin of Economic Research» журналида чоп этилган тадқиқотда айнан «Big Five» моделидаги хусусиятлар ва даромад ўртасидаги алоқалар таҳлил қилинган эди.

Ўша таҳлилга кўра, масъулиятлилик ва янгиликларга очиқлик хислатлари даромад ўсишига ижобий таъсир қилган бўлса, экстраверсиянинг таъсири бироз кучсизроқ бўлган. Келишувчанлик ва невротизм (асабийлик) ҳамда даромад ўртасида эса тескари боғлиқлик аниқланган. Умуман олганда, муаллиф инсон хусусиятларининг даромадга таъсири унчалик катта эмаслигини, натижалар эса кўпроқ статистик моделларга ва бошқа ташқи омилларга боғлиқлигини қайд этган.

Тадқиқот нимани исботлади?

Олимлар аниқлаган ушбу боғлиқликлар даромаднинг ўзи инсон характерини бевосита ўзгартириб юборишини тўлиқ исботлай олмайди. Тадқиқот реал тажриба шаклида эмас, балки кузатув маълумотлари асосида ўтказилган.

Тадқиқот даромад ва характер ўртасидаги муносабат фақат бир томонлама эмаслигини тасдиқлаган. Даромад ўзгарганидан кейин инсондаги масъулият ҳисси ва ҳиссий барқарорлик, шунингдек, киришимлилик ва келишувчанлик бўйича бироз ўзгаришлар кузатилган. Айни пайтда характердаги айрим ўзгаришлар келажакдаги даромадга ҳам ўз таъсирини ўтказган.

Teglar