«Дайди» воқеаси: индивидуал хатоми ёки нотўғри рағбатлар асосида ишлаётган институционал тизим?

Bugun 12:555 daqiqa

Олмазорда юз берган шов-шувли воқеа тизимдаги нотўғри рағбатлар инсон тақдири билан ўйнашаётганини кўрсатди. Нега ички ишлар ходимлари реал хавфсизлик эмас, балки «рақамлар» кетидан қувмоқда?

«Дайди» воқеаси: индивидуал хатоми ёки нотўғри рағбатлар асосида ишлаётган институционал тизим?

Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда ички ишлар органларига оид бир видео кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Унда Олмазор тумани ички ишлар амалдори профилактика инспекторларига кўчадан «дайди» шахсларни аниқлаш, маъмурий баённомалар сонини ошириш ва белгиланган «план»ни бажариш зарурлигини таъкидлайди. Ҳатто топшириқ бажарилмаган тақдирда, инспекторлар ўзининг қариндошларини ҳам тегишли тоифага киритиши мумкинлиги айтилади. Видеодан кўринадики, эътибор реал хавфсизликни таъминлашга эмас, балки ҳисобот кўрсаткичларини шакллантиришга, «план»ни тўлдиришга қаратилган.

Кейинчалик воқеа тафсилотлари ҳақида расмий баёнот берилиб, Олмазор туманида профилактика инспекторларига бундай топшириқ берган раҳбар ўз лавозимидан озод этилгани маълум қилинди. Расмий изоҳда ходимнинг бундай хатти-ҳаракати нотўғри экани таъкидланган. 

Аммо, бу ҳолатни фақат индивидуал хулқ даражасида талқин қилиш етарли эмас. Чунки шунга ўхшаш ҳодисалар аввал ҳам кузатилган: масалан, 2020-йилда ички ишлар ходимларига кунлик маъмурий баённомалар сонини «режа» асосида белгилаш ҳолати, 2022-йилда эса ЙПХ инспекторларига кунига маълум миқдорда баённома тузиш топширилгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Бундай хабарлар муаммо тизимли хусусиятаг эга эканлиги ҳақида сигнал беради. 

Муаммони тушунтириш учун иқтисодий ва институционал таҳлил зарур. 

Масалан, хулқ-атвор иқтисодиёти ва бошқарув назариясида кенг қўлланиладиган ёндашувга кўра, агентларнинг (ходимларнинг) хатти-ҳаракати улар дуч келадиган рағбатлар тизими билан белгиланади. Қачонки бирон бир кўрсаткич мақсадга айлантирилса, у энди яхши кўрсаткич бўлмай қолади. 

Бошқача айтганда, агар ташкилот фаолиятини баҳолаш мезонлари реал ижтимоий натижаларга эмас, балки қандайдир кўрсаткичларга боғланган бўлса, агентлар ўз фаолиятини айнан шу кўрсаткичларни максимал даражада оширишга йўналтиради. Натижада ташкилотнинг расмий мақсади, масалан, жамоат хавфсизлигини таъминлаш билан амалдаги фаолият, айтайлик, протоколлар сонини ошириш ўртасида тафовут юзага келиши мумкин.

Бу — муаммонинг бир қисми холос. Муаммонинг янада чуқурроқ бошқа бир қисми, назарий жиҳатдан, тизимда қандай ходимлар қолиши ва кимлар тарк этиши билан боғлиқ.

Юқоридаги кейсга қайтадиган бўлсак, эҳтимол, ходимнинг жазоланиши унинг индивидуал хатосидан кўра, тизим ичидаги айрим амалиётларнинг очиқликка чиқиб кетгани билан боғлиқ бўлиши мумкин. Бошқача қилиб айтганда, видео тарқалиб кетганидан сўнг ходимнинг ишдан бўшатилгани — тизим ўзини ҳимоя қилишга мажбур бўлаётгани ҳақида муҳим сигнал бўлиши мумкин. 

Демак, бундай тизимларда ўзига хос танлов механизми шаклланади: нотўғри тизимда ишлашни «тўғри» бажара олганлар яшаб қолади, хатога йўл қўйиб, жараённи ошкор қилганлар эса тизимдан четлатилади. 

Шундай қилиб, тизим нафақат муаммони ҳал қилмайди, балки вақт ўтиши билан айнан ўша — нотўғри ишлашни энг яхши ўзлаштирганларни саралаб, ўзини янада мустаҳкамлаб боради. Бу каби бузилган рағбатлар тизими ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда кузатилаётган экан, бунинг иқтисодий ва ижтимоий харажатлари ҳам юқори. Аниқроқ айтганда, одамлар бундай тизимнинг қурбони ўлароқ пули, солиқлари ва ҳатто умри билан тўлаётган бўлиши мумкин.

Юқоридаги мулоҳазалар эмпирик тадқиқотлар билан ҳам тасдиқланади. Масалан иқтисодчи Екатерина Травова томонидан Россия Федерациясида гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноят маълумотлари таҳлил қилинган. Унга кўра Россияда гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноят учун жазо топилган модда миқдорига қараб белгиланган. 

Масалан, Россияда героин учун энг муҳим чегара — 2,5 грамм. Агар миқдор шу чегарадан паст бўлса, жазо 3 йилгача бўлиши мумкин. Аммо 2,5 граммдан бироз ошса, жазо 10–15 йилгача кўтарилади. Яъни атиги 0,1 грамм фарқ инсон ҳаётидаги бир неча йиллик қамоқ муддатини ҳал қилади.

Тадқиқот муаллифи 2013–2014-йилларда кўриб чиқилган қарийб 300 мингта гиёҳвандлик ишини таҳлил қилиб, героин билан боғлиқ кейсларда ғайриоддийликни аниқлайди. 

Маълумотларга кўра, қўлга олинганлар орасида 2,5 грамм чегарасидан бироз пастда кескин камайиш, айнан шу чегарадан юқорида эса ғайритабиий кўпайиш кузатилади. Муҳим чегара атрофидаги бу «сунъий» тўпланиш одатдаги ҳолатга нисбатан бир неча баробар юқори бўлган. Бу тасодиф эмас, балки айрим ҳолларда миқдор атайлаб чегарадан ошириб ёзилганини кўрсатади.

plan IIB1

Изоҳ: Графикда 2013–2014 йилларда Россияда қайд этилган барча героин билан боғлиқ ишлар (1-қайд бўйича) кўрсатилган. Кулранг устунлар кузатилган тақсимотни, яшил чизиқ эмпирик тақсимотга мослаштирилган трендни, қизил вертикал чизиқлар эса миқдор чегаралари (0,5 г ва 2,5 г), жиноят ва жазо чегарасини кўрсатади.

Бунинг сабаби полициячиларнинг рағбатлари билан боғлиқ дейди муаллиф. Уларнинг фаолияти турли кўрсаткичлар асосида баҳоланади ва энг муҳим мезонлардан бири – нечта жиддий жиноят аниқлангани бўлган. 2,5 граммдан юқори ҳолатлар жиддий жиноят сифатида қайд этилади, паст миқдорлар эса жиддий бўлмаган жиноят ҳисобланади. Шунинг учун, масалан, 2,3 грамм миқдорида аниқланган ҳолат статистик маънода камроқ аҳамиятга эга бўлса, уни 2,6 грамм деб қайд этиш полициячининг кўрсаткичини сезиларли яхшилайди. «План»ни бажармаган ходим жазоланиши ёки қўшимча бонусдан айрилиши мумкин, бажарганлар эса рағбатлантирилади. Шу сабабли, чегарага яқин миқдорларни бироз «ошириб» ёзишга рағбат пайдо бўлади.

Бундан ташқари, тадқиқот орқали йил якунига яқин план бажарилмаган бўлимларда манипуляция ҳолатлари янада кўпайгани аниқланган. Яъни ходимлар айнан режа ортда қолаётган пайтда фаолроқ сохталаштиришга ўтади. Бу ҳам рағбатлар тизими хулқ-атворга қандай таъсир қилишини яққол кўрсатади.

Хулоса сифатида айтиш мумкинки, нотўғри рағбатлар тизими шунчаки рақамларни сохталаштиришдан ташқари бевосита ижтимоий зарар келтиради. Олмазор туманида кузатилган воқеага ходимнинг индивидуал хатоси сифатида эмас, балки нотўғри рағбатлар асосида ишлаётган институционал тизим тўғрисида муҳим сигнал сифатида қаралиши керак. Акс ҳолда тизим ўзининг статистик кўринишини максимал даражада яхшилай оладиган ходимларни саралаш орқали ўзини мустаҳкамлаб боради.

Муҳаммад Турниёзов.

Teglar

Mavzuga oid