Эрон ва Украина ўртасида уруш бошланиши мумкин
Киев Россия логистикасининг бир қисми деб ҳисоблаган кемага ҳужум қилди, Теҳрон эса буни ўз суверенитетига таҳдид сифатида қабул қилди. Оқибатда, ҳар икки томон мутлақо истамаган янги можаро келиб чиқиш хавфи пайдо бўлди.
© Foto: TRT RussianКутилмаганда пайдо бўладиган можаронинг хавфи доим юқори бўлади. Украина дронининг Каспий денгизидаги Эрон кемасига берган зарбаси айнан шундай вазиятни юзага келтирди. Аслида Киев Россиянинг таъминот тизимини нишонга олган эди. Теҳрон эса бу ҳолатни Эрон суверенитетига қилинган тажовуз сифатида баҳоламоқда.
Кўринишидан, томонларнинг ҳеч бири бундай қарама-қаршиликни истамаган, шу сабабли ҳам мазкур инцидентга жиддий қараш лозим. Онгли равишда бошланган урушларни бошқариш мумкин. Бироқ учинчи томоннинг можароси ортидан тасодифан келиб чиқадиган урушлар авж олгач, уларни назорат қилиш жуда қийинлашади.
Воқеанинг асосий тафсилотлари юзасидан томонлар ўртасида жиддий баҳслар йўқ. Эроннинг маълум қилишича, зарба оқибатида бир денгизчи ҳалок бўлган, яна бир неча киши жароҳатланган ва битта савдо кемасига шикаст етган. Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Арақчи бу ҳолат «жавобсиз қолиши мумкин эмас»лигини айтди. Теҳрон эса содир бўлган воқеа юзасидан расмий норозилик билдириш учун Украинанинг юқори мартабали дипломатини чақиртирди.
Украина томонига кўра, зарбага учраган нишон Россия ҳарбий машинасига хизмат қилувчи логистика тармоғининг бир қисми бўлган ва Киев Эрон фуқароларига зарар етказишни асло хоҳламаган. Шундан сўнг икки мамлакат ташқи ишлар вазирлари ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. Киев иккинчи фронт очилишини истамаслигини тушунтирди. Бу суҳбат вазият кескинлигини бироз юмшатган бўлса-да, муаммонинг асл сабабларини бартараф этгани йўқ.
Муаммонинг моҳияти шундаки, Эрон йиллар давомида Россияни қуроллантириб келмоқда, Украина эса ўзи учун қонуний ҳарбий нишонлар қамровини борган сари кенгайтирмоқда. Энди Киев Россия ҳарбий техникаси ва ушбу техникага эҳтиёт қисмлар ташувчи хорижий денгиз йўналишлари, ишлаб чиқаришдаги ҳамкорлар ҳамда икки хил мақсадда фойдаланиладиган маҳсулотларни етказиб берувчилар ўртасида аниқ чегара тортмаяпти.
Каспий денгизидаги зарба ягона ҳолат эмас. Бу воқеа шундан далолат берадики, Украина энди Россия армиясининг таъминот тизимини — қайси байроқ остида ҳаракат қилиши ва кимга тегишли бўлишидан қатъи назар — жанг майдонининг бир қисми сифатида кўрмоқда. Агар бу зарбага айнан шу нуқтаи назардан қаралса, Эроннинг реакцияси анча тушунарли бўлади. Худди шунингдек, «бундан кейин нима бўлади?» деган саволнинг жавоби ҳам ойдинлашади.
Энг эҳтимолий сценарий — Теҳрон ва Киев ўртасида очиқ уруш эълон қилимайди. Аксинча, бу унчалик кўзга ташланмайдиган, аммо узоқроқ давом этадиган жараёнга айланиши мумкин: яъни, томонлар ўз иштирокини инкор этишга асосланган яширин қасос кампаниясини бошлаши ҳеч гап эмас.
Теҳрон дилеммаси
Эрон бир вақтнинг ўзида икки хил қарама-қарши танлов ўртасида қолмоқда. Айниқса, эронлик денгизчининг ўлими жавобсиз қолмаслиги ҳақидаги баёнотдан сўнг, Теҳрон ўзининг тийиб турувчи кучини сақлаб қолиш мақсадида бунга етарлича кескин жавоб қайтариши шарт. Шу билан бирга, АҚШ ва Исроил билан давом этаётган зиддиятлар оқибатларини юмшатишга ҳамда қўшнилари билан муносабатларни изга солишга уринаётган бир пайтда, Эроннинг Европа фронтини очишдан қочиши учун асосли сабаблари бор.
Эроннинг Киевга тўғридан-тўғри ракета зарбаси йўллаши Теҳронга аслида нима беради? Бу, шубҳасиз, кучли резонанс уйғотади. Бироқ бундай ҳужумнинг сиёсий ва иқтисодий товони унинг ахборот майдонидаги эффектидан анча оғирроқ бўлиши тайин.
Бундай қадам Эронни Россияга яширинча қурол етказиб берувчи давлатдан Европа урушининг очиқ иштирокчисига айлантиради — бу эса мутлақо бошқа ҳуқуқий ва сиёсий мақомдир. Ўз навбатида, бу омил Украина ҳукумати учун Ғарб давлатларидан қўшимча ҳаво ҳужумидан мудофаа (ҲҲМ) тизимлари ва узоқ масофага учувчи қуроллар сўраши учун энг асосли далилга айланади.
Оқибатда Эронга қарши Европанинг янги санкциялари жорий этилиши муқаррар бўлиб қолади. Қолаверса, бу Теҳрон йиллар давомида олдини олишга уриниб келаётган ҳодиса — Украина ва Исроил ўртасидаги разведка ҳамкорлигини янада кучайтириб юбориши мумкин.
Мавжуд вазиятни ҳисобга олсак, Эрон учун энг оқилона қадам — рақибга реал зарар етказиш баробарида, аниқ сигнал берувчи, лекин айни пайтда ўз иштирокини рад этиш имконини қолдирувчи яширин жавоб зарбаси бўлади.
Бу борада учта реал сценарий мавжуд:
Биринчи сценарий: Украина ҳудудидан ташқарида — катта эҳтимол билан, Эрон таъсири юқори ва маҳаллий хавфсизлик тизимлари заиф бўлган учинчи давлатларда Украина фуқаролари, кемалари ёки мудофаа манфаатларига қарши яширин операциялар ўтказиш.
Иккинчи сценарий: Украина давлат тизимлари, энергетика инфратузилмаси, банклар, ОАВ ёки мудофаа корхоналарига уюштириладиган киберҳужумлар. Бу ҳужумлар Теҳроннинг тўғридан-тўғри буйруғи билан эмас, балки унга билвосита алоқадор бўлган хакерлик гуруҳлари орқали амалга оширилади. Кибероперациялар Эронга ракета зарбаси каби очиқ «қизил чизиқ»ни кесиб ўтмаган ҳолда жавоб қайтариш имконини беради.
Учинчи сценарий (энг эҳтимолий): Бу тахмин энг эътиборга лойиқ. Теҳрон Россияга кўрсатаётган ҳозирги ҳарбий ёрдамини шунчаки кенгайтириши мумкин. Хусусан, такомиллаштирилган дронлар, ракета қисмлари, нишонни аниқловчи разведка маълумотлари ва радиоэлектрон кураш (РЭК) тизимларини етказиб беришни кўпайтиради. Шунингдек, ўз техник маслаҳатчиларини фронт чизиғига яқинроқ жойлаштириши ҳам мумкин.
Ушбу сценарийда Эроннинг Украинага тўғридан-тўғри ҳужум қилишига умуман ҳожат қолмайди. Шунчаки Россиянинг Украинага зарба бериш салоҳиятини кучайтириб беришнинг ўзи етарли бўлади. Бундай қасос усули ойлаб давом этиши, Киевга жуда катта реал зарар етказиши ва шу билан бирга, очиқ уруш эълон қилишга мажбур қиладиган чегарани бир марта ҳам босиб ўтмаслиги билан Теҳрон учун энг қулай вариантдир.
Россия — кескинликни кучайтирувчи омил
Аксарият экспертларнинг фикрича, айнан Россия Эроннинг чекланган жавобини анча кенг кўламли ҳаракатларга айлантириб юбориш имконига эга. Бунинг сабабини тушуниш эса жуда муҳим.
2025 йилнинг бошида Москва ва Теҳрон ўзаро ҳарбий, иқтисодий ва сиёсий алоқаларни янада чуқурлаштирувчи Кенг қамровли стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани имзолади. Тўғри, бу ўзаро мудофаа пакти эмас, аммо ҳужжат томонларнинг бирига ҳужум қилган тажовузкорга ёрдам бермаслик мажбуриятини юклайди. Бу эса айни ҳозиргидек вазиятда талаб қилиниши мумкин бўлган ўзаро мувофиқлашув учун институционал асос яратади.
Аслида, мазкур инқироздан манфаат кўриш учун Россиянинг Эрон номидан ҳаракат қилишига умуман ҳожат йўқ. Шунчаки яширинча кўмаклашишнинг ўзи кифоя: Украинадаги нишонлар ҳақида разведка маълумотларини узатиш, Эрон қуролларини ўз логистика тармоқлари орқали ташиш ёки «Украина Исроилнинг прокси-кучи сифатида ҳаракат қилди» деган Теҳрон даъволарини ахборот майдонида кенг тарғиб қилиш шулар жумласидандир.
Тасаввур қилинг: Арақчининг огоҳлантиришидан кўп ўтмай, Эронда ишлаб чиқарилган қисмларга эга ракета ёки дрон Украина разведкаси объектига зарба берди. Бу Россиянинг операциясими, Эронникими ёки ҳеч бир томон масъулиятни ўз зиммасига олишни истамайдиган қўшма ҳужумми? Ҳуқуқий нуқтаи назардан бунинг жавоби йиллар давомида мавҳум бўлиб қолиши мумкин. Аммо стратегик жиҳатдан берилган сигнал дарҳол тушунарли бўлади.
Москва Украина эътиборининг чалғишидан тўғридан-тўғри манфаатдор. Киевнинг Эрон масаласига сарфлаган ҳар бир соати — Россияга қарши фронтдан йўқотилган вақт деганидир. Россия-Украина урушида бетарафликни сақлашга уриниб келган Форс кўрфази ва Яқин Шарқ мамлакатлари билан муносабатлардаги ҳар қандай дипломатик таранглик эса Россия учун ўзи яратиши шарт бўлмаган қўшимча совғадир.
Украина бунга ҳақиқатан ҳам тайёрми?
Украинанинг дрон операторлари, разведка хизматлари ва узоқ масофага зарба берувчи бўлинмалари бугунги кунда дунёдаги энг тобланган жангчилар қаторига киради. Россиянинг уч ярим йилдан буён давом этаётган бомбардимонлари Киевни муҳим инфратузилмани тарқоқ ҳолда жойлаштиришга, ўт очиш шароитида етказилган зарарни тезкорлик билан бартараф этишга ва узлуксиз ҳаво ҳужумлари остида ҳам ҳаётий муҳим тизимлар фаолиятини сақлаб қолишга ўргатди.
Бевосита жанговар тажриба нуқтаи назаридан олиб қараганда, Украина Эрон таҳдид қилиши мумкин бўлган бошқа ҳар қандай давлатга нисбатан бундай қарама-қаршиликка яхшироқ тайёргарлик кўрган.
Бироқ Украина тўлиқ тайёр бўлмаган биттагина омил бор — бу Россияга қўшимча равишда улкан ракета ишлаб чиқариш салоҳиятига эга яна бир рақибнинг пайдо бўлишидир.
Ҳозирнинг ўзидаёқ Украинага тушаётган босим кўламини тушуниш муҳим. Масалан, Россиянинг биргина 29 июлдаги ҳужуми 70 дан ортиқ ракета ва 280 га яқин дронни ўз ичига олган эди. Украина дронлар ва қанотли ракеталарнинг аксариятини уриб туширди, бироқ айрим маълумотларга кўра, ўша куни учирилган тўққизта баллистик ракетанинг атиги биттасини йўқ қила олган, холос. Президент Володимир Зеленский яна бир бор «Patriot» батареялари ва тутиб қолувчи ракеталар етишмаётганига эътибор қаратди ҳамда бу тақчиллик инсонлар ҳаётига зомин бўлаётганини очиқ-ойдин айтди.
Эрон айнан мана шундай мураккаб вазиятда аралашиши мумкин. Теҳроннинг иштироки сезиларли таъсир кўрсатиши учун унинг бутунлай янги фронт очиши шарт эмас. Шундоқ ҳам шаҳарлар, электр станциялари, ҳарбий объектлар ва саноат инфратузилмаларини ҳимоя қилиш учун чекланган ресурсларини амаллаб тақсимлаётган ҲҲМ тизимига қўшимча босим ўтказишнинг ўзи етарли бўлади.
Можаронинг кенгроқ доираси
Исроил воқеалар ривожини диққат билан кузатиб бормоқда ва бунда пассив томошабин бўлиб қолмайди. Тел-Авив ва Киев Эроннинг дрон ва ракета тизимларини ўрганишдан аллақачон жиддий манфаатдор. Эроннинг Украинага қарши тўғридан-тўғри ҳаракатлари эса икки ўртада разведка маълумотлари алмашинувини, радиоэлектрон кураш соҳасидаги ҳамкорликни ёки шу пайтгача икки мамлакат ҳукуматлари сир сақлашга уриниб келган мудофаа технологияларининг яширин узатилишини янада жадаллаштириши мумкин.
Эроннинг Украина ҳудудига очиқчасига ҳужум қилиши АҚШнинг бундан кейинги вазмин позициясини сиёсий жиҳатдан анча қийинлаштириб қўяди.
Европа ҳукуматлари, жумладан, Полша, Руминия, Буюк Британия, Франция ва Германия Эрон зарбасини Россияни қўллаб-қувватлаётган коалициянинг расман кенгайгани исботи сифатида қабул қилади. Бу эса уларнинг Киев олдидаги мажбуриятларини сусайтириш ўрнига, аксинча, янада мустаҳкамлайди.
Озарбойжон ва Қозоғистоннинг ҳам бу борада ўз манфаатлари бор: ушбу мамлакатларнинг ҳеч бири ўз чегаралари яқинида жойлашган Каспий денгизининг фаол ҳарбий ҳаракатлар зонасига айланишини истамайди. Янада ғарброқда жойлашган Туркияни ҳам содир бўлаётган ҳодисалар ташвишга солади, бироқ бунинг сабаблари бошқачароқ. Анқаранинг Киев билан алоқалари, Москва билан иқтисодий муносабатлари, Қора денгизга чиқиш имконияти ва Теҳрон билан узоқ йиллик мураккаб рақобати — буларнинг барчаси шундан далолат берадики, Туркия минтақада денгиз ва разведка мониторингини яширинча кучайтириб, ўзини воситачи сифатида кўрсатишга ҳаракат қилади.





