Logo

Қозоғистонда ишонч янги иқтисодий капиталга айланмоқда

Bugun 10:362 daqiqa

«Investing.com» муаллифларига кўра, бу тенденция нафақат Марказий Осиё, балки Саудия Арабистони, Ҳиндистон ва БАА каби давлатларда ҳам кузатилмоқда.

Қозоғистонда ишонч янги иқтисодий капиталга айланмоқда © kapital.kz

Халқаро таҳлилий платформа ҳисобланган «Investing.com» Қозоғистон ҳақида «Ишонч янги капиталга айланмоқда: Қозоғистон инвесторлар хавфи рейтингида 17 поғонага кўтарилди» сарлавҳали мақолани эълон қилди.

Унда мамлакатнинг халқаро рейтинглардаги ўрни яхшиланиб бораётгани, инвестициялар ҳажми ортиб, иқтисодиёт диверсификация қилинаётгани ҳамда бизнес муҳити ривожланаётгани қайд этилган.

Муаллифларнинг таъкидлашича, илгари давлатлар инвесторларни арзон ишчи кучи, солиқ имтиёзлари ва табиий ресурслар орқали жалб қилган бўлса, бугунги кунда вазият ўзгарган. Пандемия, геосиёсий инқирозлар ва глобал таъминот занжирларидаги ўзгаришлардан кейин инвесторлар учун давлат бошқаруви сифати, иқтисодий сиёсатнинг барқарорлиги ва узоқ муддатли ишонч муҳим омилга айланган.

Энди ишонч иқтисодий капитал сифатида баҳоланмоқда. Бу молия жалб қилиш харажатлари, йирик лойиҳаларни амалга ошириш тезлиги, халқаро компанияларнинг янги ишлаб чиқариш қувватларини очишга тайёрлиги ва инвестиция хавфлари даражасига бевосита таъсир қилади.

Мақолада қайд этилишича, бу тенденция нафақат Марказий Осиё, балки Саудия Арабистони, Ҳиндистон ва Бирлашган Араб Амирликлари каби давлатларда ҳам кузатилмоқда. Табиий ресурсларга бой мамлакатлар иқтисодиётини хомашёга боғлиқликдан чиқариш учун қайта ишлаш саноати, логистика ва замонавий ишлаб чиқариш соҳаларини ривожлантирмоқда.

Шу шароитда Қозоғистон янги рақобат муҳитида ўз ўрнини мустаҳкамлаётган давлатлардан бири сифатида тилга олинган. 2026-йилнинг биринчи ярмида мамлакатда асосий капиталга киритилган инвестициялар 9,6 фоизга ошиб, 20 миллиард доллардан ошди. Хусусий инвестициялар эса 21 фоиздан кўпроқ ўсган.

Бундан ташқари, Қозоғистон «Safest Countries for Investors 2026» халқаро рейтингида 17 поғонага кўтарилиб, 70-ўриндан 53-ўринга чиқди ва Марказий Осиёда биринчи ўринни эгаллади. Халқаро молия институтлари ҳам мамлакат истиқболини ижобий баҳоламоқда. Халқаро валюта жамғармаси Қозоғистон иқтисодиёти 2026-йилда 4,6 фоизга ўсишини прогноз қилган. Жаҳон банки эса барқарор иқтисодий ўсиш кейинги йилларда ҳам давом этишини кутмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон захира стратегияси ўзгариши фонида олтин харидида дунёда кучли бешликка кирди.

Teglar

Mavzuga oid