Офшор зоналар: бойлар пулларини қаерга яширади?
Дунё бўйлаб офшор ҳудудларда 21 триллиондан 32 триллион долларгача бойлик сақланаётгани тахмин қилинади. Шундан 3,55 триллион доллари эса солиқ идораларидан яширилган. Бу бутун Франция иқтисодиёти ҳажмидан ҳам каттароқ маблағ дегани. Миллиардерлар нега пулларини айнан офшор зоналарда сақлайди? Бу тизим қандай ишлайди ва «Panama Papers» ҳамда «Pandora Papers» журналистик суриштирувлари дунё элитасининг қандай сирларини фош қилган? Ушбу саволларга мақолани ўқиб жавоб топишингиз мумкин.
Офшор зоналар ўзи нима?
Офшор зона қандай ҳудудлигини оддий мисол билан тушунтириш мумкин. Тасаввур қилинг, уйда битта қутичангиз бор ва сиз шу қутичага пул йиғяпсиз. Лекин ота-онангиз ҳар сафар «Қанча пулинг бор, қаердан олдинг, қаерга ишлатяпсан?» деб сизни доим текшириб туради. Табиийки, сизга бу ёқмайди. Кейин эса бир дўстингиз сизга «Қутингни бизнинг уйда сақла. Ҳеч ким қанча пулинг борлигини ҳам, уни қаердан топганингни ҳам суриштирмайди» деб таклиф беради. Фақат, бунинг эвазига сиз унга озгина ҳақ тўлайсиз. Нега? Чунки у сизнинг қутичангизни хавфсиз сақлайди, пулларингизни суриштирмайди, қути сизники эканини ҳам ҳеч кимга айтмайди.
Аслида офшор зоналар ҳам худди шундай ишлайди. Офшор ҳудудлар — солиқлар жуда паст ёки умуман йўқ бўлган, компания эгалари ҳақидаги маълумотлар жуда қаттиқ ҳимояланадиган давлат ёки ҳудудлардир. Масалан, Британия Виржин ороллари, Кайман, Панама ёки Сейшел ороллари каби. Бундай жойларда компания очиш осон ва компаниянинг асл эгасини аниқлаш деярли имконсиз. Шунинг учун ҳам дунёнинг энг йирик бизнесменлари, инвесторлари ва миллиардерлари ўз пуллари ҳамда активларини айнан шу ҳудудларда рўйхатдан ўтказишни танлайди, яъни пул йиғадиган қутичаларини ўз уйларидан ташқари бошқа жойда сақлайдилар. Аслида, офшор зоналардан фойдаланиш ноқонуний ҳам эмас. Аммо айнан шу тизим бир вақтнинг ўзида солиқлардан қочиш, коррупция пулларини яшириш ва пул ювиш учун ҳам жуда қулай имконият яратади. Шу сабабли офшор зоналар катта-катта молиявий можаролар билан бирга тилга олинади.
Бу тизим қандай ишлайди?
Тасаввур қилайлик, бир миллиардер ўзининг қулай офисидаги креслосида ўтириб, миллиардларини қайси банк орқали бошқаришни танлаяпти. Бу катта хавф ва катта маблағлар иштирокидаги молиявий «беркинмачоқ» ўйинига ўхшайди. Жараён одатда халқаро солиқ қонунчилигига ихтисослашган қиммат адвокатлар, ҳисобчилар ва молиявий маслаҳатчилар жамоасини ёллашдан бошланади. Булар оддий мутахассислар эмас. Улар молия дунёсининг элитаси бўлади ва улар ўз мижозларига солиқ юкини камайтиришга ёрдам берадиган ҳар бир қадамни, ҳар бир стратегияни ва ҳар бир қонунни билади. Биринчидан, улар қайсидир офшор зонада «shell company» (қобиқ компания), яъни номи бор, лекин ўзи йўқ компания ташкил этади. Бу шунчаки активларга эгалик қилиш ва банк ҳисоб рақамларини очиш учун керак. Кейин улар бу компанияларнинг бир нечта қатламларини яратади, ҳар бири турли давлатларда жойлашган бўлади. Бу эса пулнинг аслида қаерга кетаётганини кузатишни жуда қийинлаштиради.
Миллиардер пулни шахсий ҳисоб рақамидан тўғридан-тўғри ўтказмайди. Бунинг ўрнига, улар ўзларининг қобиқ компанияларига сармоя киритиши ёки ўзлари яширинча назорат қиладиган бошқа бир ташкилотга қарз бериши мумкин. Қоғозда бу қонуний бизнес операциялари каби кўринади, лекин аслида бу бир хил одамнинг ўз молиявий лабиринтида пулни айлантиришидир.
Оддий қилиб айтсак, у бир чўнтагидаги пулни нариги чўнтагига солади. Бунга фақат офшор зоналардагина имконият бор, чунки уларда қаттиқ банк сири қонунлари ишлайди. Баъзи жойларда мижознинг ҳисоб рақамлари ҳақидаги маълумотларни ошкор қилиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлади. Бу худди банк ходимлари ҳам билмайдиган ҳисоб рақамига эга бўлишга ўхшайди. Ва махфийлик ҳимояси шу билан тугамайди. Бу ҳисоб рақамларининг кўпчилиги трастлар ёки фондлар номига очилган бўлиб, бу анонимликни янада кучли қилади. Миллиардернинг исми эса ҳеч қандай расмий ҳужжатда бўлмаслиги, солиқ органлари ёки журналистлар учун ноқонуний фаолиятни очиб беришни деярли имконсиз қилади.
Шунча маш-маша нега керак?
Сабаб жуда оддий — солиқларни камайтириш ва бойликни ҳимоя қилиш. Кўплаб давлатларда катта даромадлар, инвестиция фойдаси ва мерос учун юқори солиқлар мавжуд. Офшор тизимлар ёрдамида эса ушбу харажатларни сезиларли даражада камайтириш мумкин. Чунки давлат аниқлай олмаган маблағдан солиқ ундириш ҳам қийинлашади. Солиқларни тўлаш миллиардерлар учун муаммо бўлмаслиги мумкин. Бироқ гап юзлаб ёки минглаб доллар эмас, балки миллиардлар ва ҳатто триллионлаб долларлар ҳақида кетмоқда. Бундан ташқари махфийлик омили ҳам бор. Ўйлаб кўринг, сизнинг бойлигингиз миллиардларга тенг бўлса, ҳамма сизнинг бойлигингиздан бир бўлак олишни хоҳлайди. Ҳукуматлардан тортиб оила аъзолари ва бизнес шерикларигача, шаффофлик эса сизни тирик нишонга айлантириши мумкин. Шундай пайтда эса офшор ҳисоб рақамлари маҳаллий ҳисоб рақамлари таклиф қила олмайдиган махфийлик даражасини таъминлайди. Яна бир муҳим сабаб эса активларни ҳимоя қилиш. Агар миллиардер суд жараёни, ажрим ёки бошқа ҳуқуқий муаммоларга дуч келса, унинг бойлиги турли давлатларга тарқатиб юборилган бўлади. Шу сабабли барча активларни мусодара қилиш ёки назорат остига олиш анча қийинлашади. Бу орқали бизнес эгаси мабодо қамалиб кетиб, бор бойлиги мусодара қилинса ҳам, офшор ҳудудларда тўплаган бойликлари бутун сулоласига бир умрга етиши мумкин.
Бу тизимдан бойлик эгалари фойда кўришини тушуниб олдик, лекин уларнинг бойликларини ҳимоя қилишдан офшор ҳудудларга нима фойда? Текинга мушук офтобга чиқмайди, деганларидек, қайсидир давлат миллиардерларга мутлақо текинга шунча имкониятларни яратиб бермаса керак. Албатта, ундай эмас. Улар тўловлар, рўйхатдан ўтиш харажатлари ва юридик хизматлардан миллиардлаб даромад олади, моҳиятан глобал молиянинг VIP клубларига айланишади. Ҳар ҳолда, бугунги кунда тахминан 1 миллион 400 мингта офшор компания мавжуд. Шунча компаниянинг пул йиғадиган қутичасини сақлагани учун офшор зоналар қанча фойда кўриши мумкинлигини тасаввур қиляпсизми? Офшор зоналардан ташқари, бундай мураккаб тузилмаларни қурадиган ва бошқарадиган юридик фирмалар, банклар ва маслаҳатчилар ҳам ўз улушини олади. Шунинг учун Кайман, Бермуд ороллари ва Люксембург каби ҳудудлар бойларнинг пулларини жалб қилиш учун ўзаро рақобат ҳам қилади.
Бундан ким зарар кўради?
Бу тизимдан, охир-оқибат, ривожланаётган мамлакатлар ва ҳатто баъзи бой давлатлар зарар кўради. Халқаро валюта жамғармаси (IMF) маълумотига кўра, солиқ бошпаналари туфайли дунё ҳукуматлари ҳар йили 600 миллиард долларгача солиқ тушумидан маҳрум бўлади. Бу пуллар билан мактаблар, шифохоналар, инфратузилма ёки қашшоқликни бартараф этиш дастурларини молиялаштириш мумкин эди. Лекин шунча пул махфий молиявий тизимларда ётибди. Хўш, бундан бизга нима? Ўша давлат хизматларига, яъни мактаблар, шифохоналарга энг кўп таянадиганлар кимлар? Сиз-у бизга ўхшаган одамлар. Ва биз йўқолган солиқ долларларидан энг кўп зарар кўрамиз. Чунки айнан ишчи синф оғирроқ солиқ юкини ўз зиммасига олади, ўта бойлар эса ўз пуллари учун глобал яшириниш жойларидан фойдаланиб, пулларига пул қўшишади. Масалан, биргина АҚШ ҳукумати ҳар йили инфратузилма, ҳуқуқни муҳофаза қилиш, соғлиқни сақлаш ёки таълим учун ишлатиши мумкин бўлган тахминан 100 миллиард доллардан ортиқ солиқ тушумидан маҳрум бўлмоқда. Яъни шунча пул топиш имконсиз бўлган қайсидир офшор зонадаги аноним компаниялар ичига яширилади. Шундай қилиб, давлат хизматларини яхшилаш учун пул етарли бўлиши мумкин, фақат у пуллар шунчаки қандайдир ороллардаги қайсидир ҳисоб рақамларида ётибди.
«Pandora Papers»
Офшор зоналар шунчалик махфий бўлса, бу маълумотлар ҳақида бутун дунё қаердан билди? Дунёга парда ортида нималар борлигини очиб берган журналистик суриштирувлар билан танишинг: «Offshore Leaks», «Panama Papers», «Paradise Papers» ва ҳажми жиҳатидан энг катта суриштирув — «Pandora Papers».

Биз ҳозир «Pandora Papers»га тўхталамиз. Бу ҳужжатлар сабабли 35 нафар амалдаги ва собиқ давлат раҳбарлари, 90 мамлакат ва ҳудуддаги 330 дан ортиқ сиёсатчи ҳамда давлат амалдорлари, шунингдек қидирувдаги жиноятчилар, фирибгарлар ва қотилларнинг молиявий сирларига оид маълумотлар ошкор бўлди. Бу ҳужжатлар устида 150 та нашрдан жами 600 дан ортиқ журналист деярли икки йил ишлаган ва 6,4 миллион ҳужжат, 3 миллионга яқин расм, 1 миллиондан ортиқ электрон хат, 500 мингга яқин жадвалларни аниқлаган. Маълумотларни журналистлар дунёнинг турли ҳудудларида фаолият юритувчи 14 та офшор компаниядан олган. Ушбу фирмалар мижозлари учун номи бор, лекин ўзи йўқ компаниялар ва бошқа яширин молиявий тузилмаларни ташкил этиш билан шуғулланган. Табиийки, бундай хизматлардан молиявий фаолиятини жамоатчилик назоратидан яширишни истаган шахслар фойдаланади.
Махфий ҳужжатлар Иордания қироли, Украина, Кения ва Эквадор президентлари, Чехия бош вазири ҳамда Буюк Британиянинг собиқ бош вазири Тони Блэрнинг офшор операцияларини фош этди. Ҳужжатларда ҳатто Россия президенти Владимир Путинга жуда яқин шахслар, Россия, АҚШ, Туркия ҳамда бошқа давлатлардан бўлган 130 дан ортиқ миллиардерга оид маълумотлар ҳам мавжуд. Лекин энг катта сенсация бу машҳур исмлар эмас, балки офшор тизимига барҳам беришга қодир бўлган кўплаб сиёсий ва иқтисодий элита вакилларининг ўзи ҳам ушбу тизимдан манфаатдорлиги эди. Улар активларини яширин компаниялар ва трастлар орқали сақлайди, шу билан бирга уларнинг ҳукуматлари жиноятчиларни бойитаётган ва бутун давлатларни қашшоқлаштираётган ноқонуний молиявий оқимларни тўхтатиш учун деярли ҳеч нарса қилмайди.
Ҳужжатларда номлари келтирилган машҳурлар
Ҳужжатларда фош этилган яширин бойликларнинг айримлари билан сизни таништирамиз: Франциянинг Ривьера соҳилида жойлашган, кинотеатр ва иккита сузиш ҳавзасига эга бўлган 22 миллион долларлик ҳашаматли сарой. Уни Чехия собиқ бош вазири Андрей Бабиш oфшор компаниялар орқали сотиб олган. Аммо айнан унинг ўзи доим офшор ҳудудлардаги ноқонуний компаниялар ва солиқдан қочувчиларни танқид қилиб келган.

— Андрей Бабиш — Чехия бош вазири (2017–2021), 2025-йилда яна қайта сайланган.
Иордания қироли Абдуллоҳ II мамлакатда фуқаролар ишсизлик ва коррупцияга қарши намойишларга чиққан даврда Калифорниянинг Малибу ҳудудидан 68 миллион долларга учта соҳил бўйи ҳашаматли вилла сотиб олган. Ушбу мулклар ҳам oфшор компаниялар орқали харид қилинганини «Pandora Papers» очиқлаган. Бу журналистик суриштирувда бундай мисоллар рўйхати жуда узун.

Иордания қироли Абдуллоҳ II.
Яна шундай машҳур исмлардан бири — қўшиқчи Шакира. Ҳужжатлар Шакиранинг Люксембург ва Нидерландияда рўйхатдан ўтган компаниялар билан ҳам алоқаси борлигини кўрсатган. Шакиранинг Британия Виржин оролларида рўйхатдан ўтган яна учта «shell company»си (қобиқ компания) аниқланган.

Қўшиқчи Шакира
Шакиранинг вакиллари эса қўшиқчи даромадининг асосий қисми Испаниядан ташқарида шаклланиши, Испания солиқ органлари унинг барча компаниялари ҳақида хабардор экани, Британия Виржин оролларидаги компанияларнинг эса на даромади, на фаолияти мавжудлигини билдирган.
«Pandora Papers» XXI асрда пул ва ҳокимият қандай ишлашини кўрсатувчи ноёб манбага айланди. Суриштирув молиявий махфийликка асосланган тизим АҚШ ва бошқа бой давлатлар томонидан қандай қўллаб-қувватланаётгани, натижада эса қонун устуворлиги дунёнинг кўплаб мамлакатларида қандай бузилаётганини очиб берди. Шу билан бирга, ушбу маълумотлар ҳукуматлар ва халқаро ташкилотлар нега oфшор тизимидаги суиистеъмолларга қарши курашда сезиларли натижага эриша олмаётганига ҳам изоҳ берди.
Бугун офшор ҳудудлардаги ноқонуний фаолиятлар бутунлай йўқ қилинган эмас. Аммо айнан шу ҳақиқатларни очиб бергани учун жаҳон журналистикасида кўплаб йўқотишлар бўлди. Шулардан бири — малталик журналист Дафне Каруана Галиция эди.

У Малтада ўттиз йилдан ортиқ вақт давомида журналист, муҳаррир ва блогер сифатида фаолият юритган. Ўз блоги орқали энг юқори доиралардаги амалдорларнинг коррупцияси ва «Panama Papers» ҳужжатларидаги сирларни фош қилишда иштирок этган. Аммо бу жасорат унга жуда қимматга тушди. Журналистик фаолияти давомида Дафне тинмай таҳдидлар ва таъқиблар остида яшади. Ҳатто унинг уйига икки марта ўт қўйишган. Сиёсатчилар уни тўхтатиш учун юзлаб туҳмат даъволари очиб, банк ҳисобларини музлатиб қўйган. Аммо у барибир тўхтамаган эди. Ва ниҳоят, 2017-йил 16-октябр куни Дафне ўз уйи яқинида машинасига ўтирган пайтда, ўриндиқ остига ўрнатилган бомба портлатиб юборилди. У ўз ҳаёти эвазига биз мавжудлигини ҳам билмайдиган бошқа бир дунё борлигини кўрсатиб кетди.





