
Эроннинг уранини Россия қўлга киритиши мумкин
Россия Ташқи ишлар вазирлиги вакили Мария Захарова Москва Эрондан ортиқча бойитилган уранни олиб чиқишга тайёрлигини эълон қилди.

Россия Эрон ядро дастури атрофидаги тарангликни юмшатиш мақсадида Эрондан бойитилган ураннинг бир қисмини олиб чиқишга тайёр. Бу ҳақда 4 феврал куни Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, аввалроқ билдирилган мазкур таклиф ҳамон ўз кучида, бироқ узил-кесил қарор қабул қилиш тўлиқ Теҳроннинг ихтиёрида.
Москванинг позицияси
Дипломатнинг таъкидлашича, бойитилган уран захиралари Эронга тегишли бўлиб, бу ҳолат мамлакатнинг Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартнома (ЯҚТШ) бўйича олган мажбуриятларига зид эмас. Россия томони уранни мамлакат ташқарисига олиб чиқиш, унинг ҳажми ва ташиш йўналишини белгилаш ҳуқуқи фақат Эроннинг ўзига тегишли, деган позицияда. Москва ураннинг Эрон ҳудудида сақланишида ҳеч қандай ҳуқуқий ёки халқаро муаммони кўрмаяпти.
Воситачилик схемаси ва Кремль баёнотлари
ТИВ маълумотларига кўра, Москва ўтган йили Эрон, АҚШ ва АЭХАни ураннинг бир қисмини қайта ишлаш ёки вақтинча сақлаш учун қабул қилишга тайёрлиги ҳақида хабардор қилган. Бунда хомашё қайта ишланганидан сўнг яна Эрон ядровий объектларига қайтарилишини кўзда тутувчи схема ҳақида сўз борган. Ўшанда Теҳрондан очиқ жавоб бўлмаган, аммо январ ойида ТИВ раҳбари Сергей Лавров Москва ҳамон воситачи сифатида ўз хизматларини таклиф қилаётганини тасдиқлади.
Кремлнинг бу борадаги позициясини жорий йилнинг февралида президент матбуот котиби Дмитрий Песков ҳам қувватлади. У Эрон уранини олиб чиқиш мавзуси анча вақтдан бери кун тартибида эканини ва Россия барча манфаатдор томонлар билан алоқаларни давом эттираётганини қайд этди. Песковнинг сўзларига кўра, Москва ушбу механизмга зиддиятли омилларни бартараф этиш ҳамда Эрон ва Ғарб ўртасидаги вазият кескинлашувининг олдини олиш усули сифатида қарайди.
Теҳроннинг қарама-қарши сигналлари
Айни пайтда, Теҳрон бир-бирига зид сигналлар бермоқда. Эрон Олий раҳнамосининг маслаҳатчиси Али Шамхоний мамлакат назарий жиҳатдан уранни бойитиш даражасини ҳозирги 60 фоиздан 20 фоизгача пасайтиришга тайёрлигини, бироқ бу фақат маълум шартлар бажарилган тақдирдагина амалга ошишини маълум қилди. Мулозим Теҳрон урушга интилмаслигини, лекин АҚШ билан боғлиқ ҳар қандай сценарийга тайёр эканини ва Вашингтоннинг ҳарбий босимини адолатсиз деб ҳисоблашини таъкидлади.
Шамхоний, шунингдек, уранни хорижга чиқариш ғоясини рад этди ва бойитиш жараёни ҳарбий хусусиятга эга эмаслигини билдирди. Шу билан бирга, у объектларнинг шикастлангани ва хавфсизликка оид хатарлар туфайли захираларнинг аниқ ҳажми ҳозирча номаълумлигини тан олди. Унинг айтишича, Эрон ушбу масалани АЭХА билан муҳокама қилмоқда.





