Logo

Физиология ва тиббиёт бўйича Нобел мукофоти совриндорлари аниқланди

Bugun 16:482 daqiqa

2026-йилги физиология ва тиббиёт бўйича Нобел мукофоти «ёруғлик ёрдамида бошқарилувчи ион каналлари ва оптогенетика борасидаги кашфиётлар учун» берилди.

Физиология ва тиббиёт бўйича Нобел мукофоти совриндорлари аниқланди © rte.ie

2026-йилги физиология ва тиббиёт бўйича Нобел мукофоти Карл Дейссерот, Петер Хегеман ва Георг Нагелга берилди. Улар «ёруғлик ёрдамида бошқарилувчи ион каналлари ва оптогенетика борасидаги кашфиётлари учун» тақдирланди.

2025-йилги физиология ва тиббиёт бўйича Нобел мукофоти Мери Брункоу, Фред Рамсделл ва Сакагутига периферик иммунологик толерантлик бўйича кашфиётлари учун берилган эди.

Карл Дейссерот — АҚШдаги Стенфорд университети ва Говард Хюз тиббиёт институти вакили. Петер Хегеман Берлиндаги Гумболдт университетида, Георг Нагел эса Вюрсбург университетида фаолият юритади.

Нобел қўмитасига кўра, Хегеман ва Нагел бир ҳужайрали сувўтларда каналородопсин деб аталувчи ноёб оқсилни кашф этган. Дейссерот эса ушбу оқсилни асаб ҳужайраларини ёруғлик ёрдамида бошқариш имконини берувчи воситага айлантирган.

Оптогенетика нима беради?

Асаб сигналларини ёруғлик орқали бошқариш усули «оптогенетика» деб аталади. Бу технология тадқиқотчиларга миядаги муайян нейрон занжирларининг хотира, ҳис-туйғу ва хатти-ҳаракатларга таъсирини аниқ ўрганиш имконини берди.

Нобел қўмитаси таъкидлашича, усул неврологик ва руҳий касалликлар билан боғлиқ муайян хотиралар, ҳис-туйғулар ҳамда хулқ-атвор учун масъул нейрон тармоқларини аниқлашда қўлланмоқда.

Оптогенетика клиник тиббиётда ҳам синовдан ўтказилмоқда. Хусусан, кўриш қобилияти заифлашган инсонларда кўришни тиклаш имкониятларини ўрганиш бўйича тадқиқотларда ушбу технологиядан фойдаланилмоқда.

Маълумот учун, Нобел ҳафталиги анъанавий равишда физиология ва тиббиёт соҳасидаги лауреатларни эълон қилишдан бошланади. 6-октябрда физика, 7-октябрда кимё, 8-октябрда адабиёт бўйича совриндорлар маълум қилинади. Тинчлик мукофоти 9-октябрда, Швеция банки томонидан Алфред Нобел хотирасига таъсис этилган иқтисодиёт фанлари бўйича мукофот эса 12-октябрда топширилади.

Teglar

Mavzuga oid