add

Фуқаролар яшаш жойи ҳақидаги нотўғри маълумотларни онлайн тузатиши мумкин

Kecha 11:152 daqiqa

Ўзбекистонда фуқаролар ўзининг яшаш жойи ва кўчмас мулк маълумотларини таҳрирлаш бўйича янги давлат хизмати жорий этилди.

Фуқаролар яшаш жойи ҳақидаги нотўғри маълумотларни онлайн тузатиши мумкин

Ўзбекистонда фуқароларнинг яшаш жойи манзили ҳамда уларга тегишли кўчмас мулкда рўйхатдан ўтган шахслар ҳақидаги нотўғри маълумотларни тузатишга қаратилган янги давлат хизмати жорий этилмоқда. Бу ҳақда тегишли ҳукумат қарори қабул қилинди.

Янги тартиб орқали аҳоли ўз маълумотларидаги камчиликларни расмий равишда ва қисқа муддатларда бартараф этиш имкониятига эга бўлади.

Мурожаатлар қай тартибда юборилади?

Хизматдан фойдаланиш ҳозирча ички ишлар органлари ва Давлат хизматлари марказлари орқали амалга оширилади. Шу билан бирга, 2026 йил 1 мартдан бошлаб фуқаролар my.gov.uz портали орқали онлайн тарзда ҳам мурожаат юборишлари мумкин бўлади. Онлайн мурожаатлар дам олиш ва байрам кунларидан қатъи назар, сутканинг 24 соати давомида қабул қилинади.

Тақдим этилган сўровномалар ваколатли органлар томонидан уч иш куни ичида кўриб чиқилади. Мурожаатда кўрсатилган маълумотлар «Манзил» ахборот тизими, ФҲДЁнинг электрон архиви ҳамда «Рақамли маҳалла» платформаси орқали ўзаро солиштириб текширилади. Бу жараён маълумотларнинг ишончлилиги ва холислигини таъминлашга қаратилган.

Тузатилган маълумотлар QR-код қўйилган ҳолда тасдиқланади ва ариза берувчига электрон ёки қоғоз шаклда тақдим этилади. Бу эса ҳужжатларнинг ҳаққонийлигини тезкор текшириш ва улардан турли идораларда фойдаланишни енгиллаштиради.

Қандай вазиятларда мурожаат рад этилади?

Агар сўровномада кўрсатилган маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмаса ёки шахс қидирувда бўлса, давлат хизматини кўрсатиш рад этилиши мумкин. Бошқа асослар билан рад жавоби беришга йўл қўйилмайди. Фуқаролар хизматдан фойдаланишнинг исталган босқичида мурожаатдан воз кечиш ҳуқуқига эга бўлиб, тақдим этилган маълумотларнинг ҳаққонийлиги учун ариза берувчи шахсан жавобгар ҳисобланади.

Teglar

Mavzuga oid