«Гарант банк» Бошқарув раисига биринчи ўринбосар тайинланди
«Apex bank» Бошқарув раиси ўринбосари лавозимида ишлаган Шароф Икрамов «Гарант банк» Бошқарув раисининг биринчи ўринбосари бўлди.

Шароф Ренатович Икрамов «Гарант банк» Бошқарув раисининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди. Ушбу тайинлов Ўзбекистон Марказий банки билан келишилганидан сўнг расман кучга киради.
Бунга қадар Шароф Икрамов 2024 йилнинг октябрь ойидан буён «Apex Bank» Бошқарув раиси ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди. Жорий йилнинг 6 ноябрь куни у ушбу лавозимдан озод этилган.
У қатор тижорат банкларида раҳбарлик лавозимларида фаолият юритган. Хусусан, «Apex Bank» раҳбариятига ўтишидан аввал «ANORBANK» Кузатув кенгаши раисининг маслаҳатчиси бўлган. 2021–2023 йилларда эса «Uzum Bank» (собиқ «Bank Apelsin») Бошқарув раисининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаган.
Ўз меҳнат фаолиятини 2004 йилда «Капиталбанк» тизимида бошлаган Икрамов то 2021 йилга қадар мазкур банкда турли масъул лавозимларда меҳнат қилган.
Шароф Икрамов 1983 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. У 2004 йилда Тошкент молия институтининг бакалавриат босқичини, 2007 йилда эса мазкур олийгоҳнинг магистратурасини тамомлаган.





