Глобал қарз ҳажми рекорд даражага етди

26.02.2026 | 17:542 daqiqa

Халқаро молия институти маълумотига кўра, 2025 йилда жаҳон қарзи 29 трлн долларга ошиб, 348 трлн долларга етди.

Глобал қарз ҳажми рекорд даражага етди

Давлатлар, хонадонлар, молиявий ва номолиявий компаниялар мажбуриятларини ўз ичига олган жаҳон қарзи 2025 йилда 29 трлн долларга ошди ва рекорд даража – 348,3 трлн долларга етди. Бу ҳақда Халқаро молия институти (IIF)га таяниб, «Bloomberg» хабар берди.

Қарз ошишининг сабаби

Қарз ҳажмининг ўсиши, аввало, суверен мажбуриятлар кўпайиши ҳисобига юз берди – уларга 10 трлн доллардан ортиқ тўғри келди. Бу ўсишнинг тахминан учдан икки қисми АҚШ, Хитой ва еврозона давлатлари ҳиссасига тўғри келган.

Ҳозирги глобал қарз ўсиши кўпроқ хонадонлар ёки компаниялар қарзи эмас, балки дунёнинг йирик иқтисодиётларидаги доимий бюджет тақчиллиги билан боғлиқ.

Қарзнинг ЯИМга нисбати ўтган йили 308 фоизгача пасайди, асосан ривожланган иқтисодиётлар ҳисобига. Ривожланаётган мамлакатларда эса бу кўрсаткич рекорд даража – ЯИМнинг 235 фоизига етди.

«2025 йил охирида давлат қарзи 106,7 трлн долларни ташкил этди (бир йил аввал 96,3 трлн доллар эди). Номолиявий компаниялар қарзи 100,6 трлн долларга, хонадонлар қарзи эса 64,6 трлн долларга етди», – дейилади IIF маълумотида.

Ривожланган бозорларда умумий қарз 231,7 трлн долларгача ўсган бўлса, ривожланаётган бозорларда рекорд даража – 116,6 трлн долларни ташкил этди.

Ҳисоботда таъкидланишича, агар бюджет тақчиллиги юқори даражада сақланса ва компаниялар капитал харажатларини облигациялар чиқариш орқали молиялаштиришда давом этса, 2026 йилда ҳам жаҳон қарзи ҳажми ўсишда давом этади.

IIF баҳосига кўра, жорий йилда ривожланаётган бозорлар $9 трлндан ортиқ қарзни қоплаши керак бўлади – бу ҳисоб-китоблар тарихидаги энг катта рефинанслаш ҳажмидир. Ривожланган бозорларда эса облигациялар ва кредитлар бўйича 20 трлн доллардан ортиқ тўлов кутилмоқда.

Teglar

Mavzuga oid