
Испанияда 16 ёшга тўлмаган болалар учун ижтимоий тармоқлар чекланмоқда
Испания ҳукумати болаларни зарарли рақамли муҳитдан ҳимоя қилиш учун ёшни текшириш ва контент назоратини кучайтиришни режалаштирмоқда.

Испания 16 ёшгача бўлган болалар учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тақиқлашни режалаштирмоқда. Янги қоидаларга кўра, платформалар фойдаланувчилар ёшини қатъий текширадиган самарали механизмларни жорий этиши шарт бўлади. Бу ҳақда CNN хабар берди.
Ушбу ташаббус орқали мамлакат рақамли платформаларнинг болалар руҳияти ва хавфсизлигига салбий таъсирини чеклашга интилмоқда. Испания шу йўсинда Австрaлия, Франция ва Дания каби давлатлар қаторидан ўрин олмоқда. Бу мамлакатларда ҳам болаларни онлайн муҳитда ҳимоя қилишга қаратилган қатъий қоидалар амал қилмоқда.
Ёшни текшириш тизимлари реал тўсиқ бўлиши керак
Испания бош вазири Педро Санчеснинг таъкидлашича, ёшни текшириш тизимлари формал талаб эмас, балки реал ишлайдиган тўсиқ бўлиши керак.
«Фарзандларимиз ҳеч қачон ёлғиз ҳолда кириб бориши кўзда тутилмаган маконда қолмоқда. Бу — қарамлик, зўравонлик, порнография, манипуляция ва зўрлик ҳукмрон бўлган макон. Биз бунга энди кўз юмиб туролмаймиз, уларни рақамли ёввойи Ғарбдан ҳимоя қиламиз», деди Педро Санчес.
Санчес бу ҳақда Жаҳон ҳукуматлари саммитидаги чиқишида маълум қилди. Унинг айтишича, Испания ҳукумати ноқонуний ёки нафратли контентни ўз вақтида олиб ташламаган ижтимоий тармоқ раҳбарларини жиноий жавобгарликка тортишни кўзда тутувчи янги қонунларни ишлаб чиқади.
Янги қоидалар, шунингдек, алгоритмлар орқали ноқонуний контент тарқалишини кучайтирган шахслар ва платформаларга нисбатан санкциялар қўллашни ҳам назарда тутади. Ҳукумат бундай манипуляцияни алоҳида жиноят сифатида белгилаш ниятида.
Қонунчилик жараёни келаси ҳафтадан бошланади. Таклифлар орасида «нафрат ва қутбланиш изи» тизимини жорий этиш ҳам бор бўлиб, у рақамли платформалар жамиятдаги бўлинмаларни қандай кучайтираётганини таҳлил қилишга хизмат қилади.
Ушбу ташаббус илгари сурилган мамлакатлар
Сўнгги йилларда ушбу масала глобал даражада ҳам долзарблашди. Дастлаб Франция ҳукумати болалар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида 15 ёшгача бўлганлар учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тақиқлашни режалаштирган.
Австралияда эса16 ёшгача бўлганлар учун ижтимоий тармоқлар тақиқланган ва австралиялик болалар ҳаётида кутилмаган ўзгаришлар кузатилган.
Шунингдек, Буюк Британия ҳукумати ҳам болаларни интернетда яхшироқ ҳимоя қилиш мақсадида ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни чеклаш бўйича янги чора-тадбирларни кўриб чиқмоқда.
Қозоғистон Республикаси ҳукумати вояга етмаганларнинг интернетдан фойдаланиш хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ижтимоий тармоқларга киришни чеклаш бўйича янги қонун лойиҳасини ишлаб чиқди.
Мамлакат бош вазири ўринбосари — маданият ва ахборот вазири Аида Балаеванинг маълум қилишича, янги тартибга кўра, 16 ёшга тўлмаган болаларнинг онлайн платформаларда рўйхатдан ўтиши тақиқланиши кўзда тутилмоқда.





