Жанни Инфантино ва Александер Чеферин Исроил жиноятларига шериклиги айтилмоқда
Ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари ФИФА ва УЕФА раҳбарияти устидан Халқаро жиноий судга шикоят йўллади.

Бир қатор ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари Халқаро жиноий судга Халқаро футбол ассоциациялари федерацияси (ФИФА) ва Европа футбол ассоциациялари иттифоқи (УЕФА)га қарши шикоят йўллаб, уларни Исроилнинг ҳаракатларига шерикликда айблади.
Халқаро жиноий судга (ХЖС) ФИФА ва УЕФАга қарши шикоят йўлланди. Мурожаат бир нечта ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари, жумладан, Женевада жойлашган Евро-Ўрта ер денгизи инсон ҳуқуқларини мониторинг қилиш ташкилоти (Euro-Med) томонидан тақдим этилди.
Шикоятга сабаб
Даъво аризасида ФИФА президенти Жанни Инфантино ва УЕФА президенти Александер Чеферин «ҳарбий жиноятларга кўмаклашиш» ҳамда «босиб олинган Фаластин ҳудудида инсониятга қарши жиноятлар»да айбланмоқда.
Шикоятга босиб олинган ҳудудлардаги ноқонуний аҳоли пунктларининг Исроил клублари халқаро мусобақаларда иштирок этаётгани сабаб бўлган.
«Анадолу» агентлиги мухбири вазиятни Ню-Брансуик университети ўқитувчиси ва «Фаластин учун Ирландия спорти» ташкилоти аъзоси Натан Калман-Ламб билан муҳокама қилди.
«УЕФА ва ФИФА ушбу клубларнинг босиб олинган ҳудудларда мавжудлиги қонунийлигини тан олмоқда, шунингдек, Исроил футбол федерацияси ва унга кирувчи барча жамоаларга йириқ спорт тадбирларида қатнашишга рухсат бермоқда», — деб таъкидлади у.
«Спортчиларга қарши геноцид»
Калман-Ламб Ғазода содир бўлаётган геноцид фонида ХЖСга мурожаат қилиш «ниҳоятда муҳим» аҳамиятга эга эканини айтди.
«Ғазодаги бизга маълум бўлган геноциддан ташқари, яна бир омил борки, биз уни «спортчиларга қарши геноцид» деб атаймиз. Ғазо спорт жамиятининг деярли 1000 нафар аъзоси ўлдирилди, эксклавнинг юзлаб спорт иншоотлари вайрон қилинди. Ушбу ҳаракатларни Исроил Ғазода амалга ошираётган ишларнинг кенг контекстида спорт жамиятига қарши оғир жиноятлар сифатида қараш мумкин», — дея тушунтирди у.
Эксперт босиб олинган ҳудудларда Исроил клублари ва спорт инфратузилмасининг мавжудлиги аҳоли пунктларини мустаҳкамлаш сиёсатининг бир қисми эканини ва бу халқаро ҳуқуқни бузишини таъкидлади.
У шунингдек, ФИФА ва УЕФА четлатиш ҳақидаги чақириқларга қарамай, Исроил клублари ва терма жамоаларини халқаро турнирларга қўйишда давом этаётганини кўрсатиб ўтди. Унинг фикрича, шу тариқа ташкилотлар босиб олинган ҳудудлардаги жамоаларнинг легитимлигини тан олмоқда.
Калман-Ламб қўшимча қилишича, Фаластин футбол ассоциацияси ўз юрисдикциясини талаб қилмоқда ва бундай ҳаракатлар ФИФА ҳамда УЕФА низомларига зид деб ҳисоблайди.





