Logo

Жазирама иссиқ кексалар учун биз ўйлагандан кўра хавфлироқ — тадқиқот

Bugun 08:405 daqiqa

Стенфорд университети тадқиқотчиларининг таъкидлашича, инсоннинг иссиққа чидамлилик чегараси аввал тахмин қилинганидан кўра пастроқ.

Жазирама иссиқ кексалар учун биз ўйлагандан кўра хавфлироқ — тадқиқот © Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva

Олимларнинг аниқлашича, иқлим ўзгариши сабабли ҳарорат кўтарилиб бораётган бир пайтда, жазирама туфайли касалланиш ёки вафот этиш хавфи остида қолаётган кексалар сони кутилганидан анча кўп.

АҚШдаги Стенфорд университети олимлари ўтказган янги тадқиқотда ёшнинг инсон организмидаги иссиққа чидамлиликка кўрсатадиган таъсири ўрганилди. Бу эса бутун дунё аҳолиси учун жазирама тўлқинларидан келиб чиқадиган янги хавф даражаларини очиб берди.

Дунё бўйича 60 ёш ва ундан катталар сони 2020 йилдаги 1 миллиарддан 2050 йилга келиб 2,1 миллиардгача, яъни икки баробардан кўпроққа ошиши кутилмоқда. Бу кўрсаткич дунё аҳолисининг 21 фоизини ташкил этади. Бундай шароитда Стенфорд тадқиқоти ҳароратнинг кўтарилиши тахмин қилинганидан ҳам кўпроқ ўлим ҳолатларига олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

«Олдинги таҳлилларда кўпинча ҳар бир киши иссиққа худди соғлом ёшлардек чидай олади, деб тахмин қилинган. Бу эса кексалар учун реал хавф даражасини пасайтириб кўрсатган», — деди Буюк Британиядаги Империал коллежи ўқитувчиси Крис Муллингтон «Ал Жазира» нашрига.

Янги тадқиқот шуни тасдиқлайдики, хавфли иссиқ об-ҳавони ягона универсал ҳарорат чегараси билан белгилаб бўлмайди. Бу кўпроқ жазирама шароитида қолаётган инсоннинг ёши ва ҳолатига боғлиқ.

Нима сабабдан кексалар жазирама иссиққа бунчалик таъсирчан бўлади?

Ёш ўтган сари инсон организми ўзини ўзи совутишдек табиий қобилиятини йўқота боради: биз камроқ терлаймиз, қон томирларимиз эса аввалгидек кенгаймагани сабабли юрак кўпроқ ишлашга мажбур бўлади. Ҳарорат кўтарилиб бориши билан, организм охир-оқибат ўзини етарли даражада тез совута олмайдиган ҳолатга келиб қолади.

«Организм тиклана олмайдиган иссиқлик зўриқиши» деб аталувчи бу ҳолатга кексалар ёшларга қараганда анча эрта ва пастроқ ҳароратлардаёқ дуч келади.

Тадқиқотчиларнинг аниқлашича, 65 ёш ва ундан катталар саноатлашувга қадар бўлган даврга нисбатан глобал ҳарорат 1,5 даражага кўтарилгандаёқ зарарли иссиқлик таъсирига дуч келади. Ёшларда эса бу ҳолат исиш 4 даражага ошгандагина кузатилади.

Айни пайтда узоқ муддатли глобал исиш саноатлашувгача бўлган даражадан тахминан 1,4 даражага юқори, деб баҳоланмоқда. Европа Иттифоқининг «Коперник» агентлиги маълумотларига кўра, гарчи 2024 йилда ўртача йиллик глобал кўрсаткич тарихда илк бор 1,5 даражадан ошган бўлса-да, ўнлаб йилларни ўз ичига олувчи узоқ муддатли исиш ҳозирча бу маррани босиб ўтгани йўқ.

Бироқ Стенфорд олимларининг ҳисоб-китобларига кўра, йилига камида 180 соат давомида ўз ёш тоифаси учун чидаш мумкин бўлган чегарадан юқори ҳароратни бошдан кечираётган одамлар сони тахмин қилинганидан аллақачон икки баробар кўпни ташкил қилмоқда. Бу ҳисоботда қайд этилган асосий кўрсаткич ҳисобланади.

Жазирама инсон организмига қандай таъсир кўрсатади?

Экстремал иссиқлик, яъни ғайритабиий жазирама ёки иқлим ва саломатлик учун белгиланган меъёрлардан ортиб кетадиган ҳарорат инсон учун ўта хавфлидир. Бу ҳолат иссиқ уриши, юрак хуружи каби оғир хасталикларга, ҳатто ўлимга ҳам олиб келиши мумкин.

Саломатликка етадиган зарарни фақатгина глобал ўртача кўрсаткичлар ёки ҳаво ҳароратига қараб башорат қилиб бўлмайди. Бунинг сабабини Муллингтон шундай изоҳлайди:

«Намлик, қуёш нури, ҳаво оқими, жисмоний фаоллик, кийим-кечак ва инсоннинг иссиқлик чиқариш қобилияти каби омилларнинг барчаси муҳим аҳамиятга эга».

Мутахассиснинг сўзларига кўра, жазирамада соғлом ёшлар бемалол чидай оладиган ҳарорат кексаларда тана ҳароратининг кўтарилиб кетишига ва иссиқ уриши каби жиддий хасталикларга сабаб бўлади.

Бундан ташқари, тадқиқот хулосаларига кўра, жазирама вақтидаги ўлим ҳолатларининг кичик бир қисмигина бевосита гипертермия (узоқ вақт иссиқда қолиб кетиш) оқибатида юз беради. Аксарият ўлим ҳолатлари эса тана ҳарорати кўтарилиши ортидан зўриқадиган ёндош касалликлар — хусусан, юрак-қон томир, буйрак ва нафас олиш йўллари хасталиклари билан боғлиқ.

Жанубий ва Шарқий Осиё энг кўп азият чекади

Стенфорд тадқиқотида келтирилган НАСА маълумотларига кўра, бутун дунё бўйлаб глобал исиш сўнгги 10 000 йил ичида кузатилмаган тезликда юз бермоқда. Шу билан бирга, умр кўриш давомийлигининг ошиши ва туғилиш даражасининг пасайиши ортидан дунё аҳолиси тез қаримоқда. Бу ҳолат сайёрамиз аҳолисининг катта қисми кучли жазирама олдида ҳимоясиз қолаётганини англатади.

Хитой, Ҳиндистон ва Покистон каби даромади паст мамлакатлардаги кексалар глобал исиш саноатлашувдан олдинги даврга нисбатан атиги 1,5 даражага кўтарилганда ҳам энг катта хавф остида қолади. Ҳарорат кўтарилгани сайин, бундан зарар кўрувчи географик ҳудудлар қамрови ҳам кенгайиб боради.

Тадқиқот натижалари шуни кўрсатадики, ҳароратнинг ҳар бир қўшимча даражага кўтарилиши яна бир миллиардга яқин одамни йилига 180 соат давомида чидаб бўлмас жазирамада яшашга мажбур қилади. Бу инсонларнинг аксарияти кексалар бўлиши тахмин қилинмоқда, чунки уларнинг организми бундай шароитга ёшларга қараганда тезроқ таслим бўлади.

Тахминлар глобал ҳароратнинг келажакда қанчалик кўтарилиши эҳтимолига қараб турлича хулосаларни тақдим этмоқда.

Олимларнинг айтишича, агар ҳарорат саноатлашувга қадар бўлган даврга нисбатан 3 даражага кўтарилса, Ҳиндистон, Хитой, Покистон ва Бангладешда ўта хавфли жазирама таъсирига дуч келадиган аҳоли сони 1,5 миллиард кишига етади. Бу эса бутун дунё бўйича ушбу муаммодан жабр кўрувчи умумий аҳолининг қарийб тўртдан уч қисмини ташкил этади.

Жазирама иссиқнинг оқибатларини юмшатиш учун нималар қилиш зарур?

Стенфорд олимларининг хулосасига кўра, инсоннинг иссиққа чидамлилик чегараси қачон, қаерда ва қандай ҳолатда бузилишини аниқлаш хавфни камайтириш стратегияларини ишлаб чиқишда тобора муҳим аҳамият касб этмоқда.

Бу борада таклиф этилаётган мослашув чоралари қуйидагиларни ўз ичига олади:

·         яшил инфратузилмани кенгайтириш мақсадида шаҳар ландшафтини қайта кўриб чиқиш;

·         шамоллатиш тизимларини яхшилаш;

·         инсон фаолияти натижасида ажралиб чиқадиган иссиқликни камайтириш;

·         махсус совитиш марказларини ташкил этиш;

·         жазирамадан огоҳлантириш ва фавқулодда ҳаракат қилиш тизимларини такомиллаштириш.

Ушбу саъй-ҳаракатларда тиббий жиҳатдан ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларига, айниқса, ёлғиз яшовчи, иқтисодий қийинчиликларга дуч келган ёки сурункали касалликларга чалинган кексаларга устувор аҳамият қаратилиши лозим.

Кексалар ўртасида жазирама туфайли юз берадиган ўлим ҳолатларининг аксарияти ёпиқ биноларда содир бўлади. Шуни ҳисобга олган ҳолда, тадқиқотда барқарор электр энергиясига таянувчи кондиционерлар ёки бошқа совитиш қурилмаларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ҳам тавсия этилган.

Бироқ, узоқ муддатли истиқболда атмосферага чиқарилаётган зарарли газ ва ташламаларни камайтириш глобал исишни жиловлашнинг энг асосий омили бўлиб қолаверади.

Teglar

Mavzuga oid