Logo

«Келажакдан мактуб»: Олимлар аномал иссиқ кунлар бўлишини айтмоқда

Bugun 17:075 daqiqa

2026–2027 йилларда жазирама кунлар сони одатий йилларга қараганда 44 фоизга кўпайиши мумкин.

«Келажакдан мактуб»: Олимлар аномал иссиқ кунлар бўлишини айтмоқда © RBK

2026 йилда кузатилаётган кучли «супер Эл-Нино» дунё бўйлаб ҳароратнинг кескин ошишига сабаб бўлмоқда. «Climate Impact Lab» халқаро тадқиқотлар гуруҳи томонидан 23 сентябр куни эълон қилинган ҳисоботга кўра, ушбу табиий ҳодиса 2026 йилнинг июн ойидан 2027 йилнинг феврал охиригача одатий йилларга нисбатан 451 мингтагача қўшимча ўлимга сабаб бўлиши эҳтимоли бор.

451 минг ўлим қандай ҳисобланган?

«Climate Impact Lab» тадқиқотчилари ушбу прогнозни дунёнинг 24 378 та ҳудудида ҳарорат ва ўлим кўрсаткичлари ўртасидаги боғлиқликни ўрганиш орқали ишлаб чиқди. Бунда ҳар бир ҳудуднинг иқлими ва аҳолининг заиф қатламлари инобатга олинган. Сўнг мазкур натижалар ҳарорат прогнозлари билан бирлаштирилиб, Эл-Нино туфайли юзага келиши мумкин бўлган қўшимча ўлимлар 1996–2025 йиллардаги ўртача кўрсаткичлар билан солиштирилган.

Тадқиқот муаллифларининг ҳисоб-китобларига кўра, 2026–2027 йилларда жазирама кунлар сони одатий йилларга қараганда 44 фоизга кўпайиши мумкин. «451,000 киши хавф остида: Супер Эл-Нино даврида қандай чоралар ҳаётни сақлаб қолиши мумкин» номли ҳисобот муаллифлари жорий Эл-Нинони «келажакдан мактуб» деб таърифлаган. Уларнинг таъкидлашича, ҳозир кузатилаётган ғайритабиий ҳарорат бир неча ўн йил ичида одатий ҳолга айланиб қолиши ҳеч гап эмас.

Супер Эл-Нино нима?

Эл-Нино — Тинч океанининг экватор бўйлаб марказий ва шарқий қисмларида сув юзаси ҳарорати ўртача кўрсаткичдан камида 0,5 даража Селсийга юқори бўладиган табиий иқлим жараёнидир. У бир неча йилда бир марта юзага келади ва иссиқ фаза (Эл-Нино) ҳамда совуқ фаза (Ла-Ниня)дан иборат табиий иқлим циклининг ажралмас қисми ҳисобланади.

Эл-Нино пайтида океан сувларининг исиши дунё миқёсидаги об-ҳаво жараёнларини сезиларли даражада ўзгартириб юбориши мумкин. Мутахассисларнинг қайд этишича, океан юзаси ҳарорати бир неча ой давомида 2 даража Селсий ёки ундан юқори бўлса, бундай ҳодиса «супер Эл-Нино» деб таснифланади. Жорий Эл-Нино ўтган ойда 2,7 даражага етган бўлса, айрим прогнозларга кўра, ноябр–декабр ойларида у ўзининг чўққисига чиқиб, ҳарорат 4 даражагача кўтарилиши мумкин.

Нега бу йилги Эл-Нино шунчалик кучли?

Буюк Британиянинг «Reading» университети қошидаги Миллий атмосфера илми маркази ва Метеорология департаменти катта тадқиқотчиси Акшай Деораснинг тушунтиришича, Эл-Нинонинг ривожланиши атмосфера ва океан ўртасидаги ўзаро таъсирга бевосита боғлиқ. Одатда шамоллар Индонезия томон эсиб, иссиқ сувни ўша ҳудудда тўплайди. Аммо шамоллар кучсизланса ёки йўналишини ўзгартирса, Индонезия томонидан кучли шамоллар туриб, катта миқдордаги илиқ сувнинг океаннинг шарқий қисмига силжишига сабаб бўлади.

Деораснинг айтишича, жорий йил баҳорида айнан Индонезия томонидан эсган кучли шамоллар улкан ҳажмдаги иссиқ сув массасини силжитиб, супер Эл-Нинонинг шаклланишига замин яратган.

Дунёда об-ҳаво қандай ўзгариши мумкин?

Мутахассислар ҳозирги супер Эл-Нинонинг бутун дунёга қандай оқибатлар олиб келишини олдиндан аниқ айтиш мушкуллигини таъкидламоқда. Буюк Британия Метеорология хизматининг узоқ муддатли прогнозлаш бўлими раҳбари Адам Скайфнинг сўзларига кўра, олимлар мазкур ҳодисанинг таъсири унинг кучига мутаносиб бўладими ёки йўқлигини ўрганмоқда. Бироқ Эл-Нинонинг дунё бўйлаб кутилган асоратлари аллақачон намоён бўла бошлаган.

Тарихий маълумотларга таянилса, Эл-Нино глобал ёғингарчилик тақсимотини кескин ўзгартириши мумкин. Бу даврда Марказий ва Жанубий Американинг шимолий қисмлари, ғарбий Тинч океани ҳамда Ҳиндистондаги ёзги муссон таъсири остидаги ҳудудларда ёғингарчилик миқдори камайиши эҳтимоли бор. Жанубий Африкада эса қурғоқчилик хавфи ортади.

Шунингдек, Эл-Нино Атлантика океанида тропик циклонлар фаоллигини ҳам пасайтиради.

Озиқ-овқат таъминотига ҳам таъсир қилиши мумкин

Ёғингарчилик миқдоридаги бундай кескин ўзгаришлар бевосита қишлоқ хўжалигига ҳам зарба беради. Табиий етиштириш ва ҳосилни йиғиштириб олиш мавсумларининг ўзгариши оқибатида аграр соҳа катта зарар кўриши, бу эса глобал озиқ-овқат таъминотида жиддий муаммоларни келтириб чиқариши прогноз қилинмоқда.

Нега ўлимлар сони бунчалик катта бўлиши мумкин?

Акшай Деораснинг таъкидлашича, Эл-Нинонинг асосий хавфларидан бири — атмосферага катта миқдорда иссиқлик чиқаришидир. Юқори ҳарорат экстремал ёғингарчилик ва бошқа кескин об-ҳаво инжиқликларини келтириб чиқаради. Супер Эл-Нино эса бундай ҳодисаларнинг нафақат сонини, балки кучи ва ҳалокатлилик даражасини ҳам ошириши мумкин.

Шу сабабли, тадқиқотчилар келаси бир неча ой ичида дунё бўйлаб экстремал об-ҳаво ҳодисалари кўпайиши ва бунинг оқибатида ўлим ҳолатлари ортиши, инфратузилмага зарар етиб, катта иқтисодий йўқотишлар кузатилиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

Энг катта хавф қайси мамлакатларда?

«Climate Impact Lab» ҳисоботига кўра, жазирама билан боғлиқ қўшимча ўлимларнинг асосий қисми Глобал Жануб мамлакатлари ҳиссасига тўғри келади. Тадқиқотда энг кўп қурбонлар Нигерияда (31 400 та), Индонезияда (19 300 та) ва Суданда (17 600 та) кузатилиши прогноз қилинган.

Африканинг Сахел минтақаси, хусусан, Нигер, Чад, Нигерия ва Суданда ғайритабиий иссиқ туфайли қўшимча 66 800 та ўлим қайд этилиши мумкинлиги ҳисоб-китоб қилинган. Филиппин, Веитнам, Таиланд ва Камбожада эса бу кўрсаткич умумий ҳисобда 19 400 та атрофида бўлиши тахмин қилинмоқда.

Агар Эл-Нинонинг таъсири келаси йилгача чўзилса, қурбонлар сони янада ортиши мумкин. Бунда Шимолий яримшардаги Ҳиндистон ва Покистон каби мамлакатлар ёз ойларида алоҳида хавф остида қолади.

Аммо 451 минг рақами аниқ прогноз эмас

«Al Jazeera» нашри мазкур рақамларга эҳтиёткорлик билан ёндашиш кераклигини таъкидлаган. Иқлим ўзгариши бўйича «E3G» таҳлил маркази раҳбари Том Бёрк бу кўрсаткични ҳатто «жуда эҳтиёткор ҳисоб-китоб» деб баҳолаган. Боиси, ҳисобот асосан иссиқликнинг бевосита таъсиридан келиб чиқадиган ўлимларнигина қамраб олган. Амалда эса ёнғинлар ва сув тошқинлари ҳам қўшимча қурбонларга сабаб бўлиши мумкин.

Ўз навбатида, «Reading» университети тадқиқотчиси Акшай Деорас ҳисоботдаги рақамларни «субъектив» деб атаб, ўлим ҳолатларининг ҳудудлар бўйича тақсимланишига шубҳа билдирган. Унинг фикрича, Ҳиндистонда 2027 йилнинг февралига қадар 15 мингдан ортиқ қўшимча ўлим кутилаётгани унчалик ишончли эмас, чунки бу мамлакатда ҳалокатли иссиқлик тўлқинлари асосан ёз фаслида кузатилади.

Шунга қарамай, Деорас ҳам келаси 12 ой давомида Эл-Нино туфайли ўлим ҳолатлари, инфратузилмага зарар ва иқтисодий йўқотишлар кўпайиши эҳтимоли юқори эканини тасдиқлаган.

Иқлим ўзгариши бу жараённи қандай кучайтиради?

«Imperial College London» профессори Фридерике Оттонинг хулосасига кўра, глобал иқлим ўзгариши Эл-Нинонинг дунёдаги таъсирини янада оғирлаштирмоқда. Эл-Нино келгуси ойларда глобал ҳарорат ва экстремал об-ҳаво инжиқликларини оширса, иқлим ўзгариши бу асоратларни икки карра кучайтиради.

Олимнинг таъкидлашича, Эл-Нино табиий равишда пайдо бўлиб, маълум вақтдан сўнг чекинадиган ҳодиса. Аммо иқлим ўзгариши — узлуксиз жараёндир. Қазиб олинадиган ёқилғилардан фойдаланиш тезроқ тўхтатилмас экан, иқлим ўзгариши келтириб чиқараётган иссиқлик муттасил ошиб бораверади.

Teglar

Mavzuga oid

«Келажакдан мактуб»: Олимлар аномал иссиқ кунлар бўлишини айтмоқда | Vaqt.uz