Кубада бир ҳафтада иккинчи блэкаут кузатилди
Кубада бир ҳафта ичида иккинчи марта бутун мамлакат бўйлаб электр таъминоти тўлиқ узилди, қарийб 10 миллион аҳоли яна энергиясиз қолди.

Кубада умуммиллий миқёсда яна электр таъминоти тўлиқ узилди. Мамлакат энергетика вазирлиги маълумотига кўра, электр тизимидаги узилиш 21 март куни маҳаллий вақт билан 18:32 да содир бўлган. Ҳозирда тизимни қайта тиклаш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Маълум қилинишича, ушбу узилиш натижасида деярли 10 миллион аҳоли яна электр энергиясисиз қолган. Мамлакат бош вазири Мануэл Марреро Крус тиклаш ишлари мураккаб шароитда олиб борилаётганини билдирган. Шунингдек, пик вақтда 1,7 MWгача электр энергияси танқислиги кузатилиши кутилган.
Бу ҳафта ичидаги иккинчи йирик узилиш ҳисобланади. Аввалроқ, 16 март куни ҳам бутун мамлакат электр таъминотисиз қолган эди. Оммавий ахборот воситаларига кўра, сўнгги вақтларда мамлакатда узлуксиз равишда электр узилишлари кузатилмоқда ва айрим ҳолатларда аҳоли бир неча кун давомида ёруғликсиз қолган.
Энергетик инқироз таъсири
Энергетик инқироз аҳоли ҳаётига жиддий таъсир кўрсатмоқда. Озиқ-овқат маҳсулотлари бузилиб кетмоқда, алоқа ва интернет тизимлари ишдан чиқмоқда, шифохоналар хизматларини қисқартиришга мажбур бўлмоқда. Таълим муассасаларида дарслар бекор қилинмоқда, ёқилғи етишмаслиги туфайли чиқиндилар тўпланиб қолмоқда.
Мутахассислар ушбу ҳолатни нефт таъминотидаги узилишлар ва иқтисодий босимлар билан изоҳламоқда. Хусусан, сўнгги ойларда Кубага хориждан нефт етказиб бериш тўхтагани энергетика тизимига салбий таъсир кўрсатган. Бу эса мамлакатдаги мавжуд муаммоларни янада чуқурлаштирмоқда.





