Куч тузилмаларида катта тайинловлар
2026 йилда куч ишлатар тизимдаги кўплаб курсилар қимирлади. Кимдир лавозимидан кетди, кимдир эса давлат пулини ўзлаштириш гумони билан панжара ортида. Уларнинг айби бор-йўқлигига тергов ва суд якунида аниқлик киритилади. 27 январ куни Президент ўтказган видеоселектор йиғилишидан сўнг ички ишлар тизимида катта ўзгаришлар ва янги тайинловлар бошланди. Бугун айнан шу ҳақда.
2020 йилнинг март ойида Ўзбекистон Миллий Гвардияси қўмондони лавозимига тайинланган Генерал-майор Жўраев Рустам Мирзаевич Ички ишлар вазирининг вакант бўлган Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи лавозимига тайинланди.

Жўраев Рустам Мирзаевич
Бу лавозимни илгари Бекмурод Абдуллаев эгаллаган. У ҳозир 186 миллиард сўмлик давлат маблағини ўзлаштиришда айбланиб, қамоқда қолмоқда.

Бекмурод Абдуллаев
Лавозимга янги қўйилган Рустам Жўраев шу кунгача Тошкент ИИББ бошлиғи ўринбосари, Наманган ва Хоразм вилоятларида ИИББ бошлиғи, Фавқулодда вазиятлар вазири, Тошкент ИИББ бошлиғи ва 2020 йилдан ҳозирга қадар Миллий Гвардия қўмондони лавозимларида ишлаган.
Рустам Жўраев ИИВга ўтиб, унинг бўшаб қолган ўрнини 2020 йилдан шу вақтгача Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби ўринбосари лавозимида ишлаган Баҳодир Ҳамидович Тошматов эгаллади.

Баҳодир Ҳамидович Тошматов
Баҳодир Тошматов шу кунгача Мудофаа вазири ўринбосари ва биринчи ўринбосари, Миллий хавфсизлик кенгаши котиби, Миллий гвардия қўмондони сифатида ишлаган. 2018–2020 йилларда эса Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат хавфсизлик хизматига раҳбарлик қилган.
2023 йилдан бугунгача Фарғона вилояти ИИБни бошқарган Азизбек Исраилович Икромов Президент фармони билан Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазири лавозимига тайинланди. У Фарғона вилояти ИИБга раҳбар бўлишидан аввал 2021 йилдан 2023 йилгача — Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ўринбосари — Кадрлар департаменти бошлиғи лавозимида ишлаган.

Азизбек Исраилович Икромов
Азизбек Икромовга берилган лавозимни шу вақтгача эгаллаб келган Фавқулодда вазиятлар вазири Ботир Баҳромович Қудратхўжаев лавозимидан олиб, Президентнинг тегишли фармони ва қарорлари билан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари – Тезкор-қидирув департаменти бошлиғи лавозимига тайинланди.

Ботир Қудратхўжаев
Ботир Қудратхўжаев муқаддам Сурхондарё вилояти прокурори вазифасини бажарувчи, вилоят прокурори, Тошкент шаҳар прокурори, Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси директори, Хоразм вилояти прокурори ва Бош прокурор ўринбосари – Ҳарбий прокурор лавозимларида ишлаган.

Рустам Турсунов
Давлатга тегишли 186 миллиард сўмни ўзлаштирганликда айбланиб қамоқда сақланаётган Рустам Турсуновнинг бўш қолган ўрни тўлди. Бу – ИИВ ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти раҳбари лавозими.

Азизхон Шарипхоневич Умархонов
2021 йил 2 августдан буён Тошкент шаҳри Олмазор туманига раҳбарлик қилган Азизхон Шарипхоневич Умархонов Президент фармойиши билан Жазони ижро этиш департаменти бошлиғи лавозимига тайинланди.
Умархонов Олмазор туманига ҳоким бўлгунга қадар, Ўзбекистон Республикаси Жамоат тартибини сақлаш бош бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келган.

Аюбхон Тошхўжаевич Раҳматуллаев
Шунингдек, Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари – Тезкор-қидирув департаменти бошлиғи лавозимида ишлаган Аюбхон Тошхўжаевич Раҳматуллаев ва Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти бошлиғи, Ички ишлар вазири ўринбосари бўлган Даврон Абитович Назармухамедовлар бошқа ишга ўтиши муносабати билан лавозимидан озод этилган.

Даврон Абитович Назармухамедов
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан Диёрбек Нематжонович Сатторов Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ўринбосари – Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти бошлиғи лавозимига тайинланган. Бугунгача Сатторов Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Жамоат хавфсизлиги ва қонун устуворлиги бўйича департаменти шўба мудири лавозимида ишлаган.

Рустам Равшанович Мирзаев
Шу вақтга қадар, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Коммуникациялар департаменти бошлиғи ўринбосари лавозимида фаолият олиб борган Рустам Равшанович Мирзаев лавозимидан озод этилган ва Ички ишлар вазирининг Комплайенс ва коррупцияга қарши ички назорат бўйича ўринбосари лавозимига тайинланган.





