Logo

Марказий банк олтита банк ва иккита микромолия ташкилотини жаримага тортди

Bugun 20:502 daqiqa

Марказий банкнинг Банк назорати қўмитаси октябрь ойида 43 та масалани кўриб чиқди.

Марказий банк олтита банк ва иккита микромолия ташкилотини жаримага тортди © Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva

Марказий банкнинг Банк назорати қўмитаси Ўзбекистонда пруденциал нормативлар ва қонунчилик талабларига риоя этмаган олтита тижорат банки ҳамда иккита микромолия ташкилотига нисбатан жарима санкциялари қўллади. Бу ҳақда Марказий банк матбуот хизмати хабар берди.

Қўмита томонидан ўтказилган инспекция текширувлари давомида аниқланган қоидабузарликлар учун юқоридаги молия муассасалари жаримага тортилган. Бундан ташқари, яна битта банк ва битта микромолия ташкилотига нисбатан тегишли чора ҳамда санкциялар қўлланилиши тўғрисида қатъий огоҳлантириш берилган.

Октябрь ойида кўриб чиқилган қирқ учта масала тафсилоти

Умуман олганда, Банк назорати қўмитаси 2026 йилнинг октябрь ойи давомида жами 6 марта йиғилиш ўтказиб, унда 43 та масалани кўриб чиққан ва улар бўйича тегишли қарорлар қабул қилган.

Ушбу масалаларнинг 23 таси рўйхатга олиш ва рухсат бериш йўналишига оид бўлиб, қуйидагиларни ўз ичига олган:

- Кредит ташкилотлари уставига киритилган ўзгартиришларни рўйхатдан ўтказиш (8 та);

- Тижорат банклари кузатув кенгаши, бошқаруви аъзолари ҳамда муҳим аҳамиятга эга ходимларининг номзодларини кўриб чиқиш (8 та);

- Микромолия ташкилотларини ҳисоб рўйхатидан ўтказиш, аккредитация ва тўлов ташкилотига лицензия бериш (4 та);

- Банкларда аудит ўтказиш ҳуқуқини бериш учун аудиторлик малака сертификатларини тақдим этиш (2 та);

- Кредит ташкилотларининг устав фондидаги улушига эгалик қилиш учун рухсат бериш (1 та).

Шу билан бирга, қўмита томонидан кредит ва тўлов ташкилотларининг молиявий ҳолатига оид 20 та масала муҳокама қилинган. Хусусан, Марказий банкнинг кўрсатмалари ва пруденциал меъёрлари талабларига қай даражада риоя этилаётгани, шунингдек, банк ва нобанк кредит ташкилотларида ўтказилган инспекция текширувлари натижалари таҳлил қилинган.

Бундан ташқари, ташкилотларнинг молиявий хизматларини «тартибга солиш қумдони» доирасида синовдан ўтказиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Teglar

Mavzuga oid