Logo

Марказий банкда Исломий молия кенгаши ташкил этилди

Ушбу кенгашга Саиджамол Масайитов, Муҳаммадаюбхон Ҳомидов, Ҳикматилла Тоштемиров, Абдулатиф Турсунов ва Ахроржон Садуллаев аъзо сифатида тасдиқланди.

Марказий банкда Исломий молия кенгаши ташкил этилди

Марказий банкда Исломий молия фаолияти билан боғлиқ масалаларни мувофиқлаштирувчи Марказий банкнинг исломий молия кенгаши ташкил этилди. Бу ҳақда банк матбуот хизмати маълум қилди.

Хабарга кўра, Кенгаш исломий банк фаолиятини амалга оширувчи банклар, исломий молиялаштиришга оид хизматларни кўрсатувчи микромолия ташкилотлари, Омонатларни кафолатлаш агентлиги ҳамда Марказий банк назорати остидаги бошқа ташкилотлар томонидан амалга ошириладиган исломий молия фаолиятини мувофиқлаштирувчи Марказий банкнинг коллегиал органи ҳисобланади.

Кенгаш таркиби Ислом ҳуқуқи бўйича мутахассис ва техник эксперт бўлган 5 нафар аъзодан иборат.

Кенгаш қуйидаги вазифаларни амалга оширади:

• исломий молия стандартлари лойиҳаларини исломий молия бўйича халқаро стандартлар ва маҳаллий контекстни инобатга олган ҳолда ишлаб чиқади;

• Марказий банкка исломий молия фаолиятини тартибга солиш ва назорат қилиш масалалари юзасидан хулоса ва маслаҳатлар беради, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда кўмаклашади, соҳада юзага келадиган низолар ҳамда баҳсли масалалар бўйича тушунтириш ва изоҳлар беради;

• банклар ва микромолия ташкилотларига исломий молия фаолияти билан боғлиқ тавсиялар ва кўрсатмалар беради, улар билан даврий маслаҳат учрашувларини ўтказади;

• AAOIFIнинг йиғилишларида Марказий банк номидан қатнашади ва зарур ҳолларда AAOIFI томонидан ишлаб чиқилган ҳужжатлар лойиҳаларига ўз таклифлари ва муносабатларини тақдим этади.

Кенгаш ҳар йили Марказий банк бошқарувига ўз фаолияти бўйича йиллик ҳисоботни тақдим этади.

Кенгаш таркиби

Маълум қилинишича, кенгаш таркибига ислом ҳуқуқи бўйича тўрт нафар мутахассис ва бир нафар техник эксперт киритилган. Унга кўра, кенгаш аъзолари рўйхати қуйидагича тасдиқланган:

Масайитов Саиджамол Юсифович — Марказий банкнинг исломий молия кенгаши раиси, Ислом ҳуқуқи бўйича мутахассис.
Ҳомидов Муҳаммадаюбхон Усмонхонович — Кенгаш раиси ўринбосари, Ислом ҳуқуқи бўйича мутахассис.
Тоштемиров Ҳикматилла Юсупович — Кенгаш аъзоси, Ислом ҳуқуқи бўйича мутахассис.
Турсунов Абдулатиф Абдулхаевич — Кенгаш аъзоси, Ислом ҳуқуқи бўйича мутахассис.
Садуллаев Ахроржон Бахритдинович — Кенгаш аъзоси, техник эксперт.

12345

Teglar

Mavzuga oid

Марказий банкда Исломий молия кенгаши ташкил этилди | Vaqt.uz