Logo

Марказий Осиё фуқаролари Россияга ишлаш мақсадида боришни тўхтатмоқда

Bugun 11:552 daqiqa

Мутахассислар буни миграция сиёсати ва харажатлар ошиши билан изоҳлаган.

Марказий Осиё фуқаролари Россияга ишлаш мақсадида боришни тўхтатмоқда © Vedomosti

2026 йилнинг январ-июн ойларида Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон фуқароларининг ишлаш мақсадида Россияга бориш кўрсаткичи ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 15 фоизга камайган. Бу ҳақда Россия чегара хизмати статистикасига таяниб, «Ведомости» хабар қилди.

Нашр ҳисоб-китобларига кўра, ўтган йилнинг биринчи ярмида мазкур уч давлат фуқаролари Россияга ишлаш мақсадида жами 2,3 миллиондан ортиқ марта кирган бўлса, 2026 йилнинг шу даврида бу кўрсаткич қарийб 1,9 миллионни ташкил этган.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Россияга меҳнат мигрантларини энг кўп юборувчи давлат бўлиб қолмоқда.

Ўзбекистон етакчиликни сақлаб қолди

2026 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон фуқаролари ишлаш мақсадида Россия чегарасини 1,1 миллион мартадан кўпроқ кесиб ўтган. Бу ўтган йилнинг мос даврига қараганда 13,2 фоизга кам.

Тожикистон фуқаролари 494,5 минг марта, Қирғизистон фуқаролари эса 289,1 минг марта худди шу мақсадда Россияга борган. Бу кўрсаткичлар мос равишда 17,9 ва 16,7 фоизга қисқарганини кўрсатади.

Сабаблар нимада?

Мутахассисларнинг фикрича, меҳнат миграцияси қисқаришига Россияда миграция қонунчилигининг қатъийлашгани ва ишлаш харажатларининг ошиб бориши таъсир кўрсатган.

Россия билан визасиз тартиб амал қилса-да, Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари ишлаш учун патент расмийлаштириши керак. Шунингдек, тиббий кўрикдан ўтиш, уй-жой ижараси ва транспорт харажатлари ҳам меҳнат мигрантлари учун қўшимча молиявий юк бўлмоқда.

Россия Молия университети профессори Александр Сафоновнинг таъкидлашича, Марказий Осиё мамлакатларида янги иш ўринлари яратилаётгани ва меҳнат мигрантлари Жанубий Корея, Хитой, Яқин Шарқ давлатлари ҳамда Европа Иттифоқи меҳнат бозорларига ҳам кўпроқ эътибор қаратаётгани ушбу тенденцияга таъсир қилмоқда.

Teglar

Mavzuga oid