Logo

Мирзиёев Марказий Осиё билан алоқаларни фаол илгари сураётган АҚШ сенатори билан учрашди

АҚШ ва Марказий Осиё ҳамда Жанубий Кавказ ўртасидаги стратегик алоқаларни изчил қўллаб-қувватлаб келган республикачи сенатор Стив Дейнс Тошкентга ташриф буюрди.

Мирзиёев Марказий Осиё билан алоқаларни фаол илгари сураётган АҚШ сенатори билан учрашди © Foto: president.uz

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 3 сентябрь куни АҚШ Конгресси сенатори, Сенатдаги Марказий Осиё бўйича кокус ҳамраиси Стив Дэйнсни қабул қилди. Учрашувда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш ҳамда парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати маълум қилди.

Музокаралар давомида сўнгги йилларда икки томонлама ҳамкорликни ҳар қачонгидан ҳам юқори даражага кўтаришга эришилгани, мулоқотлар ва делегациялар алмашинуви жадал суръат касб этгани мамнуният билан қайд этилган.

«Учрашув аввалида АҚШ сенатори давлатимиз раҳбари ва халқимизни мамлакат мустақиллигининг 35 йиллиги билан самимий табриклаб, тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тилади», — дейилади хабарда.

Иқтисодий лойиҳалар ва ҳудудлараро алоқалар

Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш масаласи томонлар эътиборидаги асосий йўналишлардан бири бўлди. Хабарга кўра, ҳозирги вақтда энергетика, муҳим минераллар, транспорт, қишлоқ хўжалиги, рақамли технологиялар ва саноат йўналишларида йирик лойиҳалар изчил амалга оширилмоқда.

Шунингдек, ҳудудлар ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Хусусан, сенатор вакили бўлган Монтана штати билан алоқаларни янада ривожлантириш истиқболларига алоҳида урғу берилди.

Бундан ташқари, «С5+1» форматидаги ҳамкорлик ҳамда халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Teglar

Mavzuga oid