Logo

«Муаммони сотиб оламиз» — Стратегик ислоҳотлар агентлиги бюрократияни камайтириш борасидаги таклифларга пул тўлайди

Bugun 16:503 daqiqa

Кеча, 21 сентябр куни Миллий контент маркази биносида Стратегик ислоҳотлар агентлиги ва Адлия вазирлиги масъуллари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди. Тадбирда «Бюрократиясиз Ўзбекистон» жамоатчилик ташаббуси лойиҳаси эълон қилиниб, унинг доирасида амалга ошириладиган ишлар ҳақида ОАВ вакилларига маълумот берилди. Бу ҳақда Vaqt.uz мухбири хабар берди.

«Муаммони сотиб оламиз» — Стратегик ислоҳотлар агентлиги бюрократияни камайтириш борасидаги таклифларга пул тўлайди

Жамоатчилик ташаббуси лойиҳаси ҳақида

Анжуманда маълум қилинишича, бошқарувдаги ортиқча тартиб-таомиллар, қоғозбозлик ва такрорланувчи талаблар — бюрократия ҳали ҳам сақланиб қоляпти. Хусусан, бугунги кунда давлат органларида 5 минг 650 та функция, бизнесни тартибга солувчи 42 мингдан зиёд мажбурий талаб ва 1 минг 41 та давлат хизмати мавжуд. Булар ортиқча талаб ва ҳужжатларни қисқартириш, хизматларни рақамлаштириш ҳамда инсон омилини камайтириш зарурлигини кўрсатмоқда.

«Ана шу жараёнда фуқаролар ва тадбиркорларнинг реал тажрибаси, улар дуч келаётган муаммолар ва фикрларини ўрганиш муҳим аҳамиятга эга. «Бюрократиясиз Ўзбекистон» жамоатчилик ташаббусининг асосий мақсади ҳам ватандошлар, тадбиркорлар давлат идораларига мурожаат қилганда дуч келаётган бюрократик тўсиқларни аниқлаш, уларнинг энг долзарбларини саралаш ва жамоатчиликдан келиб тушган таклифларни амалий ислоҳотларга айлантиришдан иборат», — деди Стратегик ислоҳотлар агентлиги директори ўринбосари Тоҳиржон Сафаров.

photo_2026-09-22_16-34-56

Унга кўра, лойиҳа доирасида фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари murojaat.byurokratiyasiz2030.uz электрон платформаси орқали ўзи дуч келган бюрократик тўсиқ ҳақида таклиф юбориши мумкин.

Ташаббус 2026 йил 21 сентябрдан 20 ноябргача давом этади. Бу даврда ҳар бир таклифда муаммонинг аниқ тавсифи, унинг оқибати ёки вақт ва ресурс йўқотиши, амалий ечим ҳамда имконият бўлса, тасдиқловчи далиллар кўрсатилиши керак.

Таклифлар қандай баҳоланади?

Агентликнинг Натижага эришишни бошқариш гуруҳи Лойиҳа офиси раҳбари Азиза Умаровага кўра, келиб тушган таклифлар соҳа экспертлари томонидан баҳоланади ва тасдиқланган таклифлар амалиётга киритилади. Жараённинг очиқлигини таъминлаш мақсадида эса танлов натижалари ва статистик маълумотлар реал вақт режимида акс этувчи платформа орқали жамоатчиликка тақдим этиб борилади.

Умарова шунингдек, ташаббус натижасида эришиладиган кутилмалар масаласига ҳам тўхталиб ўтди. Унинг айтишича, лойиҳа якуни билан:

●       давлат органларида энг долзарб бюрократик жараёнлар харитаси тузилади;

●       тезкор ҳал этиш мумкин бўлган масалалар бўйича қарорлар қабул қилинади;

●       норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиришлар киритиш ва давлат хизматларини рақамлаштириш бўйича режалар ишлаб чиқилади;

●       энг устувор таклифлар «Бюрократияни бартараф этиш – 2030» дастурининг йиллик режаларига киритилади.

photo_2026-09-22_16-35-08

Шунингдек, ташаббус орқали давлат органлари функцияларини 30 фоизгача қисқартириш, тадбиркорликка қўйиладиган мажбурий талабларни 20 фоизгача камайтириш ва электрон давлат хизматлари улушини 90 фоиздан ошириш режа қилиняпти.

«Муаммони сотиб оламиз»

Тадбирда агентлик директори ўринбосари Тоҳиржон Сафаров томонидан ташаббус доирасида 2030 йилгача янги таклиф ва муаммоларни илгари сурган мурожаатчиларни рағбатлантириш учун жами 3 млн доллар миқдорида мукофот пули ажратилгани ҳам маълум қилинди.

Унинг айтишича, маъқулланган таклифлар асосида жараёнларни соддалаштириш, рақамлаштириш ёки амалдаги тартибларга ўзгартириш киритиш чоралари кўрилади.

Тоҳиржон Сафаров шунингдек, «энг яхши» деб топилган лойиҳалар учун маблағ тақсимлаш ҳақида журналистлар томонидан берилган саволларга ҳам жавоб қайтарди. «Биз 2026 йил учун энг яхши 50 лойиҳани танлаб оламиз ва уларга жами 100 миллион сўм ажратилган. Қолган йиллар учун ҳам тўлов шу тарзда давом этади», – деди Сафаров.

Teglar

Mavzuga oid