Муддати ўтган маҳсулотларни сотганлик учун жарималар миқдори оширилиши мумкин
Сенат озиқ-овқат хавфсизлиги талабларини кучайтирувчи иккита қонун лойиҳасини маъқуллади.

Олий Мажлис Сенати 2-октябр куни озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигига оид иккита қонунни маъқуллади. Ҳужжатлардан бири озиқ-овқат хавфсизлигининг ҳуқуқий асосларини белгиласа, иккинчиси бу соҳадаги ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарликни кучайтиришни назарда тутади.
«Озиқ-овқат маҳсулотининг хавфсизлиги тўғрисида»ги қонун лойиҳаси аҳолини халқаро талабларга мос, хавфсиз маҳсулотлар билан таъминлашнинг ягона тамойилларини белгилайди. Унда тадбиркорларнинг маҳсулотларни хавфсиз ишлаб чиқариш, сақлаш ва муомалага чиқариш бўйича мажбуриятлари аниқлаштирилган.
Ҳужжат билан гигиена, яхши ишлаб чиқариш, чорвачилик ва қишлоқ хўжалиги амалиёти каби тушунчалар қонунчиликка киритилади. Шунингдек, озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги ваколатли давлат органининг вазифа ва ваколатлари белгилаб берилади.
Қандай талаблар киритилади?
Қонунга кўра, ҳайвонлардан олинадиган маҳсулотлар ҳамда хавфлилик даражаси юқори бўлган озиқ-овқат маҳсулотларига қўйиладиган талаблар ваколатли давлат органининг расмий сайтида эълон қилиниши керак. Бу талаблар ишлаб чиқарувчи ва сотувчилар учун очиқ бўлиши назарда тутилган.
Сенаторларнинг таъкидлашича, янги қоидалар аҳолининг сифатли ва хавфсиз озиқ-овқат билан таъминланиш ҳуқуқини кафолатлашга хизмат қилади. Шунингдек, маҳсулотларнинг рақобатбардошлиги ва маҳаллий озиқ-овқат саноатининг инвестициявий жозибадорлигини ошириш мақсад қилинган.
Иккинчи қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиришлар киритилади. Хусусан, яроқлилик муддати ўтган маҳсулотларни сотиш учун қабул қилиш ёки сотиш, шунингдек ишлаб чиқарилган сана ва яроқлилик муддати кўрсатилиши шарт бўлган маҳсулотларни бу маълумотларсиз реализация қилиш учун жавобгарлик кучайтирилади.
Амалдаги жарималар
Амалдаги тартибга кўра, яроқлилик муддати ўтган ёки яроқлилик муддати номаълум маҳсулотларни сотиш учун қабул қилганлик биринчи марта содир этилганда фуқароларга БҲМнинг 3–10 баравари, мансабдор шахсларга 7–10 баравари миқдорида жарима солинади. Ҳуқуқбузарлик ашёлари мусодара қилинади.
Агар худди шу қоидабузарлик бир йил ичида такрорланса, фуқароларга БҲМнинг 5–10 баравари, мансабдор шахсларга эса 10–20 баравари миқдорида жарима белгиланган. Янги ўзгаришлар ушбу соҳадаги жавобгарлик механизмларини янада кучайтиришга қаратилган.





