
Навоий халқаро аэропортига янги директор тайинланди
Директор этиб тайинланган Алишер Кличев олдин ҳам бу аэропортни бошқарган.
© Foto: navoi-airport.comАлишер Кличев «Навоий халқаро аэропорти» масъулияти чекланган жамияти директори этиб тайинланди. Бу ҳақда Навоий вилояти ҳокимлиги ахборот берди.
Маълум қилинишича, Алишер Кличев ушбу лавозимга авиация соҳасидаги катта тажрибаси инобатга олинган ҳолда тайинланган.
У бунга қадар «Ўзаэронавигатсия» маркази давлат унитар корхонасининг Телекоммуникация ва ахборот технологиялари бошқармаси бошлиғи сифатида фаолият юритиб келган.
Қайд этиш жоиз, Алишер Неъматуллаевич Кличев 2019 йил 11 декабрдан Навоий халқаро аэропортини бошқариб келган, аммо 2020 йил 22 октябрь куни лавозимидан озод этилган эди.
Янги тайинлов Шавкат Мирзиёев 2 феврал куни Навоий халқаро аэропорти фаолияти самарадорлигини ошириш ва авиация корхоналарини трансформация қилиш бўйича тақдимот билан танишганидан сўнг эълон қилинди. Тақдимот доирасида аэропортни ривожлантириш бўйича ишлаб чиқилган бизнес-режа ҳам намойиш этилди.
Ушбу режага кўра, тижорат ва ноавиатсия фаолияти кўрсаткичларини 50 фоизга ошириш, 25 тадан ортиқ авиакомпаниянинг доимий парвозларини йўлга қўйиш ҳамда қайта ишланадиган юк ҳажмини 20 минг тоннадан ошириш кўзда тутилган. Шунингдек, Навоий халқаро аэропортига марказлашган бошқарув тизимидан мустақил равишда маҳаллий ва хорижий авиакомпаниялар билан тўғридан-тўғри музокаралар олиб бориш ҳуқуқи берилиши режалаштирилган.





